Жаҳон | 08:40 / 30.05.2024
2606
3 дақиқада ўқилади

Гуржистоннинг 160 та нодавлат ташкилоти «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши чиқди

«Мамлакатимизда Россия қонунлари қўлланмайди», дейилади Гуржистондаги 160 ноҳукумат ташкилот ва оммавий ахборот воситаларининг қўшма баёнотида.

Фото: Giorgi Arjevanidze/AFP/Getty Images

«Гуржи халқи ўзининг Европадаги келажагини ҳимоя қилишга қатъий қарор қилди ва шундай қилишда давом этади, улар ҳеч қачон Россия таъсири остида яшашга рози бўлмайди», — дейилади Гуржистондаги 160 нодавлат ташкилот ва оммавий ахборот воситаларининг хорижий таъсирнинг шаффофлиги ҳақидаги қонунга қарши қўшма баёнотида. Гуржистоннинг Interpressnews портали 29 май, чоршанбага ўтар кечаси ушбу баёнотдан парчаларни эълон қилди.

Ҳужжат муаллифларига кўра, Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонуни ўхшаши бўлган қонунни қабул қилиш билан Гуржистон ҳукумати «фуқаролик секторини бузмоқчи бўлган», аммо мисли кўрилмаган бирдамлик ва тинимсиз қаршиликка дуч келган.

«Мамлакатимизда Россия қонунлари қўлланмайди. У ҳеч ким эргашмайдиган қоғоз бўлиб қолади!» - таъкидлайди имзо чекканлар. Уларнинг нуқтайи назарига кўра, Гуржистоннинг амалдаги расмийлари ўз мамлакатида «билимга, халқаро обрўга, фуқаролик тартиби ва тинчлигига атайлаб хавф туғдирган». «Бизнинг норозилик ва курашимиз қонун бекор қилинмагунча давом этади», - деб ваъда қилмоқда ҳужжат муаллифлари.

Баёнотга имзо чекканлар янги қонунда назарда тутилганидек, Адлия вазирлигининг махсус реестрида рўйхатдан ўтмасликларини аниқ кўрсатган.

«Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун

Гуржистон парламенти 14 май куни мамлакатда давом этаётган оммавий норозилик намойишлари фонида «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси апрел ойида парламентга киритганидан буён ушбу ҳужжат мухолифат кучларининг ўта салбий муносабатини уйғотди, улар уни ҳукумат назорати остида бўлмаган ноҳукумат ташкилотлар ва мустақил оммавий ахборот воситаларини «тўғирлаш»га қаратилган деб ҳисоблайдилар.  Мамлакат президенти Саломе Зурабишвили 18 май куни ушбу қонунга вето қўйган. 

10 кундан сўнг Гуржистон парламенти кўпчилик овоз билан президентнинг ветосини енгиб ўтди ва ниҳоят қонунни маъқуллади. 150 депутатдан 84 нафари ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясидан бу қарорни ёқлаб овоз берди. Фақат тўрт нафар парламентарий қарши чиқди. Президент ветосининг бекор қилиниши кутилган воқеа эди, чунки «Гуржистон орзуси» ва у билан ҳамкорлик қилувчи партиялар парламентда кўпчиликни ташкил этади. 

Европа Иттифоқи, АҚШ ва Европа кенгаши Гуржистон ҳукуматини ушбу қонунни қайтариб олишга чақириб, унинг қабул қилиниши Гуржистоннинг ЕИга йўлини ёпиб қўйиши тўғрисида огоҳлантирди. Қўшма Штатлар янги қонун тарафдорларига нисбатан виза чекловлари жорий этилгани ва Гуржистон билан ҳамкорликни ҳар томонлама кўриб чиқишини эълон қилди. 

Мавзуга оид