09:21 / 07.06.2024
2519

Гуржистондаги «чет эл агентлари» тўғрисида қонун: АҚШ санкцияларни эълон қилди

АҚШ санкциялари рўйхатига «Гуржистон орзуси»нинг бир неча ўнлаб сиёсатчилари ва депутатлари, шунингдек, намойишларни тарқатиш учун масъул хавфсизлик кучлари киритилган. Бу фақат биринчи қадам, деб хабар берди Давлат департаменти.

Фото: AP

Қўшма Штатлар Гуржистоннинг бир неча ўнлаб амалдорларига қарши санкциялар жорий этилганини бу мамлакат парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни қабул қилгандан кейин эълон қилди. АҚШ Давлат департаментининг 6 июн, пайшанба куни маълум қилишича, санкциялар рўйхатига ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси, қонунни қабул қилган парламент аъзолари, шунингдек, намойишчиларни тарқатиб юборишга масъул ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари киритилган

Брифингда санкциялар ҳақида эълон қилар экан, департамент Мэттю Метю Миллер аниқ исмларни айтмади, аммо «бир неча ўнлаб» одамлар аксилдемократик ҳаракатлар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарликка тортилишини таъкидлади. 

«Бу ҳаракатлар Гуржистоннинг Европа келажагига путур етказиш хавфи бор ҳамда Гуржистон Конституцияси ва халқининг хоҳиш-истакларига зиддир», - дея таъкидлади Миллер. Унинг сўзларига кўра, санкциялар фақат биринчи қадамдир. Гуржистон ўз йўналишини ўзгартирмаса, янги жазоларга дуч келади, дея қўшимча қилди у. 

Гуржистонда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 

Гуржистон мухолифати Россиянинг «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунининг нусхаси деб атайдиган «Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида»ги қонун июн ойи бошида кучга кирди. Гуржистон парламенти раиси Шалва Папуашвили уни фуқаролар ва мухолифат кенг кўламли норозиликлари, шунингдек, президент Саломе Зурабишвилининг вето қўйганига қарамай, 3 июн куни имзолади.

Қонун кучга киргандан сўнг, Гуржистон Адлия вазирлиги 60 кун ичида барча меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиши ва 20 фоиздан ортиқ маблағни хорижий манбалардан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат рўйхатидан ўтиши шарт бўлган электрон портал яратиши керак. 

Аксарият онлайн-ОАВ ва ННТ қонун билан қамраб олинади

«Эхо Кавказа»нинг қайд этишича, Гуржистон онлайн-ОАВ ва асосан Ғарб жамғармалари билан ишловчи ноҳукумат ташкилотлари катта қисми ушбу талаб остида қолади. Ҳужжат муаллифларининг таъкидлашича, унда репрессив чоралар мавжуд эмас ва нотижорат сектордаги ташкилотлар фаолияти шаффофлигини оширишга қаратилган. Улар, шунингдек, янги қонун Россия эмас, Америка қонунчилиги нормаларини такрорлайди, деб даъво қилмоқда. 

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти қонун қабул қилинса, Гуржистон билан муносабатларни ҳар томонлама кўриб чиқиши тўғрисида огоҳлантирди. Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг қатор давлатлари агар ҳужжат имзоланса, Гуржистонни ЕИ аъзолигига номзод мақомидан маҳрум қилиш ва Тбилиси билан визасиз режимдан воз кечишга чақирди. 

Top