16 ёшга тўлганларга мопед ва скутерларни гувоҳномасиз бошқаришга рухсат берилиши мумкин
Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳайдовчилик гувоҳномаларининг кичик тоифаларини жорий этишни таклиф қилмоқда. Агентликка кўра, 16 ёшга тўлган шахсларга тезлиги 50 км/соатдан ошмайдиган енгил мототранспорт воситаларини гувоҳномасиз бошқаришга рухсат берилиши, айрим турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишда автомактабда ўқиш мажбурияти бекор қилиниши керак.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги транспорт воситаларини бошқаришга оид тизимни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқди.
Агентликнинг қайд этишича, транспорт воситаларининг турлари кўпайиб бораётган бугунги кунда уларни бошқаришга оид масалалар мукаммал тартибга солинмаган бўлиб, амалиётда битта гувоҳнома билан бир нечта турдаги транспорт воситасини бошқариш имконияти мавжуд.
Бу эса, ўз навбатида, тажрибаси бўлмаган шахслар ва ёшларга катта вазндаги ёки тезюрар транспорт воситаларини бошқариш имкониятини бериб, йўл-транспорт ҳодисалари юз бериши хавфини оширади.
Масалан, кам қувватли скутер, квадроцикл ёки тезюрар мотоциклни (150 км/соатдан ортиқ) бошқаришда сезиларли фарқ мавжудлигига қарамасдан, “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олган 16 ёшли фуқаро мазкур транспорт воситаларининг барчасини бошқариш ҳуқуқига эга бўляпти.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳозирда ҳайдовчилик гувоҳномаларининг “A”, “B”, “C”, “D”, “BE”, “CE” ва “DE” тоифалардаги мавжуд. Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳайдовчилик гувоҳномаларининг қуйидаги кичик тоифаларини ҳам жорий қилишни таклиф этмоқда:
- “А1” – мототранспорт воситалари (иш ҳажми 50 см кубдан 125 см кубгача бўлган), шу жумладан худди шундай тавсифларга эга бўлган мопед, скутерлар. Яъни “А1” тоифадаги гувоҳнома (мопед ва скутерлар) 16 ёшдан, “А” тоифадаги (тезюрар мототцикллар) гувоҳнома 18 ёшдан берилади.
- “B1” – трицикл ва квадрицикл (квадроцикл);
- “C1” – 3 500 кгдан ортиқ ва 7 500 кггача бўлган автотранспорт воситалари;
- “D1” – 8 дан ортиқ ва 16 дан кўп бўлмаган ўриндиққа эга йўловчи ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари.
“Мазкур тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларининг жорий этилиши натижасида ҳайдовчиларни тайёрлаш жараёни соддалашади, муддатлар қисқаради, ёшга доир талаблар эса табақалаштирилади. Хорижий тажрибани ўрганиш давомида кичик тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари Россия, Қозоғистон, Ветнам каби давлатларда жорий этилгани маълум бўлди”, – дейилади СИА ахборотида.
Агентлик юқоридагиларни ўз ичига олган “Транспорт воситаларини бошқаришга оид тизимни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳасини ишлаб чиққан.
Таъкидланишича, аҳолига маҳсулот етказиб бериш хизматларини кўрсатишда мопед ва скутерлар қулай транспорт воситаси ҳисобланиб, улар энергия нуқтайи назаридан тежамкор, тирбандликлар юзага келган шароитларда ҳам тезкор фаолият кўрсатиш имкониятига эга. Мопед ва скутерлар воситасида етказиб бериш хизматлари ҳажми ошиб боряпти.
Ҳозирда мототранспорт воситалари сони тахминан 50 000 тани ташкил қилади. Шунингдек, республикада мопед ва скутерларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бундай транспорт воситалари 2023 йилда 9 300 та дона ишлаб чиқарилган.
Енгил мототранспорт воситаларини 2024 йил 1 январга қадар ҳайдовчилик гувоҳномаларини олмасдан бошқаришга рухсат берилган эди. Ҳозирда бу муддат якунига етгани сабабли барча енгил мототранспорт воситалари ҳайдовчилари ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга мажбур бўлмоқда.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги енгил мототранспорт воситаларини (тезлиги 50 км/соатидан юқори бўлмаган) 16 ёшга тўлган шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномаларини олмасдан бошқаришга рухсат беришни таклиф қилмоқда.
Бу борада ўрганилган хорижий тажрибадан кўринишича, Виетнам қонунчилигига асосан, иш ҳажми 50 см кубгача бўлган ички ёнув двигателига эга бўлган мототранспорт воситаларини 16 ёшдан бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномасини олмасдан бошқаришга рухсат берилган.
Бундан ташқари, ҳозирги вақтда “В” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳонга кириш учун мажбурий тартибда махсус курслардан ўтганлик тўғрисида ҳужжат тақдим этиш зарур. Ушбу курслардан ўтиш маълум вақт ва ортиқча харажатларни талаб қилади.
Мисол учун, “В” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун махсус курсларда ўртача 3–6 ой давомида тайёргарликдан ўтилади ҳамда 1,5–2 млн сўм харажат қилинади.
Хорижий тажрибага кўра, АҚШ, Канада, Япония, Жанубий Корея ва Қозоғистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳонларга талабгорлар мустақил равишда тайёрланиб киришларига рухсат берилган.
Бу масалага СИА таклиф этаётган ечимга кўра, “А”, “А1”, “Б” ва “Б1” тоифалардаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун талабгорлар ўзлари тайёрланиб, имтиҳон топширишига рухсат берилиши керак.
Мазкур тартибга кўра талабгорнинг транспорт воситасини бошқаришга тайёрлиги имтиҳон орқали аниқланади ва аҳолида махсус курсларни ўташ учун сарфланадиган вақт ва харажатлар тежалади, дейилади агентлик изоҳида.
Мавзуга оид
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
17:02 / 12.11.2024
Пискентда ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида қарийб 16 минг туп олхўри дарахти ёниб кетди
14:15 / 12.11.2024
БАА ўзбекистонлик ҳайдовчиларни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда
07:30 / 05.11.2024