АҚШ президенти Жо Байден Ғазо секторида оташкесим режасини эълон қилди. ҲАМАС бу таклифни олқишлади, Нетаняҳу кабинетида эса мунозара давом этяпти. “Геосиёсат” Ғазо атрофидаги сўнгги воқеликларни сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Бектош Бердиев билан таҳлил қилди.

Президент Байден Ғазода урушни тўхтатиш учун қандай таклифларни айтди?

Бектош Бердиев: — Байден томонидан Ғазо учун, бир вақтнинг ўзида Исроил учун ҳам муҳим бўлган режа таклиф қилинди.

Биринчи босқичда 6 ҳафта ичида Исроил қўшинлари Ғазодаги аҳоли пунктларидан олиб чиқилади. Асирлар алмашинуви муҳим ўрин тутади бунда. Исроиллик аскарларнинг ҲАМАС томонидан асир олиниши фонида Исроил шунчаки гумонланаётган шахсларни ҳам асирга оляпти ва икки томоннинг бир-бирига нафратини кучайтиряпти. Байденнинг бу таклифи ҲАМАСга ҳам маъқул келди.

Иккинчи босқичда Исроил бутунлай Ғазони тарк этиши ва асирлар алмашинуви якунланиши керак.

3-5 йил давом этадиган учинчи босқичда эса Ғазо қайта тикланади. Ижтимоий, сиёсий инфратузилмани қайта тиклаш катта маблағ талаб қилади.

Бу режанинг муҳимлиги шундаки, бу Исроил олиб бораётган ҳарбий сиёсатнинг муваффақиятсиз бўлганини билдиради. Исроил бошида жуда баландпарвоз гапирганди. Тинч аҳоли ўлиши Исроилга халқаро босимни келтириб чиқариши билан бирга, АҚШга нисбатан бутун мусулмон дунёси нафратини қўзитяпти. Шунинг учун Байден томонидан бу режа илгари сурилиши маъқул иш, сайлов олдидан бўлгани сиёсий очко ишлаш учун ҳам.

Байден таклифининг иккинчи босқичида Ғазода муддатсиз ўт очишни тўхтатиш ҳақида айтган, бу келишув амалга ошса ҳам лекин муддатсиз дейиш қанчалик реалликка мос?

Камолиддин Раббимов: — Яқин Шарқдаги масалаларнинг узил-кесил ечими эмас бу, фақат урушни тўхтатиш ҳақида гап кетяпти. Нетаняҳу ҳукумати бу режага ишончсизлик билдирди, лекин расмий даражада эмас. Яъни Нетаняҳунинг ўзи биз ўз йўлимиздан қайтмаймиз, демади, балки унга яқин шахслар биз ҲАМАСни йўқ қилишимиз керак, деди. Байден лойиҳани эълон қилаётганда Исроил вазиятини юмшатиш учун ҲАМАС 7 октябрдаги каби ҳужум қилолмайди, Исроил мақсадига эришди, деди.

Бугун АҚШга глобал босим катта. Дунёда кучлар ўртасида кураш кетяпти, ҳар бир давлатнинг глобал легитимлиги мавжуд бўлади ёки бўлмайди, бир давлатни адолатли деб биладими ёки зулмни қўлловчи, деб биладими, деган масала бўлади. Исроилнинг ҳаракатлари сабаб АҚШнинг глобал репутациясига путур етди. Акс садоси Украинага ҳам етди ва Зеленский Фаластин давлати тузилиши тарафдори эканини айтди. Зеленский мана шундай мувозанатни тикламагунча унга босимлар бўлаверди, АҚШга ҳам шундай босимлар бўляпти.