23:13 / 05.06.2024
4185

Boeing компаниясининг Starliner космик кемаси коинотга муваффақиятли учирилди

Олдинги икки уриниш техник носозликлар сабабли бекор қилинган эди. 

Фото: Getty Images

Boeing корпорацияси Starliner космик кемасини Халқаро космик станцияга (ХКС) муваффақиятли учирди. Бу ҳақда BBC хабар берди. 

Бу Atlas V ракета ташувчиси томонидан Starliner ва унинг экипажини коинотга учириш бўйича учинчи уриниш ҳисобланади. Олдинги икки уриниш техник носозликлар сабабли бекор қилинган эди. 

Кема бортида NASA астронавтлари Батч Уилмор ва Сунита Уилямс бор. Парвоз тахминан бир сутка давом этиши кутилмоқда. Бу вақт ичида астронавтлар кеманинг турли тизимларини синаб кўриши, хусусан, кемани қўлда бошқариши лозим бўлади.

Астронавтлар станцияда саккиз кун бўлади. Бу давр оралиғида ҳам синовлар давом этади, чунки экипаж Starliner капсуласидан ХКСда муаммолар юзага келганда бошпана сифатида фойдаланиш имкониятини аниқлаши керак. Кейин эса, кема АҚШ Ню-Мексико штатига қўниши лозим.

1 июн куни бўлиб ўтган аввалги уриниш ҳавога кўтарилишдан тўрт дақиқа олдин тўхтатилди. Маълум бўлишича, электр таъминотидаги носозлик туфайли муаммо юзага келган.

6 май куни биринчи парвоз Atlas V ракетасидаги клапан носозлиги сабабли бекор қилинган эди. 

Starliner дастури кўп йиллик кечикишларни бошдан кечирди ва бу пайтда Boeing сўнгги йилларда йўловчи самолётларининг хавфсизлиги билан боғлиқ танқидларга дуч келди. 

NASA Boeing компаниясини ХКС сари экипажларни етказиш бўйича иккинчи тижорат оператори сифатида сертификатлашни истайди. Илон Маскнинг SpaceХ компанияси аллақачон буни амалга оширмоқда.

Top