10:36 / 06.06.2024
2600

Берлинда ILA-2024 авиасалони очилди

Бу йилги авиасалоннинг асосий мавзулари иқлим нейтраллиги, рақамлаштириш ва таъминот занжири барқарорлиги бўлди. Очилишда сўзга чиққан канцлер Германия мудофаа саноатини кенгайтиришга ваъда берди. 

Фото: Wolfgang Kumm/dpa/picture-alliance

5 июн, чоршанба куни Берлинда Халқаро аэрокосмик кўргазма (ILA-2024) очилди, унда 31 мамлакатдан 600 га яқин иштирокчи авиация технологиялари соҳасидаги янги ишланмаларни тақдим этади. Бу йилги авиасалоннинг асосий мавзулари иқлим нейтраллиги, рақамлаштириш ва таъминот занжири барқарорлиги бўлди. 

Тадбирда бошқалар қаторида федерал канцлер Олаф Шолц, транспорт вазири Фолкер Виссинг ва иқтисодиёт вазири Роберт Хабек сўзга чиқди. 

Шолц Германияда мудофаа саноатини кенгайтиришга ваъда берди 

«Бугун биз барча асосий қуроллар ва зарур ўқ-дориларни узлуксиз ишлаб чиқаришга қодир бўлган Европа ва Германия мудофаа саноатига эга бўлиш қанчалик муҳимлигини ҳар қачонгидан ҳам аниқроқ кўриб турибмиз», — дея канцлернинг сўзларидан иқтибос келтирган dpa ахборот агентлиги. Шолц сўзларига кўра, мудофаа саноатини ривожлантириш бўйича олдинги эҳтиёткорлик сиёсати энди «тугади». Россиянинг Украинага ҳужуми Германияга «хавфсизлик сиёсатининг янги воқелигини» кўрсатди, деди сиёсатчи. 

Шолц ҳозирда ишлаб чиқилаётган 38 та жанговар самолётга қўшимча равишда Германия ҳарбий-ҳаво кучлари учун яна 20 та Eurofighter қирувчисини сотиб олиш ниятида эканлигини маълум қилди. 

Airbus янги УУА моделини тақдим этади 

Европанинг Airbus корпорацияси авиасалонда Eurofighter қирувчисига парвоз вақтида ҳамроҳлик қиладиган дроннинг янги моделини тақдим этади. Режага кўра, қирувчи самолёт бортидаги учувчи томонидан бошқариладиган дрон «хавфли миссияларни бажариши» мумкин, деб тушунтирди Airbus. 

Транспорт вазири: Авиасаноатдаги технологик чекловлар - Германия учун «заҳар» 

Авиасалоннинг очилишида Германия транспорт вазири Фолкер Виссинг немис авиацияси «иқлимни муҳофаза қилиш бўйича жаҳон етакчиси ва углеродсиз ҳаракатланиш, автоном транспорт воситалари ва ҳаво таксилари соҳасида биринчилардан» эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Германия ушбу «биринчиликни» сақлаб қолишда давом этиши керак. Виссинг, шунингдек, авиасаноат билан боғлиқ технологик чекловлар ҳақидаги мунозараларни бизнес юритиш жойи сифатида Германияга «заҳар» деб атади. 

Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабек немис авиациясини иқлим бетарафлигига йўналтиришга чақирди. Иқлимни муҳофаза қилиш «янги рақобатбардош технологиялар билан» иқлимнинг ўзи учун имтиёзлардан ташқари, «Олмонияда юқори технологиялар соҳасида ривожланишни, қўшимча қиймат яратиш ва яхши иш билан бандликни таъминлайди», деб тушунтирди Хабек. 

Top