23:32 / 07.06.2024
16588

“Док-1 Макс”ни ишлаб чиқарган компания раҳбарлари ҳамон озодликда қолмоқда

Ўзбекистонда камида 68 боланинг ўлимига олиб келган “Док-1 Макс” сиропининг ишлаб чиқарувчиси – Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси таъсисчилари ва директорлари – Сачин Жаин ва унинг хотини Жая Жаин Ўзбекистон томонидан Интерпол қидирувига берилган бўлса-да, БАА пойтахти Абу-Дабида қўлга олиниб, кўп ўтмай қўйиб юборилган.

2022 йилда Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” йўтал сиропини ичиш оқибатида Ўзбекистонда камида 68 нафар бола ҳалок бўлди, 16 нафар бола эса ногирон бўлиб қолди.

Текширувлар бу ишлаб чиқарувчининг “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сироплари таркибида пропиленгликол ўрнига ёки у билан бирга диэтиленгликол (ДЭГ) ва этиленгликол (ЭГ) заҳарли моддалари борлигини кўрсатди.

Шундан кейин 2024 йил январида Ҳиндистон ҳукумати Marion Biotech заводида ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатди ва компания лицензиясини бекор қилди. 2023 йилнинг 3 март куни Ҳиндистон полицияси мазкур фармацевтика компаниясининг ишлаб чиқариш бўйича директори ва икки нафар кимёгарини ҳибсга олади. Қолган икки директор “мамлакатдан ташқарида экани ва Ҳиндистонга қайтиши биланоқ қамоққа олиниши” маълум қилинади.

Press Trust of India агентлиги хабарига кўра, уларга нисбатан Ҳиндистон Жиноят кодексининг 274- (Дори воситаларини қалбакилаштириш), 275- (Қалбаки дори воситаларини сотиш) ва 276- (Дори воситаларини бошқа дори ёки доривор маҳсулот сифатида сотиш) моддалари бўйича иш қўзғатилган.

Ўзбекистонда “Док-1 Макс” иши бўйича давом этаётган апелляция инстанцияси судининг 7 июн кунги мажлисида бу иш бўйича яна айрим тафсилотлар аён бўлди.

Аввало айтиш лозимки, Marion Biotech компаниясининг бош идораси Ҳиндистоннинг Уттар Прадеш штатидаги Ноида шаҳрида жойлашган. Компания 1999 йилнинг 21 майида рўйхатга олинган.

Ҳиндистон Корпоратив ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, болалар ўлими содир бўлган пайтда Marion Biotech'нинг асосий улушдорлари Сачин Жаин ва унинг хотини Жая Жаин бўлган. Улар таъсисчи бўлиш билан бирга, 2011 йил 8 апрелдан ҳозиргача бошқарувчи директор сифатида ҳам фаолият олиб боради.

Мазкур икки шахс Marion Biotech'дан ташқари яна 23та бошқа компанияларда ҳам улушдор бўлган.

Сачин Жаин 1972 йил Ҳиндистонда туғилган. 2023 йилнинг 4 май куни Ўзбекистон ДХХ томонидан қидирувга берилган. Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномасига биноан, Сачинни сиртдан қамоққа олиш ҳақида хулоса қилинган. Шундан келиб чиққан ҳолда, у 2023 йилнинг 10 май куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг ёпиқ суд мажлисида бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб, одамлар ўлимига сабаб бўлган сифатсиз дори воситаларини олиш, сақлаш, ташиш ва ўтказиш жиноятларини содир этишда айбланиб, сиртдан судланган ва унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш белгиланган.

Шундан сўнг, Сачин Жаин Интерпол қидурувига берилади ва кўп ўтмай БААда қўлга олинади. 2023 йилнинг 2 август куни Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига Интерполдан Сачин Жаин Абу-Дабида қўлга олингани тўғрисидаги ахборот, шу жумладан, экстрадицияга оид материалларни тақдим этиш тўғрисидаги сўров келиб тушади. Ўзбекистон органлари шу куннинг ўзида Абу-Даби Интерпол миллий марказий бюросига сўралган материалларнинг араб тилидаги таржималари тайёр бўлгунга қадар фойдаланиб туриш учун инглиз тилидаги нусхаларини юборади. Араб тилига ўгирилган ҳужжатлар эса экстрадиция жараёнини ташкил этиш учун Абу-Даби Интерпол ММБга 10 август куни юборилган.

Шундан кейин, орадан 3 ой ўтиб, 2023 йил 18 ноябрда Ўзбекистон ҳуқуқ органлари Абу-Даби Интерпол миллий марказий бюросига Сачин Жаиннинг БААдаги ҳолати юзасидан сўров юборган. Сўровга берилган жавобда эса “БААнинг тегишли органларига сўралган маълумотлар тақдим этилмагани сабабли” Сачин Жаинга нисбатан қидирув ва қўйилган чекловлар бекор қилингани билдирилган.

Натижада ўта оғир жиноятчи ҳали ҳам озодликда қолмоқда. Ўзбекистон ҳуқуқ органлари томонидан судга берилган маълумотда қидирув ишлари давом этаётгани айтилади.

Ҳиндистонда ҳолат юзасидан “Marion Biotech Private Limited” (ишлаб чиқарувчи) ва “Maya Chemtech India Pvt.” (ишлаб чиқарувчига дорининг таркибий қисмини етказиб берган таъминотчи) раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Ҳиндистоннинг “Дори воситалари ва косметика тўғрисида”ги қонуни 17(а) ва 17(б) моддаларига асосан инсон хаётига хавфли ва жиддий зарар етказиши мумкин бўлган сифатсиз, сохта ва қалбаки деб топилган дори воситаларини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича айблов эълон қилинган.

Ҳиндистондаги жиноят иши доирасида айблов эълон қилинган шахслар:

  • “Marion Biotech Pvt. Ltd.”;
  • Сачин Жаин, директор ва компания таъсисчиси;
  • Жая Жаин, Сачин Жаиннинг турмуш ўртоғи, директор;
  • Тухин Бхаттачарья, операция раҳбари;
  • Атул Рават, кимёгар-ишлаб чиқарувчи;
  • Мул Сингх, кимёгар-таҳлилчи;
  • “Maya Chemtech India Pvt.”;
  • Мегх Шарма, директор;
  • Нилам Верма, директор.

Эътиборлиси, юқоридаги шахсларга нисбатан қўйилган айблов Ҳиндистон қонунчилигига мувофиқ оғир бўлмаган, яъни санкциясида минг рупий (152 минг сўм) жарима ва (ёки) 6 ойгача қамоқ жазосини назарда тутади.

ОАВда тарқалган бу маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида 2023 йил март ойида Ўзбекистон тергов органлари Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ҳиндистон ҳукуматига тегишли сўровнома юборган. Аммо 2024 йил март ойи ҳолатига, юқоридаги сўровномага ҳеч қандай жавоб қайтарилмаган.

Kun.uz ҳам мазкур жиноят иши бўйича Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига сўров юборган, аммо сўров жавобсиз қолганди.

Top