Жаҳон | 09:36 / 15.06.2024
2824
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Германия туфайли Россияга қарши санкцияларнинг 14-пакети бўйича келиша олмади

Германия Европа компанияларининг санкцияларни бузгани учун жавобгарлиги тўғрисидаги банддан қониқмади, деб ёзади Reuters Европа Иттифоқи дипломатларига таяниб.

Фото: AP

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 14-пакети бўйича Германияни Европа компанияларининг жазо чораларини бузгани учун жавобгарлиги тўғрисидаги банд қаноатлантирмагани боис келиша олмади. Бу ҳақда 14 июн, жума куни европалик дипломатларга таяниб, Reuters агентлиги хабар берди. Россияга қарши жазо чораларининг навбатдаги муҳокамаси 19 июнга белгиланган.

Европа Иттифоқи 27 давлатининг расмий вакиллари бир ойдан ортиқ вақт давомида Россия Федерациясига қарши янги санкциялар пакетини муҳокама қилишди. У, хусусан, Россиянинг суюлтирилган табиий газини (СТГ) қайта юклашни тақиқлаш ва Европа Иттифоқи операторларини учинчи мамлакатлардаги шуъба корхоналари ҳамда ҳамкорлари томонидан санкцияларни бузгани учун жавобгарликка тортиш режасини ўз ичига олади, дея қайд этади Reuters.

Европа Иттифоқи Украинадаги ҳарбий можарони ҳал қилиш бўйича тинчлик саммити бошланишидан олдин Россия Федерациясига қарши 14-санкция пакети маъқулланганини эълон қилиши кутилган эди. Бироқ, Reuters манбаларига кўра, Германия немис саноатига потенциал таъсири туфайли субсидиар жавобгарлик бандига эътироз билдирган.

Dpa манбаси: Германия - «янги Венгрия»

Германия ҳукумати ЕИнинг Россияга қарши янги санкциялар пакети бўйича музокараларини кечиктирмоқда, у G7 саммити бошланишига қадар тасдиқланиши керак эди. Бу ҳақда 13 июн куни мустақил равишда dpa ва AFP агентликлари Брюсселдаги дипломатларга таяниб хабар берди. Янги пакет Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми учун жорий қилинган мавжуд чекловларни четлаб ўтишига йўл қўймаслик мақсадида ишлаб чиқилган.

Хусусан, Германия айрим товарларга нисбатан санкциялар бузилган тақдирда шуъба корхоналарни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги бандни чеклаш ёки ҳатто йўқ қилишга чақирмоқда, чунки акс ҳолда «немис компаниялари жавобгарликка тортилиши мумкин», дея таъкидлайди dpa.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид