Жаҳон | 17:32 / 18.06.2024
9641
6 дақиқада ўқилади

Исроилда ҳарбий кабинет тарқатилди: бу Нетаняҳунинг жазавасими ёки айёрлиги?

Душанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАСнинг ҳужумидан кейин ва Ғазода уруш бошланишидан аввал тузилган ҳарбий кабинетни тарқатиб юборди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу. Фото: nyt.com

Исроилнинг ҳукумат доираларида айтилишича, 9 июн куни кабинетни унинг икки муҳим аъзоси — генерал Бенни Ганц ва Бош штабнинг собиқ раҳбари, Нетаняҳунинг сиёсий рақиби генерал Гади Айзенкот тарк этганидан сўнг бу кутилаётган ҳолат бўлган.

Уларнинг ҳар иккиси марказчи сиёсатчи бўлиб, мамлакатдаги фавқулодда ҳарбий вазият шароитида Нетаняҳунинг ҳарбий кабинетига киришга розилик беришган. Умуман, ҳарбий кабинет олти киши — собиқ ва амалдаги олий рутбали ҳарбийлардан иборат бўлган.

Ганцнинг баёнот беришича, у Нетаняҳуда Ғазодаги ҲАМС режимини ўзгартириш бўйича бирорта стратегия йўқлиги учун кабинетни тарк этган. Унинг сўзларига кўра, Исроил бош вазирини гаровда ушлаб турилганларни қутқариш эмас, кўпроқ ўзининг сиёсий кариераси ташвишлантиради.

Бугунга келиб Нетаняҳу АҚШ президенти Жо Байден томонидан икки ҳафтача аввал ўт очишни тўхтатиш ва гаровда ушлаб турилганларни қайтариш бўйича таклиф этишган режани қўллаб-қувватламаган.

Исроиллик экспертларга кўра, Бибининг коалициядаги ҳаммаслаклари ултраўнг миллатчи сиёсатчилар Бецалел Смотрич (молия вазири) ва Итамар Бен-Гвир (миллий хавфсизлик вазири) агар у Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатса ҳукуматни барбод қилиш билан таҳдид қилишган.

Бенни Ганц шу йилнинг кузида навбатдан ташқари умуммиллий сайловлар ўтказиш ва ҳокимиятдаги мўътадил ўнглар ва марказчиларни (бундайлар унчалик кўп эмас) унинг таклифини қўллаб-қувватлашга чақирган.

Хусусан, у Исроил мудофаа вазири Йоав Галлантга мурожаат қилиб, уни ҳам ўзи каби ҳарбий кабинетга тарк этишга чақирган. Бироқ Нетаняҳу воқеаларнинг келгусидаги ривожланишининг олдини олиб, кабинетни ўзи тарқатиб юборган. 

У нега бундай қилди?

Нетаняҳу ўзининг нуқтайи назарини қабул қилмайдиган Бенни Ганц ва бошқараларни мағлублар кайфиятида эканликда айблаб келади..

Унинг сўзларига кўра, Ганц халқаро босимга бардош бера олмаган ва кабинетни тарк этиши билан мураккаб қарорлар қабул қилишдан қочиб қолган.

«Уруш кампаниясига раҳбарлик қилаётган, тўлиқ ғалабадан бошқа ҳар қандай шартга муросасиз бош вазир Нетаняҳуга ақл ўргатиш Ганцга қолгани йўқ», — дейилади «Ликуд» партияси баёнотида.

Исроил ҳарбий кабинети. Фото: Исроил мудофаа вазирлиги

Бенни Ганцнинг ҳамда унинг мўътадил ёндашуви тарафдорлари узоқ муддатли истиқболда бирор бир аниқ тасаввури бўлмаган Нетаняҳу буни тушуниши ва шу сабабли «жазавага тушаётгани»ни айтишган.

«Келажакда уруш баённомалари очилади ва жамоатчилик ким депсиниб қолгани, ким ҳақиқий ғалабага интилганини билиб олади», — дея баёнот берган мухолифатдаги сиёсатчилар гуруҳи.

Умуман олганда, ҳарбий кампания мақсадларига турлича нуқтайи назарлар туфайли ҳарбий кабинет таркиби аввал бошдан самарали иш кўрсатиши шубҳа остига олинаётган эди.

Бироқ, исроиллик таҳлилчиларда Бибининг кабинетни тарқатию юбориш қарорига яна бир эҳтимолли тушунтириши бор.

Уларнинг фикрича, Нетаняҳу бўшаб қолган ўринга ўзининг коалиция бўйича ултраўнг ҳамкорлари Смотрич ва Бен-Гвир ўтириб олмаслиги учун бу ишга шоша-пиша қўл урган.

Нетаняҳу ҳукумати мавжудлигининг ўзиёқ уларнинг эркаликларини нечоғлик кўтаришига боғлиқ бўлиб турибди. Бу ишни у ҳукуматда улар сўраган портфелларни беришдан бошлаган.

Шундай қилиб, молия ва ички хавфсизлик масалалари Фаластин ҳудудларида яҳудий манзилгоҳларини кенгайтириш ҳамда ҳар қандай ҳудудий ён бериш ва ички сиёсий муросани рад этиш тарафдорлари қўлига ўтиб қолган.

Лекин уруш — бу бошқа масала. Бу ерда Нетаняҳу ултраўнглар унга ҳарбий стратегларни босиб ўтиб, ҳаракатлар кетма-кетлигини буюриб туришига йўл қўйиб бера олмайди.

Бундан ташқари, Биби Вашингтоннинг айтганлари унга чикор эканини кўз-кўз қилишни яхши кўрса-да, аслида сўнгги ҳафталарда кузатила бошлаган АҚШ билан муносабатлар совуқлашишини асло истамайди.

Нетаняҳунинг ултраўнг миллатчи маслаҳатчилари бу совуқлашишда асосий ролни ўйнаб келишмоқда, шу сабабли Бибининг ҳарбий кабинетни тарқатиб, уларни ҳарбий соҳага яқинлашишини истамаганлиги ишончга сазовор. 

Уруш тугагани йўқ. Энди-чи?

Душанба куни Бинямин Нетаняҳу мудофаа вазири Иоав Галлант ва бошқа вазирлар билан йиғилиш ўтказиб, унинг якунларига кўра муҳим ҳарбий қарорлар қандай қабул қилишини аниқлаштириб олган.

Исроилдаги аксилҳумуат намойишлар. 15 июн. Фото: Getty Images

Афтидан, шу пайтгача ҳарбий кабинет юритувида бўлган масалалар билан хавфсизлик масалалари бўйича махсус кенгаш, Ғазодаги урушнинг бориши бўйича асосий қарорларни тор маслаҳат кенгаши қабул қиладиган кўринади.

Тахминларга кўра, унга мудофаа вазири Йоав Галлант, Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Цахи Ҳанегби, стратегия ишлари бўйича вазир Рон Дермер ва ШАС ортодоксал партияси етакчиси ШАС Арие Дери киради. У ҳарбий кабинетда ҳам кузатувчи эди.

Нима бўлганда ҳам, Нетаняҳу ва унинг тарафдорлари шу йилнинг ноябригача радикал ҳарбий қарорлар қабул қилишмайди, барча кучларини гаровда ушлаб турилганларни излаб топиш ва қутқаришга қаратишади.

Ўтган ҳафтада гаровда ушлаб турилган тўрт кишининг ҲАМАС асирлигидан қутқарилиши Исроилда катта хурсандчилик билан кутиб олинди ва кўпчиликда Нетаняҳу нима қилишни ўзи билади, деган таассурот уйғотди.

Кейинги ҳаракатлар АҚШдаги сайловлар натижаларига жуда боғлиқ бўлади. Агар Доналд Трамп Оқ уйга қайтса (буни Нетаняҳу ва унинг атрофидагилар жуда кутишмоқда) Исроилнинг ҳарбий тактикаси янада қатъийлашади, стратегияси эса янада амбицияли кўриниш олади. 

Мавзуга оид