Ўзбекистон | 11:03 / 24.06.2024
1271
1 дақиқада ўқилади

Малайзия Ўзбекистон билан "яшил" энергия соҳасидаги ҳамкорликка қизиқиш билдирмоқда

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг Hextar Global компанияси қароргоҳига ташриф буюрди ва компания раҳбари Эрван бин Тахир билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

"Дунё" хабарига кўра, мулоқот давомида Hextar Group компаниялар гуруҳи ва Hextar Global компанияси билан ўзаро ҳамкорликни қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Эрван Тахир компаниянинг бошқа мамлакатларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали бизнес кўламини янада кенгайтириш режалари билан ўртоқлашди. Компания вакили Ўзбекистонда давлат хусусий шерикчилик асосида лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш, жумладан гидроэлектр ва шамол электр станциялари каби қайта тикланувчи энергия ҳамда телекоммуникация соҳаларидаги лойиҳаларга хусусий шерик сифатида сармоя киритиш таклифларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда Hextar Group компаниялар гуруҳи томонидан "Ўзкимёсаноат" АЖ билан кимё саноати ҳамда Энергетика вазирлиги билан "яшил энергия" соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш ва компания вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишилди.

Мавзуга оид