Politico нашри 2018-2022 йилларда Беларус Озарбойжонга илғор қурол-яроғларни етказиб берганини маълум қилиши ортидан, Арманистон Беларусдаги элчисини чақириб олди. Бош вазир Никол Пашинян Александр Лукашенко раҳбарлиги даврида ўзи ҳам, Арманистоннинг бошқа бирорта расмий вакили ҳам Беларусга бормаслигини айтди.

“Геосиёсат” мавзунинг муҳим нуқталари ҳақида сўз юритиш учун сиёсатшунослар Ойбек Сирожов ва Камолиддин Раббимовни таклиф этди.

— Беларус ва Озарбойжон ўртасидаги қурол савдоси бўйича қандай келишувлар бор?

Ойбек Сирожов: — Жанубий Кавказда уруш ҳолатлари тугаганига 2 йилдан ошяпти, 2022 йилда чегарада низо бўлганди охирги марта. Нега айнан 14 июнда Politico нашрида чоп этилган маълумотлардан кейин Арманистон муносабати кескин ўзгарди, деган масала бор. Бу ерда 2 та муҳим жиҳат бор.

Биринчиси, жаҳонда кечаётган геосиёсий жараёнлар. Россия ўз иттифоқчиларини излаяпти, Ғарбда ҳам Россияни тийиб туриш учун имкониятларни ишга солишга эҳтиёж ортяпти. Кавказдаги ҳар қандай жараёнга Россия бефарқ бўлолмайди. Ғарб эса у ерда иккинчи фронтни шакллантиришдан манфаатдор. Пашинян эса шу вазиятдан фойдаланмоқчи. Франциянинг Арманистон билан ҳамкорлиги кучайяпти, зирҳли техникалар берди, зарур бўлса ҳарбийларни киритиш ҳақида ҳам гаплар бўлди.

Арманистон ва Беларус ўртасидаги қурол олди-сотдиси 2000 йилларга бориб тақалади, бу мамлакатлар ўша пайтдан бери ҳамкорлик қилади бу борада. БМТнинг қуроллар бўйича реестридаги маълумотларга кўра, 2002-2012 йиллар давомида Озарбойжон 153 та Т-72 танк, 11 та S-25 самолёти олган; бошқа артиллерия снарядлари, қуроллари ҳам олган.

Умуман, бу ҳарбий-техникавий ҳамкорлик 3 та йўналишда бўлган: артиллерия техникалари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ускуналари.

Демак, ҳарбий ҳамкорлик Politico нашри маълумотида келтирилган 2020-2022 йилдан олдин ҳам бўлган. Бундай савдолар бўлишига сабаб, СССР тарқагач, Қорабоғ Арманистонга ўтиб кетган эди, Озарбойжон эса стратегик мақсад сифатида Қорабоғни қайтариш учун ҳарбий салоҳиятини кучайтириш стратегиясини ишлаб чиқди. Шу орада Туркия билан яқинлашди, Беларус билан ҳам ҳамкорлик қилди. Шу жиҳатлар икки давлат ўртасидаги ҳарбий соҳа муносабатларни ривожлантиришга туртки бўлди, дейиш мумкин.

Камолиддин Раббимов: — 2002-2012 йилларда Озарбойжон Беларусдан ярим млрд долларлик қурол-яроғ сотиб олган. Арманистон бу ҳамкорликни олдиндан яхши билган, бу улар учун янгилик эмас.