ҲАМАСни қўллаганларга евросанкция, Ливанга ҳужум хавотирлари ва Россиянинг урушдаги йўқотишлари — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Европа Иттифоқи ҲАМАСга қарши иқтисодий курашни давом эттирмоқда. Европа Иттифоқи жума куни олти нафар жисмоний ва учта юридик шахсларга нисбатан ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» гуруҳларини молиялаштиргани учун санкциялар жорий этди. Шундай қилиб Евроиттифоқ гуруҳ билан боғлиқ 12 нафар жисмоний шахсни қора рўйхатга қўшган.
Суданлик молиячи Ҳамза Абдулбоситга тегишли, фаластин қуролланган гуруҳига маблағ жўнатишда гумонланаётган учта компания чеклов остига тушган. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг олий мартабали мансабдор шахси, Теҳрон ва Ливандаги фаластинпараст гуруҳлар ўртасидаги муносабатларни таъминлаб турувчи Али Муршида Шерозийга нисбатан ҳам санкция эълон қилган.
Бу орада Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Исроил мудофаа вазири Йоав Галлантни ҳибсга олиш учун ордер беришни нега кечиктиргани ойдинлашди. Ордер ҳақидаги қарор кечиктирилишига сабаб — 10 июн куни Буюк Британия Исроил Халқаро жиноят суди юрисдикциясига киришидан шубҳаланиб ариза берган.
Исроилнинг Ливанга ҳужуми
Америкалик мулозимлари Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ» устига юриш қилиши урушга Россиянинг ҳам тортиб кетиши мумкинлигидан хавотирда.
АҚШ мудофаа ва разведка идораси вакиллари Исроилнинг Ливанга бостириб кириши Эроннинг иттифоқчиларини янада жунбишга келтириши, Теҳроннинг Россия билан ҳамкорлигини янада кучайтириши мумкинлигидан хавотирланмоқда.
Собиқ ва амалдаги америкалик чиновникларнинг Middle East Eye нашрида ёритган хавотирларига кўра, «Ҳизбуллоҳ»га қарши ерусти операцияси «иккиламчи» ва «учламчи» оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлиги, Америка разведка маълумотлари эса бу ҳолда Россия Эрон бошқараётган «қаршилик ўқи»ни кучайтириш имкониятини кўриб чиқаётганини баён этган.
Россия президенти Путин Ямандаги ҳусийчиларга кемаларга қарши баллистик қанотли ракеталар бериш имкониятини ўрганиб чиқмоқда. Бундай фараз учун янгилик эмас. Ноябр ойида The Wall Street Journal нашри Вагнер ҳарбийлашган кампанияси Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини беришни режалаштираётганини ёзган эди.
Агар Исроил Ливанга ҳужум қилса бу Эрон ва Россия муносабатларининг янада чуқурлашишига сабаб бўлади, — деган АҚШ Марказий разведка бошқармасининг Яқин шарқ бўйича собиқ бош таҳлилчиси Уилям Ашер.
Россияда сохта шоир машҳур бўлди
Россиядаги урушга қарши активистлар «ВКонтакте» ижтимоий тармоғига ўйлаб топилган «Z-шоир» Геннадий Ракитин номидан немис нацистларининг ватанпарварлик руҳидаги шеърларини таржима қилиб жойлаб боришган.
«Ракитин» профили мавжуд бўлиб турган бир йил давомида унга Калуга профессионал адабиётчилари томонидан ўтказилган Твардовский номидаги Бутунроссия ватанпарварлик шеърияти танлови фахрий ёрлиғи топширилган. Аккаунтни эса кўплаб таниқли инсонлар, жумладан, Z-блогерлар ҳамда ўнлаб депутатлар ва сенаторлар дўстлари сафига қўшишган. Ракитиннинг «ижоди» намуналарини Z-пабликлардан ташқари Никита Михалков ва «Москва» журнали ҳам эълон қилган.
Суриштирувчи журналист Андрей Захаровнинг ҳикоя қилишича, Геннадий Ракитиннинг аккаунтини унинг урушга қарши кайфиятдаги танишлари яратишган. Профил учун фотосурат нейротармоқ томонидан яратилган.
Бир йил давомида Ракитиннинг саҳифасида нацист муаллифларнинг рус тилига таржима қилинган 18 та шеъри эълон қилинган. Асарларнинг мазмуни деярли ўзгармаган, шунчаки, Германия Россияга айлантирилган «номсиз штурмчи» «Вагнер» ХҲКнинг номсиз жангчиси дейилган. Владимир Путинга бағишланган «Лидер» шеъри NSDAP аъзоси, нацист ва антисемит Эберҳард Меллернинг «Фюрер» шеърининг таржимаси бўлиб чиқди. Россия президентига бағишланган «Портрет олдида» шеъри эса «Штурм отрядлари Ҳомери» асарининг таржимаси бўлган. Унинг муаллифи — штурмчи ва NSDAP аъзоси Ҳерберт Менцелдир. Шеърнинг оригинали Адолф Ҳитларга бағишланган.
Россиянинг урушдаги йўқотишлари
Россиянинг Украинада икки йиллик урушдаги йўқотишлари ҳисоблаб чиқилди. «Важные истории» нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, Украинага қарши уруш пайтида 70 мингдан ортиқ россиялик ҳалок бўлган. Урушнинг иккинчи йилида ўлдирилган рус эркаклари сони деярли икки баравар кўпайди.
2023 йилда Россиянинг Украинага қарши урушида камида 45 минг россиялик ҳалок бўлган, бу аввалги йилдан икки баравар кўп, деб ёзади нашр. Демографлар берилган маълумотлар урушда ҳалок бўлганларнинг минимал эҳтимолий сони эканлигини тахмин қилишди.
Нашрнинг қайд этишича, бедарак йўқолганлар ҳам расмий статистикага киритилмаган.
Украинага қарши кенг кўламли уруш пайтида Россия армиясининг йўқотишлари ҳақида ишончли маълумотлар йўқ. Журналистлар 2024 йил апрелига қадар очиқ манбалардан 50 мингдан ортиқ ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар исмларини аниқлашган. Худди шу ойда Британия Мудофаа вазирлиги Россиянинг ушбу урушдаги эҳтимолий йўқотишларини 450 минг кишига баҳолади. АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уилям Бернс январ ойида 315 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани ҳақида гапирди.
Украина қуролли кучларининг бу вақт ичидаги йўқотишлари ҳақида ҳам расмий маълумотлар йўқ. 2024 йил февралида Украина президенти Володимир Зеленский 31 минг украиналик аскар ҳалок бўлганини илк бор эълон қилган эди.
Байден дебатда ютқазди
Трамп билан янги сайлов олдидан илк очиқ теледебатга чиққан АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден томошабин ва таҳлилчиларнинг фикрича катта фарқ билан ютқазган. Энди демократлар саросимага тушиб қолиб, бошқа номзод топиши ҳам мумкин.
Трампнинг штабидагилар биринчи дебатдан очиқчасига хавфсираётганди. Унинг сафдошлари олдиндан CNN модераторларини тарафкашликда айблашган. Байден чиқиш қилишидан олдин жисмоний ҳолатини яхшилаш учун қандайдир дори-дармон қабул қилганини айтишган.
Аммо илк дақиқаларданоқ бу хавотирлар ўринсиз бўлгани ойдинлашди. Байден саҳнага чиқишда яна ўнғайсиз аҳволда қолди, модераторлар билан унинг микрофони ёқилишидан олдинроқ ноқулай тарзда саломлашди, кейин эса саволларга жуда паст ва бўғиқ овозда жавоб бера бошлади ва мунтазам равишда тўхталишлар қилди. Президент бир неча марта дудуқланди, довдиради ва ўз фикрларини аниқ жамлай олмади.
Байден сўнгги ойлардагидан анча ёмонроқ ҳолатда кўринди. Унинг атрофидагилар журналистларга президент дебат арафасида шамоллаб қолганини айтишган.
Аммо Байден бундай чиқиши билан 81 ёшли демократ мамлакат президенти бўлиш учун жуда қарилик қилади деб ҳисобловчи кўплаб сайловчиларнинг хавотирларини фақат мустаҳкамлади.
Яна бир ажабланарли ҳолат шу бўлдики, бир ярим соатлик дебат давомида Трамп фақат бир марта, унинг навбатдаги мужмал гапларига жавоб бериш асносида Байденнинг ҳолатига муносабат билдирди: «Бу жумла охирида у нима деганини тушунмадим. Унинг ўзи ҳам тушунмаган бўлса керак!»
Мавзуга оид
13:50
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024