Бундан 30 йил олдин, Ўзбекистон миллий валютасини муомалага чиқарган пайтда мамлакатдаги иқтисодий ҳолат қандай эди? Ўзбек сўми “туғилганидан” бери қўшни давлатлар валюталаридан тезроқ қадрсизландими? Kun.uz юбилей сана муносабати билан шу саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Бу йил Ўзбекистоннинг миллий валютаси – сўм 30 ёшга тўлди. Илк банкнотлар 1994 йилнинг 1 июлида, оралиқ валюта сифатида муомалада бўлган сўм-купонга 1000 га 1 нисбатда муомалага киритилган эди. Ҳозир дастлабки банкнотлардан ҳеч бири муомалада эмас.

Сўм муомалага киритилган куни 1 АҚШ долларининг расмий курси роппа-роса 7 сўм бўлган.

Kun.uz юбилей сана муносабати билан ўзбек сўмининг 30 йиллик босиб ўтган йўли, миллий валюта муомалага чиқарилганда мамлакатдаги иқтисодий аҳвол қандай бўлгани ҳақида мутахассисларга савол берди. Иқтисодчилар Отабек Бакиров ва Шуҳрат Расул ўзбек сўми қўшни давлатлар валюталарига нисбатан тез қадрсизланяптими деган саволга ҳам жавоб беришди.

Имкони борича узоқроқ вақт рубл зонасида қолишга ҳаракат қилинган” — Отабек Бакиров

— 1993 йил август ойида РФ рубл зонасидан бир тарафлама чиқиб, Россия рублини муомалага киритган ва совет рублларини муомаладан чиқарган. Ҳеч ким билан маслаҳатлашилмаган, ўша пайтда Марказий Осиё давлатлари рубл зонасида бўлган ва оғир вазиятга тушган. 80-йиллар охиридан йиғилиб бораётган рубл массаси рубл зонасида қолаётган мустақил давлатларга оқиб кела бошлаган. Ўша пайтда айни ўша кун, ўша ой учун тезроқ қарорлар қабул қилиш керак бўлган. Ўтиш валютасини жорий қилиш 1992 йилдаёқ кўтарилган. Чунки сўм купонимизга (1992 йил номиналидаги купонлар) “Ўзбекистон Республикаси Давлат Банки” деб ёзилган. 1992 йил 2 июлгача Ўзбекистонда давлат банки бўлган. Бу дегани сўм купонлар аллақачон 1992 йил 2 июлгача чоп этиб қўйилган, яъни режалар бўлган.

Нима учун биз узоқ вақт рубл зонасида қолганмиз? Бунинг катта зиён томонлари бўлган, катта миқдорда қадрсизланган пул оқими кириб келиб, товарлар олиб чиқиб кетилган. У вақтда Ўзбекистоннинг олтин захираси бўлмаган, халқаро иқтисодий муносабатлар йўлга қўйилмаган, Аввалгидек Россия билан савдо муносабатларини олиб боришга мажбур бўлганмиз. Ёқилғининг 95 фоизи, ун маҳсулотларининг 70-75 фоизи Россиядан келган, ёғоч, темир каби бошқа маҳсулотлар ҳам. Ўйлашимча, ўшанда иккита ёмон вазиятдан нисбатан яхшироғини танлаш ҳолатида бўлганмиз. Имкони борича кўпроқ рубл зонасида қолишга ҳаракат қилинган. Худди чўкаётган кемада қолиб, чўкиб бўлгунча тирик қолиш каби. Рубл зонасидаги давлатлар иқтисоди чўкаётган бўлган, лекин ўзаро муносабатларни инобатга олган ҳолда, рубл зонасида қолган давлатлар ютиш эҳтимоли мавжудлиги нуқтайи назардан қараш ҳам керак.