Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил Рафаҳдан сўнг яна шимолроққа Хон Юнус шаҳрига ҳужум бошлади. Исроил армияси шаҳарда кўчирилган инсонлар яшаб турган мактабга зарбалар берган.

Маҳаллий аҳоли ва оммавий ахборот воситалари ходимлари Хон Юнус шаҳри марказидаги тиббиёт марказига ҳам зарба берилгани, инсонлар ҳалок бўлгани ва яралангани ҳақида хабар беришмоқда

Исроил фаластинликлардан Хон Юнусни зудлик билан тарк этишни талаб қилган. Жумладан Европа шифохонаси ва унинг атрофида яшовчи аҳолидан зудлик билан ўз уйларини тарк этиш сўралган. Гарчи бу ерда уй деб атаса бўладиган соғ бинонинг ўзи қолмаган бўлса-да.

Хон Юнуснинг шарқий қисмида юзлаб одамлар навбатдаги марта қўлларида омон қолган мол-мулк билан шаҳарнинг ғарбий қисмига кўчишга мажбур бўлишмоқда. Исроил оккупацион армияси талаби янграгач, юзлаб одамлар кўчаларда тунашга мажбур бўлишмоқда.

Урушнинг 271-кунига келиб, Ғазодаги қурбонлар сони 37 минг 953 нафарга етди. 87 минг 266 киши яраланган. Сўнгги бир сутка 28 киши ўлдирилган ва 125 киши ярадор қилинган.

Исроилнинг азалий режаси

WikiLeaks томонидан Исроил разведка вазирлигининг 2023 йил октябрдаги ҳужжатлари эълон қилинди. Унда Ғазо секторидаги барча фаластинликларни мажбурий тарзда Мисрга кўчириш режаси ҳақида гап боради.

«Исроил разведка вазирлигининг текширувдан ўтган 2023 йилнинг октябрдаги ҳужжатлари Ғазонинг тинч аҳолисини Мисрга кўчириш “ижобий ва узоқ муддатли стратегик натижаларни таъминлаши”дан сўзлайди”, — дея баёнот берган WikiLeaks.

Разведка вазирлигининг мазмуни ўтган йилиёқ эълон қилинган ҳужжатига кўра, Исроил армиясига фаластинликларни эксклавдан бутунлай Синай яриморолига қувиб юбориш ва бу жараёнга халқаро ҳамжамиятни ҳам жалб этишга чорлов бор.

Ўн саҳифали ҳужжатда назарда тутилишича, АҚШ ҳам тилга олиб ўтилган режани амалга оширишда саъй-ҳаракатларини сарфлаши, Миср ҳудудида “бир неча километрлик стерил зона ташкил этиш ва фаластинликларга Исроил чегараси яқинида яшашга йўл қўймаслик” тавсия этилган.

Мазкур ҳужжатнинг мазмуни ўтган йилнинг октябр ойидаёқ исроиллик суриштирувчи журналист Ювал Абраҳам томонидан очиқланган эди, аммо WikiLeaks илк марта текширувдан ўтказиб, Исроилда чиндан ҳам фаластинликларни Ғазодан Мисрга қувиб юбориш режаси бўлганини эълон қилди.