Ғазодаги қочқинлар лагерига ҳужум, захираси тугаб битаётган Россия ва Тайванга тош отган Трамп — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Қамалда қолган ғазоликлар электр энергияси олишнинг муқобил усулларидан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда. Бундай ечимлардан бири қуёш панеллари бўлмоқда.
Уларнинг нархи қимматлиги ва бомбалашлардан зарар етганига қарамасдан, одамлар иложини қилиб фойдаланишга мажбур бўлишмоқда. Чунки ғазоликларга мобил телефонларини қувватлаш ва бошқа эҳтиёжлари учун ток керак.
Шунингдек, зарар етган қуёш панелларини ўз кучлари билан таъмирлаш у ёқдан бу ёққа тинимсиз кўчирилаётган ғазоликлар учун тирикчиликнинг муҳим унсури бўлиб қолмоқда, айниқса чекланган ресурслар ва вайрон қилинган турар жойлар шароитида.
Исроилнинг Ғазога ҳужуми натижасида наинки тинч аҳоли ва журналистлар, турли касб соҳиблари ҳам қурбон бўлмоқда. Масалан, эксклавда ҳалок бўлган тиббиёт ходимлари сони 500 дан ортган.
Ҳужумлар натижасида Фаластин экславида фаолият кўрсатиб келган 26 та шифохонадан 23 тасининг фаолияти тўхтаган.
БМТ маълумотларига кўра, 7 октябрдан буён ҳалок бўлган 500 дан ортиқ тиббиёт ходимлари орасида етак мутахассис врачлар ҳам бор.
Бу орада Исроил Ғазодаги ҳуманитар зонада жойлашган БМТ мактабига бомба ташлагани маълум бўлди. Камида 40 киши қурбон бўлган, юзга яқин инсон яраланган.
Исроил ҳарбийлари Ал-Мавасий ҳуманитар зонасида жойлашган Нусайрат қочқинлар лагерида БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлигининг мактабига зарба берган.
Ғазо секторининг марказий қисмидаги Аз-Завайда мавзесидаги турар жойга ракета зарбаси берилиши оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлгани ҳам хабар қилинмоқда.
Урушнинг 285-кунига келиб қамал қилинган экславда ҳалок бўлганлар сони 38 минг 794 нафарга етди. 89 минг 364 киши ярадор қилинган. 21 мингдан ортиқ болалар бедарак йўқолган ҳисобланади.
Сўнгги бир сутка ичида Исроил армияси 4 та оммавий қирғин ўтказиб, 81 кишининг ўлими ва 198 кишининг яраланишига сабабчи бўлди.
F-16 учун мукофот
Украинага етказиб бериладиган F-16 қирувчи самолётларидан биринчисини уриб туширганлик учун Россияда 15 рубл мукофот эълон қилинди.
Мукофотни Урал компанияси эълон қилган. Эълон Авдийивка йўналишида НАТО танкларини йўқ қилган “Центр” қўшинлар гуруҳи жангариларини мукофотлаш чоғида янграган. Россиялик миллиардер Владимир Потаниннинг сўзларига кўра, бу мукофотлаш маросими еттинчиси бўлмоқда ва йўқ қилинган ҳар бир Abrams ёки Leopard танклари учун 500 минг рублдан берилган.
“Мукофот йўқ қилинган F-15 ва F-16 жанговар самолётлари учун ҳам бўлади. Биринчиси учун 15 млн рубл берамиз”, – деган Потанин.
Украинага F-16 самолётларини етказиб беришни Швеция, Дания, Белгия ва Нидерландия ваъда қилган. Ҳозирча самолётларнинг бирортаси Украинага етказилмаган. Нидерландия кузда етказиб бермоқчи, ёзнинг охиригача Дания бу ишни амалга ошириши мумкин.
Ҳисоб-китобларга кўра Украина 60 дан ортиқ Америкада ишлаб чиқарилган қирувчи самолётга эга бўлиши кутилмоқда.
Украинадаги уруш
Россиянинг Украинада олдинга силжиши совет қурол-яроғлари захираси тугагани туфайли депсиниб қолгани айтилмоқда.
Россиядаги совет қурол-яроғларининг улкан захираси тугаб битмоқда, шу сабабли Россия олдинга силжиш операцияларини бас қилиши мумкин, деб ёзади The Economist.
Нашрнинг ёзишича, кўплаб разведка хизматларининг баҳолашларича, урушнинг дастлабки икки йилида Россия 3 мингга яқин танк ва 5 мингта бошқа зирҳли техникаларидан айрилган.
“Россиянинг Харкивга ҳужуми йўққа чиқиб бўлди. Россиянинг фронт чизиғининг бошқа участкаларидаги муваффақияти, айниқса Донбассда стратегик нуқтайи назардан арзимас бўлиб чиқди ва улкан йўқотишлар ҳисобига қўлга киритилди. Айни пайтда масала Украинанинг ҳужумларга бардош бера олиши эмас, Россия операцияларнинг ҳозирги суръатини қанча муддат қўллай олишида бўлиб турибди”, деб ёзади нашр.
Россия армиясининг танклари ва зирҳланган пиёдалар машиналари тугаб бормоқда, кенг миқёсда ишлаб чиқариш ва эскиларини таъмирлаш учун ресурс етмайди. Янги танклар ясаш ва эскиларини таъмирлаш бутловчи қисмлар етказиш тобора қийинлашаётгани туфайли муаммоли бўлиб турибди. Керакли ускуналар Европадан етказилган, бироқ санкциялар туфайли етказишлар бас қилинган.
Бу ҳолда КХДРдан етказилаётгани сабабли артиллерия снарядлари Россияда етарлича. Бироқ артиллерия қуролларининг ўзи тезда эскириб, яроқсиз ҳолатга келиб қолмоқда. Шунингдек, Россия тирик кучларда ҳам муаммога дуч келмаяпти. Фронтда 470 минг аскар барқарор қолиши учун Кремл ойига 25 минг нафар аскар ёллашга қодир.
Тайванга тош отган Трамп
АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп Bloomberg нашрига берган интервюси давомида Тайван Хитойдан ҳимоя қилаётгани учун Америкага пул тўлаши кераклигини таъкидлаган.
«Менимча, Тайван уни ҳимоя қилаётганимиз учун бизга пул тўлаши керак. Биласизми, бу ҳолда биз суғурта компаниясидан кўп ҳам фарқ қилмаймиз. Тайван бизга ҳеч нарса бераётгани йўқ. У биздан 9,5 минг мил нарида жойлашган», — деган Трамп.
АҚШнинг 45-президентининг таъкидлашича, Тайваннинг ўзи ҳам Хитойга қарши курашиши мумкин, лекин чип ишлаб чиқарадиган заводлари вайрон бўлмаслиги учун бундай қилишга жазм қилолмаяпти.
«Улар бизнинг чип ишлаб чиқаришга доир барча бизнесимизни ўзларига олиб қўйган. Улар ақлбовар қилмас даражада бой», — деган Трамп.
Аввалроқ АҚШ Вакиллар палатасининг хорижий ишлар бўйича қўмитаси раиси Майкл Маккол Тайван эски-туски техникаларни олаётган “Украинадан фарқли ўлароқ” АҚШдан “сўнгги русумдаги энг янги” техникаларни олишни ваъда қилган эди.
Илон Маскнинг оғир қарори
Дунёнинг энг бой одамларидан бири Илон Маск ўзининг X ва SpaceX компанияларини АҚШнинг Калифорния штатидан Техас штатига кўчиришга қарор қилди.
Бундай кўчишга сабаб қилиб миллиардер Калифорнияда жинсини ўзгартиришга қарор қилган мактаб ўқувчилари ҳақида уларнинг ота-оналарига билдириб қўйишни тақиқлаш тўғрисидаги қонунни кўрсатган.
Маск буни “сабр косасига сўнгги томчи” деб атаган ва бундай қонунлар “оилаларни ҳам, компанияларни ҳам пароканда қилиши”ни таъкидлаган.
«Бу сабр косасига сўнгги томчи бўлди. Бу ва шунга ўхшаш кўплаб қонунлар оилаларни ҳам, компанияларни ҳам пароканда қилмоқда. SpaceX энди ўзининг бош қароргоҳини Калифорниядаги Ҳоторндан Техасдаги Старбазга ўтказади. X эса Остинга кўчади, кўплар бизнинг ортимиздан эргашади”, деб ёзган Маск X ижтимоий тармоғида.
Калифорния губернатори, Гэвин Нюсом 15 июл куни мактаб округларига агар ўқувчилар трансгендер бўлишни истаса ёки жинсини билдирувчи кишилик олмошини ўзгартиришни истаса, ота-оналардан билдиришнома талаб қилишни тақиқловчи қонунни имзолади.
“Калифорнияда болаларингиздан жудо бўласиз”, — деб ёзган Маск кейинги твитида.
Маск аввал ҳам трансгендерлар ҳақидаги гаплари учун танқидга учраган, жумладан, ўзининг қизи Вивиен Жанна Уилсон борасида. Унинг ўз қизи “Мен ортиқ биологик отамга ҳар қандай кўринишда ва шаклда ҳеч қандай алоқам бўлишини истамайман”, — деган ва исми ва жинсини ўзгартирган.
Афғонистондаги табиий офат
Афғонистдонда давом этган узлуксиз ёмғирлар ва унинг оқибатида келиб чиққан сел тошқинлари камида 40 кишининг қурбон бўлишига сабаб бўлди.
Афғонистоннинг Нанганҳор вилоятида содир бўлган давомли кучли ёмғирлар ва сел тошқинлари оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлгани, 347 киши жабрлангани маълум қилинмоқда.
Вилоятнинг маркази — Покистон билан чегарадаги Жалолобод шаҳрида, шунингдек, Сух Род ва унга ёндош туманларда йирик вайронагарчиликлар келиб чиқди. Бу туманларда аҳоли турар жойларини асосан лой гувалаклар ва пахсадан тиклашади ва уйлар ёмғир ҳамда селда ивиб қулаган.
Май ойидан бошлаб кузатилаётган ёмғирлар ва селлар туфайли Афғонистонда 400 дан ортиқ инсон қурбон бўлган. Мингдан зиёд одам бошпанасиз қолган.
Мавзуга оид
13:54
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024
Ғазодаги очарчиликдан огоҳлантирган Эрдўған, Эрон ядровий объектига зарбани тан олган Нетаняҳу ва Трампнинг мигрантлар бўйича режаси — кун дайжести
13:40 / 18.11.2024
«Ҳизбуллоҳ»нинг ҳалок бўлган матбуот котиби, Украинага рухсат берган Байден ва Трампдан норози мусулмонлар — кун дайжести
13:34 / 16.11.2024