Жаҳон | 13:34 / 26.07.2024
8004
9 дақиқада ўқилади

Исроилнинг ўлаётган туризм соҳаси, Байденга раҳми келган Трамп ва YouТubeʼни блоклашга киришган Россия — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазодаги уруш Исроил иқтисодиётига катта зарар етказаётганига қарамасдан, ҳамон тугаш билмаяпти. Исроил иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бири туризм айни пайтда оғир аҳволга келиб қолган.

Оккупацион давлатнинг ҳарбий ҳаракатлари мамлакат аҳолисининг турмуш даражасига ҳам салбий таъсир ўтказмоқда.

Айни пайтга келиб Исроилдаги ҳотелларнинг 10 фоизи касод бўлиш арафасида, деб ёзади маҳаллий «Yedioth Ahronoth» нашри.

Исроил ҳотеллари ассоциацияси 2024 йилнинг биринчи ярмида меҳмонхоналар иши ҳисоботида Исроилдаги туризм соҳаси дуч келаётган жиддий молиявий муаммоларни қайд этган. Унга кўра, 10 фоиз ҳотеллар касод бўлиш ёқасига келиб қолган бўлса, кўплаб ҳотелларда ҳам аҳвол кризис даражасига яқинлашган.

2024 йилнинг биринчи ярмида 969 минг тунаш қайд этилган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 81 фоизга кам.

Туризм вазирлигининг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки 6 ойида Исроилга бор-йўғи 500 минг хорижий турист келган. Ўтган йилнинг шу даврида уларнинг сони 2 млн бўлган.

Туристларнинг қадам ранжида қилмай қўйгани тирикчилиги туристлар ортидан бўлган Қуддус шаҳри аҳолисининг яшаш даражасига ҳам таъсир ўтказмоқда.

Урушнинг 293-кунига келиб, Ғазода қурбон бўлган фуқаролар сони 39 минг 175 нафарга етган. 90 минг 403 киши ярадор бўлган. Сўнгги сутка ичида 30 киши ўлдирилган, 146 киши ярадор қилинган.

 

 

Нетаняҳунинг АҚШга сафари

Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг АҚШ конгрессидаги чиқишини танқид остига олди.

“БМТ Халқаро судининг геноцидни бартараф қилиш, Нетаняҳуни геноцидда айблаб ҳибсга олишга ҳозирлик кўраётгани борасидаги саъй-ҳаракатларига қарамасдан, 7 октябрдан буён 40 минг тинч аҳолининг ёстиғини қуритган Нетаняҳуга Конгресс олдида чиқиш қилишга изн бериш инсоният учун исноддир”, — деган вазир.

Туркия адлия вазири эришилиши лозим бўлган тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга аниқ зарар етказувчи позицияни қоралади.

“Туркия ерлари кўп йиллардан буён оккупация қилинган фаластинлик биродарлар ва опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашда давом этади ва бутун дунёда адолат ўрнатилиши учун курашади”, — деган Тунч.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняу чоршанба куни Вашингтонда Конгрессда чиқиш қилди. Асосан республикачи конгрессменлар унинг чиқишини тик турган ҳолда қарсаклар билан кутиб олишган. Нетаняҳу президент Байден, вице-президент Камала Ҳаррис ва президентликка номзод Доналд Трамп билан учрашган.

Трамп Байден ҳақида

АҚШ президентлигига республикачилар партиясидан номзод Доналд Трамп демократик партиянинг етакчи вакиллари президент Жо Байденни қайта сайланиш уринишидан воз кечишга мажбурлаш учун қўпол ҳаракатлар қилганини таъкидлаган.

«Менимча, бу қандайдир давлат тўнтариши эди. Улар Байденнинг номзодини хоҳламадилар. Унинг сўровнома натижалари ёмон эди, улар уни ютқазади, деб ўйлашди. Улар унинг олдига келиб, «Сиз бу пойгада ютолмайсиз», деган», деди Трамп Fox News телеканалида.

Унинг таъкидлашича, ўз манбаларига кўра, кўплаб демократлар Байденни яхши муносабатда бўлишларига ишонтиришган. «Аммо мен биламан, улар саҳна ортида унга нисбатан қаттиққўл бўлишган», деди Трамп.

«Мен нариги томондаги кўп одамларни биламан. Аминманки, улар Байденни пойгадан чиқиб кетишга мажбур қилишди. Гап Пелоуси ва Обама ҳақида кетмоқда ва сиз телевизорда кўраётган бошқа одамлар ҳам бор», деб қўшимча қилди у.

Украинага ёрдам

Европа Иттифоқи давлатлари Украинага 4,2 млрд евро ажратишга келишиб олди. Бу молиявий ёрдам туфайли Украина маош ва пенсияларни тўлашни давом эттира олади. Бундан ташқари, пул уруш натижасида вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш учун ишлатилиши мумкин.

Европа комиссияси бир ҳафта олдин Украина молиявий ёрдам кўрсатиш шартлари сифатида илгари сурилган бир қатор талабларни бажарганини таъкидлаб, тўловни тавсия қилган. Гап, хусусан, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва иқтисодий жиноятларга қарши янада самаралироқ курашиш бўйича ислоҳотлар, шунингдек, давлат компаниялари бошқарувидаги ўзгаришлар, миллий энергия ва иқлим режасини қабул қилиш зарурати ҳақида борган.

Европа Иттифоқининг янги ёрдам дастури тўрт йил давомида 50 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Бунинг 33 миллиард евроси кредит, қолгани эса грант кўринишида тўланади. Оралиқ молиялаштириш учун жами 7,9 миллиард евро ажратилган.

Европа Иттифоқи Украина давлати маош ва пенсияларни тўлашда давом этишини таъминлаш учун молиявий ёрдамдан фойдаланмоқчи. Бундан ташқари, шифохоналар, мактабларнинг ишлаши ва кўчирилганлар учун уй-жой ажратилиши кафолатланиши керак. Шунингдек, пул Россия уруши натижасида вайрон бўлган инфратузилмани, жумладан, электр узатиш линиялари, сув тизимлари, йўллар ва кўприкларни тиклашга ҳам сарфланиши мумкин.

YouTubeʼни блоклаётган Россия

Шу ҳафтанинг охирига бориб, Россияда стационар компютерларда YouTube видеохостингининг юкланиш тезлиги 40 фоизга, кейинги ҳафта охирига бориб эса 70 фоизга тушиши мумкин.

Бу ҳақда кеча Россия Давлат думаси депутати Александр Хинштейн ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. «Ушбу чора фақат «десктоп» версияларига таъсир қилади, бу ҳозирча мобил алоқага тегишли эмас», дейилади хабарда.

Депутат бутун цивилизациялашган дунёда машҳур бўлган ресурснинг сунъий «деградациясини» Россия расмийларининг «мажбурий қадами» деб атади. Хинштейн сўзларига кўра, бу YouTube ҳаракатларига жавоб бўлиб, «у қонунларимизни жазосиз бузиш ва эътиборсиз қолдириш мумкин деб ҳисоблайди».

Депутат анъанага кўра бундай секинлашув учун барча жавобгарликни видеохостинг сиёсатига юклаган, унинг сўзларига кўра, бу «давлат аниқ қадамларга ўтганини кўрсатади». Хинштейн, шунингдек, YouTube «фикри ғарб нуқтайи назаридан фарқ қиладиган жамоат арбоблар», бошқача айтганда, Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлаётганларга тегишли каналларни ўчираётганини таъкидлади.

Россия ОАВларига кўра, Кремлда YouTubeʼни Россияда тўлиқ блоклаш тўғрисида сиёсий қарор тайёрланмоқда. Сервис аввал октябр ойигача босқичма-босқич секинлаштириб борилади, сўнгра платформа тўлиқ блокланади.

Шунингдек, Россия Давлат думаси биринчи ўқишда Instagram ва Facebookʼда реклама беришни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ташаббус номақбул деб топилган ташкилотлар ресурслари, шунингдек, Россияда ишлаши тақиқланган платформаларда реклама жойлаштиришни тақиқлашни назарда тутади.

Мисрда аномал жазирама

Мисрда аномал жазирама ҳукмрон бўлиб турибди: май ойидан буён Қоҳирада ҳаво ҳарорати 40 даражадан пастга тушмаяпти. Мамлакат электр станциялари жазирама мавсумигача ҳам ўсиб бораётган эҳтиёжни зўрға қондираётганди, ёз бошланиши билан юкламаларга дош бера олмасдан, бирин-кетин ишдан чиқмоқда.

Миср ҳукумати мамлакатнинг катта қисмида бир йилдан зиёдроқ муддатга электр энергияси истеъмолига чекловлар киритди. Бу эса миллионлаб мисрликлар 40 даражали жазирамада кондиционерлардан фойдаланишдан мосуво бўлганини англатади.

Ўтган ёзда электр энергияси етишмовчилиги Миср ҳукуматини ҳар кунлик узиб қўйишларни жорий қилишга мажбур қилганди. Блэкаутлар шу қадар одатий ҳолга айланиб қолдики, маҳаллий ОАВлар электр узилганда лифтда қамалиб қолса нималар қилиш кераклиги тўғрисидаги маслаҳатларни эълон қила бошлашди.

Маҳаллий ОАВларнинг хабарига кўра, ток узилиб, лифтда қамалиб қолиш туфайли шу пайтгача 9 киши вафот этган.

Жазирама Мисрдаги рекорд инфляция, субсидияларнинг қисқариши ва миллий валютанинг кескин таназзулига ҳам сабаб бўлмоқда. Мисрликлар жазирамага Саҳрои Кабирдан келаётган шафқатсиз иссиқлик тўлқинлари сабаб бўлаётгани тўғрисидаги расмий баёнотларни қийинчилик билан қабул қилишмоқда, деб ёзади The New York Times.

Иқлимшуносларнинг фикрича, Миср дунёда энг тез суръатлар билан қизиб бораётган давлатлардан бири саналади.

Мавзуга оид