Спорт | 21:05 / 26.07.2024
24054
10 дақиқада ўқилади

Уларга бозорда талаб юқори. Евро-2024’да нархи ошган 10 футболчи

Рўйхатда — испанлар кўпчилик.

Миллий жамоалар иштирокидаги турнирлар — ўзини кенг жамоатчилик учун танитадиган истеъдодли футболчилар кўргазмасидир. Футболчилар қисқа муддатда ўз машҳурлигини ошириб олиш ва нисбатан каттароқ клубга трансфер бўлиш имкониятини қўлга киритишади. Қуйидаги рўйхатдаги айрим футболчилар ҳам янги мавсумни янги жамоада бошлаши деярли аниқ бўлган.

Transfermarkt порталида футболчиларнинг нархлари янгиланган — Евро-2024 иштирокчилари орасида ҳам кўплаб футболчиларнинг трансфер нархи ошган. 

10. Дан Ндой, Швейцария
+8 миллион евро (14 дан 22 га)

Швейцария миллий жамоаси Еврода ишончли ҳаракат қилди — гуруҳда Германия билан дуранг ўйнади, плей-оффнинг илк босқичида Италияни чиқариб юборди ва чоракфиналда Англияга фақат пеналтилар сериясида мағлуб бўлди. Зоммер, Варгас ва Фройлер кабилар ҳам юқори даражали футбол намойиш этишди, аммо Transfermarkt фақат «Болоня» ҳужумчиси, Мануэл Нойер дарвозасини ишғол этган Дан Ндойни алоҳида ажратиб кўрсатди. Унинг трансфер нархи қарийб уч баравар қимматлаган ва бунда швейцарияликнинг клубдаги ажойиб мавсумининг ҳам ҳиссаси бор.

9. Ферди Кадиўғли, Туркия
+9 миллион евро (21 дан 30 га)

Евронинг саҳна ортида қолган қаҳрамонларидан бири. Кадиўғли барча беш ўйинни чап қанот ҳимоячиси позициясида ўтказди, аммо мутахассислар эътиборини ўзига жалб қила олди. Ферди қанотда ўзига қарши ўйнаган кўплаб ёрқин футболчиларни тўхтатиб қолди, улкан ҳажмдаги қора ишларни бажарди, ҳужумларга ҳам қўшилди — у голли узатма муаллифи бўлмаса-да, ўртача бир ўйинда 3,2 марта зарбадан олдинги узатмани амалга оширди, бу эса қойилмақом кўрсаткич.

Энди «Фенербаҳче» футболчиси топ-клублардан бирига ўтиши кутилаётгани бежиз эмас — унга «МЮ» ва «Ювентус»дан жиддий қизиқиш бор.

8. Жамал Мусиала, Германия
+ 10 миллион евро (120 дан 130 га)

Мусиала янгилнган Германияда Вирц билан биргаликда асосий юлдузлардан бири бўлди. Янгича вингер-«ўнлик» гибрид ролида Жамал ўзини аъло даражада кўрсатди — турнир давомида учта гол урди ва немисларнинг янги авлодидаги асосий истеъдодлардан бири эканини яна бир бор исботлади.

Мусиала — бир қарашда кўп нарса кутиш табиий бўлган тажрибали футболчидек кўринади, аслида эса у ҳали атиги 21 ёшда ва унинг фаолиятида яна бир неча жаҳон чемпионатлари ва Евролар бўлиши аниқ. Шундай экан, унинг трансфер нархи ҳали 130 миллион евродан ҳам юқорилаши мумкин.

7. Дани Олмо, Испания
+ 10 миллион евро (50 дан 60 га)

Бунга ишониш қийин, турнирнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлган Олмо аввалига захира футболчиси мақомида эди. Де ла Фуэнте уни муҳим футболчи деб ҳисобламаётганди — Дани гуруҳ босқичида фақат натижаси аҳамиятсиз бўлган Албанияга қарши учинчи тур ўйинида бошланғич таркибдан жой олди. У 1/8 финалда Гуржистонга қарши ўйинни ҳам, кейинги босқичда Германияга қарши ўйинни ҳам захира ўриндиғида бошлади.

Агар Тони Кроос Педрига жароҳат етказмаганида нима бўлган бўларди? Олмо майдонга тушмаслиги ва гол урмаслиги мумкин эди. Франция билан ўйинни стартда бошламаслиги ва ғалаба голини урмаслиги мумкин эди. Дани ўйин охирида қаҳрамонга айланган финал ҳам бўлмаслиги мумкин эди. Якундау — «гол плюс пас» тизимида 3+2 очко ишлади ва чемпион жамоанинг қаҳрамонларидан бирига айланди. Ўз ўзидан, бундай иштирокдан кейин Олмога грандлар ов бошлади, «Лейпциг» эса, миш-мишларга кўра, уни янгиланган нархида — 60 миллион еврога қўйиб юборишга тайёр.

6. Нико Уилямс, Испания
+10 миллион евро (60 дан 70 га)

Энди бу ном нафақат «Барселона» фанатлари, балки ўзини топ-клуб деб ҳисобловчи барча жамоаларнинг мухлислари учун қизиқ. У чемпион бўлган жамоадаги муҳим футболчи бўлди, усиз соврин қўлга киритилмаслиги мумкин эди. Уилямс атиги икки гол уриб, бир голга узатма бериш билан кифоялангани ажабланарли — у кўпроқ гол ургандек тасаввур уйғотди.

Муҳими шундаки, Уилямс ўз ватандошлари учун жуда кўп вазиятлар яратиб берди (аниқроқ айтганда, кутилган ассистлар бўйича 2,08 кўрсаткичини қайд этди), рақиблардан дриблинг ишлатиб ўтиб кетди, мунтазам равишда бегона дарвоза атрофида кескинлик яратди. Энди Нико Евро давомида вакиллари билан дўстлашиб олган «Барса» сафига бориб қўшилиши мумкин. Шу билан бирга, «Атлетик» уни бозордаги нархидан камроққа сотишга мажбур бўлади — шартномасида бадал пули сифатида кўрсатилган 60 миллион еврога.

5. Родри, Испания
+10 миллион евро (120 дан 130 га)

10 миллион еврога қимматлаган испаниялик футболчилардан яна бири жамоанинг муҳим вакили ва Евронинг энг яхши футболчиси якунлаб беради. Родрини кўпчилик ўз позициясида дунёдаги энг яхшиси деб билади, Мадридда чемпионларни тақдирлаш маросимида эса жамоадошлари ва мухлислар «Олтин тўп»ни унга топширишга чақиришди. Кучли мавсумдан кейин унда бу мукофотни қўлга киритиш учун яхши имконият бор, аммо у ўз жамоаси билан ҳеч бўлмаганда Чемпионлар лигаси финалига чиқа олмагани панд бериши мумкин. Аммо Родри нима бўлганда ҳам клубида ва миллий жамоада идеал ишлади. Усиз испанларнинг ғалабаси ҳам бўлмасди.

4. Георгий Мамардашвили, Гуржистон
+ 10 миллион евро (35 дан 45 га)

Гуржистонлик посбон ҳам юқорида номлари келтирилган футболчилар қатори 10 миллион еврога қимматлаган, Мамардашвили Евронинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди. У янгиланган нархларга кўра жаҳоннинг энг қимматбаҳо дарвозабонига айланди. У бу ўринни Португалия — Словения ўйини қаҳрамони Диогу Кошта билан бўлишиб турибди. Ўз ўзидан уларнинг бу баҳоси ёшига қараб ҳам берилган (дарвозабонлар мос равишда 23 ва 24 ёшда), аммо улар жиддий ютуқларга ҳам эришди.

Мамардашвили Евро-2024 давомида 30 сейв амалга оширди. Ҳа, бу кўп жиҳатдан гуржистонликларнинг мудофаадаги кучсиз ўйини билан боғлиқ, аммо бундай натижа деярли рекорд дегани — бундай статистика юритилиши бошланганидан буён бир турнирда бундан кўпроқ қутқаришни Игор Акинфеев амалга оширган (32 сейв). Шу билан бирга, бу натижа Гуржистон 1/8 финалдаёқ иштирокини тарк этганида қайд этилди. Агар яна бир ўйин ўтказилганида — Георгий рекордчига айланган бўларди.

3. Арда Гулер, Туркия
+15 миллион евро (30 дан 45 га)

Туркиянинг ҳозирги авлодидаги асосий истеъдод аллақачон «Реал» аъзоси — лекин у испан клубидаги биринчи мавсумида кўп ўйин амалиётига эга бўлмади. У барча масала ҳал бўлганидан кейин, мавсум охиридаги ўйинларда туширилди ва унинг голлари сони бошланғич таркибдаги ўйинлари сонидан кўпроқ бўлди, ёзда эса Туркия миллий жамоаси сафида порлади.

Гулер икки голли пас берди ва мухлисларга ёзнинг энг чиройли голларидан бирини туҳфа этди. Унинг узоқ масофадан Мамардашвили дарвозасига йўллаган зарбасидан кейин Анчелотти фикрини ўзгартирган бўлиши ва янги мавсумда унга кўпроқ ўйин вақти бериши мумкин — бундай вундеркиндни захира ўриндиғида ушлаб ўтириш тўғри бўлмайди.

2. Риккардо Калафиори, Италия
+15 миллион евро (30 дан 45 га)

Италия 1/8 финалдаёқ турнирни тарк этди, аммо агар Калафиори бўлмаганида, плей-оффга ҳам чиқа олмасди. Италиялик ҳимоячи Хорватия билан ўйин охирида тўпни рақиб жарима майдонига қадар олиб бориб, фанатларга драматик якун тақдим этди. Унинг ажойиб пасидан кейин Дзакканя аниқ зарба йўллаб ҳисобни тенглаштирди ҳамда Модрич ва жамоадошларининг гуруҳдан чиқиш умидига барҳам берди.

Калафиори Доннарумма билан биргаликда — нурсиз ўйин кўрсатган Италиядаги икки ёрқин нуқтадан бири бўлди. У серқирра футболчи бўлиб, ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам яхши ўйнади — тўпни олдинга олиб бориши, майдонни яхши кўра олиши ва яхши пас бериши билан ажралиб турди. Яқин вақтлар ичида у «Арсенал» аъзосига айланади — уни топ-клубда кузатиш янада қизиқроқ бўлади.

1. Ламин Ямал, Испания
+ 30 миллион евро (90 дан 120 га)

Бу рейтингни турнирнинг энг яхши ёш футболчиси биринчи ўринда. Ламин ҳақида кўпчилик ушбу ёздан олдин ҳам биларди, аммо турнирга мактаб ўқувчиси сифатида келган ушбу йигитча Испания миллий жамоасининг асосий таркибида ўзини кўрсатди ва унинг муваффақиятидаги асосий омиллардан бири бўлди. Яримфиналда Франция дарвозасига фантастик гол урди, турнир давомида тўрт голга узатма берди, саккиз марта яққол голли вазият яратди (турнир рекорди) — чинакамига ёрқин чиқиш.

Ямал дунёдаги энг қимматбаҳо ўсмир футболчи — унга қадар ҳеч ким 17 ёшимда 100 миллион евролик нархга чиқа олмаган. Афтидан, яқин орада унинг даражасидаги вундеркинд пайдо бўлмайди. Мухлислар Ламин янги мавсумда янада кучайишига ва Ансу Фатининг тақдирини такрорламаслигига умид қилишмоқда.

Мавзуга оид