Жаҳон | 23:12 / 31.07.2024
11292
2 дақиқада ўқилади

«Биз бунга қарши бўла олмаймиз» - Зеленский Россиянинг иккинчи тинчлик саммитидаги иштироки ҳақида

Россия ноябрдаги иккинчи тинчлик саммитида иштирок этиши керак, акс ҳолда биз ҳақиқий натижаларга эриша олмаймиз, деди Украина раҳбари.

Фото: AFP

Россиянинг иккинчи тинчлик саммитида иштирок этиши урушни тугатиш йўлида қандайдир реал натижаларга эришиш учун зарур. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Франциянинг Le Monde нашрига берган интервюсида айтиб ўтди.

«Мен ишонаманки, Россия ноябрдаги иккинчи тинчлик саммитида иштирок этиши керак, акс ҳолда биз ҳақиқий натижаларга эриша олмаймиз. Мен уларнинг умумий [тинчлик] режамизни тайёрлашга тўсқинлик қилишларини хоҳламайман. Агар бутун дунё уларни [музокаралар] столида кўришни истаса, биз бунга қарши бўла олмаймиз», деди Зеленский.

Зеленский музокаралар учун дастлабки шартлар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, адолатли тинчлик Украина ҳудудий яхлитлигини тиклаш имкониятини ўз ичига олиши кераклигини айтди ва бунга «қурол ёрдамида эришиш шарт эмас»лигини таъкидлади. «Агар Россия хоҳласа, биз бу муаммоларни дипломатик йўл билан ҳал қила оламиз», деди у.

Ҳудудларни йўқотиш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан Зеленский «Украинага расман ҳеч ким ҳеч нарса таклиф қилмагани» ва ҳукумат Конституцияга кўра, кимгадир ҳудуд бера олмаслигини таъкидлади. «Бу содир бўлиши учун Украина халқи буни хоҳлаши керак», деб қўшимча қилди у.

Зеленский аввал ҳам Россия иккинчи тинчлик саммитида иштирок этиши керак деган фикрни билдирган эди. Қўшма Штатлар бу ғояни агар Украинанинг ўзи хоҳласа, қўллаб-қувватлашини билдирди.

Тинчлик саммити йил охиригача бўлиб ўтиши кутилмоқда. Украина ушбу тадбирни 5 ноябр куни бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайлови олдидан ўтказишни режалаштирмоқда.

Москва ҳозирча саммитда қатнашишга розилик ёки рад этиш ҳақида расман маълум қилмаган.

Мавзуга оид