Жаҳон | 21:10 / 04.08.2024
27020
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг йирик айсберг океан тузоғига тушиб қолди

Мана бир неча ойдирку у Антарктида шимолидаги жойида айланмоқда, аслида эса улкан муз бўлаги энг кучли океан оқими орқали ҳаракатланиши керак эди.

Фото: BBC

Дунёдаги энг йирик А23а айсберги билан кутилмаган ҳолат юз берди. Мана бир неча ойдирку у Антарктида шимолидаги жойида айланмоқда, аслида эса улкан муз бўлаги энг кучли океан оқими орқали ҳаракатланиши керак эди.

Олимларнинг сўзларига кўра, майдони бўйича Катта Лондондан икки баробар катта муз бўлаги айланувчи улкан сув цилиндрига тушиб қолган. Океанологлар мазкур ҳолатни «Тейлор устуни» деб атайди ва А23а яна бир неча йил ушбу «асирликдан» қутула олмаслиги мумкин.

«Одатда айсбергларга вақтга боғлиқ объектлар сифатида қараймиз: улар парчаланиб, эриб кетади. Аммо буниси эмас. А23а — бу йўқолиб кетишни истамаётган айсбергдир», — дейди профессор Марк Брэндон.

Айсберг Антарктида соҳилларидан 1986 йилда ажралиб чиққан, бироқ кўп ўтмай Ведделл денгизига «тиқилиб қолган». Ўттиз йил давомида у статик «муз ороли» сифатида турди, жойидан қимирламади. 2020 йилга келиб у яна ҳаракатланишни бошлади. Апрель бошларида А23а Антарктиданинг циркумполяр оқимига кириб қолди — бу Ер юзидаги барча дарёларда оқадиган сувдан юз баробар кўпроқ сувни айлантирадиган улкан куч ҳисобланади.

Натижада оғирлиги триллион тоннага яқин бўлган айсберг Жанубий Атлантикага сузиб бориши керак эди. Бунинг ўрнига А23а бир жойда қотиб қолди. У Жанубий Оркней ороллари шимолида қолиб, кунига соат стрелкасига қарши тахминан 15 даражага бурилмоқда. 

Мавзуга оид