Жаҳон | 22:49 / 15.08.2024
9172
2 дақиқада ўқилади

Украина Куркс операцияси туфайли Донецк фронтидаги позицияларидан айрилмоқда

Курскка ҳужум қилиш мақсадида Донецк вилоятидаги позицияда жойлашган бўлинмаларнинг силжитилиши Украина мудофаасини заифлаштирган.

Фото: The Moscow Times

Курскка ҳужум қилиш мақсадида Донецк вилоятидаги позицияда жойлашган бўлинмаларнинг силжитилиши Украина мудофаасини заифлаштирди. Россия армияси Донбассда босимни кучайтирди ва бир нечта аҳоли пунктини эгаллаб олди. Куркс операциясининг муваффақиятига аскарлар етмаслиги сабаб қийналаётган фронтнинг бошқа нуқталаридаги муаммолар соя солмоқда.

14 август куни Россия қўшинлари Желанное ва Орловка қишлоқларини эгаллади, шунингдек, Нью-Йорк, Николаевка, Журавка ва Красногоровка аҳоли пунктлари томон силжиди. Ушбу аҳоли пунктлари апрель ойидан бери рус бўлинмалари ҳужум қилиб келаётган Торецк ва Покровск шаҳарлари ўртасида жойлашган.

Бугун, 15 август куни Россия Мудофаа вазирлиги Ивановка назорат остига олинганини маълум қилди. У Покровскдан 16 километр узоқликда жойлашган, УҚКнинг йирик таъминот маркази шу ерда жойлашгани боис стратегик аҳамиятга эга.

Россия қўмондонлиги Курск яқинидаги мудофаани мустаҳкамлаш учун шарқий фронтдан қўшинларни олиб чиқаётгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Аксинча, Донбассда босим кучайиб бормоқда, у ерда бир ярим ҳафта олдин Курск операциясида иштирок этиш учун баъзи бўлинмалар силжитилгани туфайли Украина позициялари заифлашган.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, Покровск йўналишида украинлар «босқинчининг 58 та ҳужум ҳаракатларини тўхтатган». 13 август куни Бош штаб 52 та ҳужум ҳақида айтганди — уларнинг сони ўтган ҳафтага нисбатан ошган.

УҚКнинг Покровск туманини ҳимоя қилаётган 110-механизациялашган бригада вакили Иван Секачга кўра, Курскка ҳужумдан кейин «фронтдаги вазият ёмонлашган». «Бизга олдингидан ҳам камроқ ўқ-дорилар етиб келмоқда, руслар эса ҳужум қиляпти», — дейди у.

Покровскни ҳимоя қилаётган украин аскарининг AP’га маълум қилишича, охирги ҳафтада Россия армиясининг ҳужумлари фаоллашган. Унинг таъкидлашича, Куркс операцияси руслар «ўз ҳудудини ҳимоя қила олмаслигини кўрсатган».

Мавзуга оид