Ҳонгконгда кекса гигант панда илк бор она бўлди, у эгизакларни дунёга келтирди
Йинг Йинг лақабли гигант панда болаларини 15 август куни, 19 ёшга тўлишидан бир кун олдин дунёга келтирди. Агар панда инсон бўлганида, унинг ёши 57 га тенг бўларди — пандаларнинг бир йили инсонларнинг уч йили билан баробар. Бу улғайиш белгилари ва ривожланиш босқичларига асосланади.
Бу пандачаларнинг дунёга келиши — ноёб ҳодиса, чунки ҳеч бир гигант панда бунчалик кеч она бўлмаганди. Пандалар ҳозирча “жуда заиф ва 24 соатлик интенсив терапия остида, уларнинг ҳолати барқарорлашиши учун вақт керак”, дейди панда қаровчилари.
“Барчамиз гигант панда болалари билан учрашишни интиқлик билан кутяпмиз. Улар ҳамма билан расман учрашиши учун бир неча ой сабр қилишингизни сўраймиз”, — дейилади Ocean Park ҳайвонот боғи баёнотида.
Парк операторининг сўзларига кўра, Йинг Йинг эгизакларидан урғочиси заифроққа ўхшайди, чунки унинг тана ҳарорати пастроқ, инграши ҳам акасиникидан кучсизроқ.
Унинг вазни атиги 122 грамм.
Ocean Park таъкидлашича, Йинг Йинг тўлғоқ пайтида “тушунса бўладиган тарзда асабийлашган”, кўп вақтини ерда ётиб, чайқалиб ўтказган.
Гигант пандалар жуфтлашишни истамайди. Йинг Йинг ва эгизакларнинг отаси Ле Ле 2007 йилда бери Ocean Park’да истиқомат қилади. Пекин ўшанда уларни Ҳонгконгга ҳадя қилганди. Март ойида эса улар муваффақиятли жуфтлашган.
Хитойнинг табиатни муҳофаза қилиш бўйича узоқ муддатли саъй-ҳаракатлари гигант пандалар сони камайишини бартараф этди. Эндиликда улар йўқолиб кетиш хавфидан холи ҳисобланади.
Маълумот учун дунёдаги барча пандалар Хитойга тегишли, аммо Пекин 1984 йилдан бери ҳайвонларни хорижий мамлакатларга ижарага бериб, муносабатларни яхшилашда «панда дипломатияси»дан фойдаланмоқда.
Мавзуга оид
17:40 / 03.12.2024
Ҳонгконгда 2,5 минг панда ҳайкалларидан иборат кўргазма ўтказилмоқда
19:03 / 19.11.2024
Ҳонгконгда 2019 йилги норозилик намойишларининг 45 нафар етакчисига ҳукм ўқилди
23:17 / 31.05.2024
Хитой ўз пандаларини АҚШга қайтаради
23:19 / 29.09.2023