Ҳиндистоннинг энг қашшоқ штати Биҳарда яшовчи Нибҳа Кумари 15 ёшида велосипед унинг ҳаётини қандай ўзгартиргани ҳақида BBC’га ҳикоя қилиб берди.

Икки йил давомида у ҳафтасига олти кун, кунига икки соатдан велосипедда мактабга қатнаган. Нибҳа штат ҳукумати берган велосипеддан фойдаланган.

Велосипедим бўлмаганда, ўрта мактабни тугатишим даргумон эди. Бу менинг ҳаётимни ўзгартирди”, — дейди ҳозир 27 ёшга кирган аёл.

Бегусарай туманидаги фермернинг қизи Нибҳа энг яқин бошланғич мактабда ўқиш учун 10 километр узоқликдаги холасиникида яшашга юборилган. Қизлар учун йўлда юриш қийин, жамоат транспортига ишониб бўлмасди.

Нибҳа юқори мактабда ўқишни давом эттириш учун уйига қайтганида, велосипеддан фойдаланишни бошлади ва нотекис қишлоқ йўлларидан мактабга қатнади.

Велосипедда мактаб ва мураббийлик машғулотларига қатнашни бошлаганидан кейин қизларга ишонч ошди. Ҳозир кўпчилик қизлар мактабга боряпти. Уларнинг аксариятида бепул велосипед бор”, — дейди Бегусарайдаги тиббиёт ходими Бҳуванешвари Кумари.

Ҳиндистоннинг қатор штатларида мактабга борадиган қизлар сонини кўпайтириш учун ўқувчиларга велосипед бепул берилади.
Фото: Getty Images

ScienceDirect журналида чоп этилган тадқиқотда Ҳиндистондаги қишлоқ жойларида мактабга қатнайдиган болалар ва велосипед ҳайдаш ҳақида қизиқ фактлар берилган.

Сришти Агравал, Адит Сет ва Раҳул Гоэл томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, Ҳиндистонда велосипед ҳайдаш энг кўп қишлоқ қизлари орасида оммалашган: бу кўрсаткич икки баравардан кўпроққа ошган: 2007 йилги 4,5 фоиздан 2017 йилда 11 фоизгача. Бундан кўриниб турибдики, велосипед ҳайдаш мамлакатда гендер тафовутини қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Бу шовқинсиз инқилоб. Буни инқилоб деб аташимизга сабаб шуки, аёлларнинг уйдан ташқарига чиқиши, хусусан, велосипед ҳайдаши жиҳатдан гендер тенгсизлиги юқори бўлган мамлакатда қизлар ўртасида велосипедда юриш даражаси ошди”, — дейди Агравал хоним.

2004 йилдан бошлаб велосипедларни бепул тарқатиш бўйича давлат дастурлари ўғил болаларга қараганда кўпроқ қизларга қаратилганди, чунки рўзғор ишлари ва мактабларнинг узоқлиги сабаб қизлар орасида ўқишни ташлаш фоизи юқори эди. Бундай ёндашув фақат Ҳиндистонга хос эмас – Колумбия, Кения, Малави ва Зимбабве каби мамлакатларда ҳам велосипедлар қизларнинг мактабга қатнаши ва ўқишни давом эттиришида самарали восита ҳисобланади. Аммо Ҳиндистонда бу кўрсаткич кўлами бошқа мамлакатларга қиёслаганда каттароқ.