Жаҳон | 19:40 / 28.08.2024
5573
2 дақиқада ўқилади

Швейцарияда Дуровга қарши даъво аризаси киритилди

Ўзини Telegram асосчисининг уч нафар фарзанди онаси деб айтаётган Ирина Болгар Дуров кичик ўғлига жисмоний зўравонлик ишлатганини таъкидламоқда.

Ирина Болгар исмли аёл Telegram асосчиси Павел Дуровни фарзандига нисбатан «жисмоний зўравонлик ишлатганликда» айблаб, Швейцария судига даъво аризаси киритди, деб хабар беради Forbes. Даъво 2023 йилнинг мартида киритилган бўлса-да, бу ҳақда энди маълум бўлмоқда.

Аёлнинг сўзларига кўра, Дуров 2021-2022 йиллар давомида 2017 йилда туғилган кичик фарзандига нисбатан беш маротаба «жисмоний зўравонлик ишлатган». Болгарнинг таъкидлашича, ушбу зўравонлик оқибатида боланинг мияси чайқалган ва уйқусида муаммолар пайдо бўлган.

Болгар ўз даъвосига исбот сифатида терговга Дуров билан ёзишмалари ва шифокор томонидан 2023 йил апрелда ёзилган маълумотномани кўрсатган. Ҳужжатда боланинг уйқуси бузилиб, безовталиги ортгани қайд этилган.

Шундан кейин Болгар фуқаролик даъвосини киритиб, Дуров билан ўртасидаги фарзандлари учун васийлик сўраган. Суд аёлнинг фойдасига қарор қабул қилган, Telegram асосчиси эса судда иштирок этмаган.

Шунингдек, Forbes’нинг ёзишича, Болгар зўравонлик тўғрисида даъво киритгунга қадар Дуров тўламай қўйгани айтилаётган 150 минг евро миқдорида алимент устида ҳам судлашган. Дуровнинг Болгар билан суд жараёнидаги позицияси номаълумлигича қолмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид