Жаҳон | 20:34 / 29.08.2024
5827
2 дақиқада ўқилади

«Газпром» Марказий Осиё минтақасига газ етказиб бериш ҳажмини икки баробар оширди

Компания раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажми энг юқори суръатларда давом этмоқда.

Фото: AFP

«Газпром» Марказий Осиё минтақасига газ етказиб беришни икки баробарга оширди, 2024 йилнинг дастлабки 8 ойи учун бундай маълумотлар «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллернинг конференция йиғилишида келтирилди, деб хабар берди «Интерфакс».

«Биз Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқдамиз. Бу мамлакатларда энергия истеъмоли жуда юқори суръатларда ўсиб бормоқда. Бу республикалар иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан жуда жадал ривожланмоқда. Бу эса биз учун янги имкониятлар очмоқда. Фақат январ-август ойларида, саккиз ой ичида биз бу ҳудудга газ етказиб беришни икки баравар оширдик», деди у.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажми энг юқори суръатларда давом этмоқда.

«Ҳозир биз Ўзбекистонга газ таъминоти «Ўрта Осиё – Марказ» газ қувури орқали ўтган қиш мавсумида етказиб берганимиздек максимал даражада амалга оширилмоқда», деди у.

Миллер Қирғизистондаги ишларга алоҳида эътибор қаратди. «Газпром Қирғизистон» компанияси ташкил этилганидан буён ўтган 10 йил давомида мамлакатда газлаштириш даражаси икки баравар ошди», деди у.

2023 йил октябр ойида Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш бошланди. Минтақа давлатлари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувлар имзоланди. «Газпром» минтақага узоқ муддатли таъминотни Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг жадал ривожланишига хизмат қилади, деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид