Жаҳон | 22:11 / 31.08.2024
15820
2 дақиқада ўқилади

Путин Ким Чен Инга 24 бош от совға қилди

Шимолий Корея етакчиси ёқтирадиган ушбу отларнинг барчасига чиплар ўрнатилган бўлиб, бу уларнинг тоза наслдан эканини билдиради.

Фото: KCNA

Россия президенти Владимир Путин КХДР етакчиси Ким Чен Инга 24 бош Орлов йўртоқиларини совға қилди. The Times газетасининг ёзишича, бу Шимолий Корея етакчиси ёқтирадиган от зоти ҳисобланади.

«Ким Чен Ин Россиядан янги зотдор отлар партиясини қабул қилиб олди. Бу Шимолий Корея етакчиси ва президент Путин ўртасидаги яқинлик кучайиб бораётганидан далолат беради», — дейилади хабарда.

«Росселхознадзор»нинг Приморск минтақалараро бошқармасининг маълум қилишича, отлар 25 август куни олиб кетилган. 19 бош айғир ва бешта байтал Владимир вилоятида карантиндан ўтган, кейин эса Приморскдаги «Хасан» темирйўл ўтказиш пунктига олиб келинган.

«Отларнинг барчаси чипланган. Чиплар мавжудлиги сканерловчи қурилма орқали текширилган. Микрочип отлар алмаштириб қўйилишига йўл қўймайди ва улар тоза наслдан эканини билдиради», — дея таъкидланади «Росселхознадзор» хабарида.

Путин Ким Чен Инга биринчи марта от совға қилмаяпти — 2022 йил кузида Пхенянга 30 бош от олиб келинган эди. «Уларнинг қиймати Ким учун рамзий: отлар ўзи ва оиласи атрофида яратган шахсга сиғинишда муҳим рол ўйнайди», — деб ёзади The Times.

Россия президенти июн ойида Пхенянга ташриф буюрганди. У КХДР етакчиси билан бирга стратегик ҳамкорликка оид битимни имзолаган бўлиб, улар ҳар иккисидан бирига нисбатан тажовуз амалга оширилса, бир-бирига ёрдам бериш мажбуриятини олади. Шунингдек, Путин ва Ким Чен Ин совға алмашишган эди: Россия президенти Шимолий Корея етакчисига унинг бобоси Ким Ир Сен портретини совға қилган ва бунга жавобан ўзининг портрети ҳамда соғлиқ тилаклари битилган бюстни қабул қилиб олганди.

Мавзуга оид