Жаҳон | 22:35 / 05.09.2024
7700
4 дақиқада ўқилади

АҚШда яна отишма: автомат кўтарган ўсмир мактабга ҳужум қилди

АҚШнинг Жоржия штатидаги мактабда отишма юз берди. Буни ҳали мактаб ўқувчиси бўлган ўсмир содир этган. Фожиа оқибатида 30 дан ортиқ инсон яраланган, 4 киши вафот этган. Демократ президент Байден яна аҳолининг ўқотар қуролларга эгалик қилишини чеклашга чақирди, унинг аввалроқ бу борадаги уриниши муваффақиятсизликка учраганди – қуролга эгаликни кўплаб америкаликлар фундаментал ҳуқуқ деб ҳисоблайди.

4 сентябр, чоршанба куни эрталаб Жоржия штатининг Барроу округи Уиндер шаҳридаги Апалачи ўрта мактабида соат тахминан 09:30 ларда отишма бўлган. Округ расмийларининг матбуотга маълум қилишича, ўсмир 14 ёшда, у айнан шу мактабда ўқиш-ўқимаслиги номаълум. У тириклайин ҳибсга олинган, тергов ишлари давом этмоқда.

Қурбонлар сони яна ортиши мумкин, чунки 9 нафар жароҳат олганлар шифохонада оғир аҳволда. Мактаб яқинига камида 5 та тез ёрдам машиналари ҳамда полиция ходимлари, оғир жароҳат олганларни тезроқ шифохонага етказиш учун битта тиббий вертолёт ҳам чақирилган. Мактаб ходимлари, ўқитувчилар ҳамда ўқувчилар эвакуация қилинган. Эҳтиёткорлик мақсадида тумандаги барча мактабларга қўшимча полиция кучлари жўнатилган.

Воқеадан шахсан президент Байден хабардор қилинган. Президент отишмани қоралаб, қурол кўтариб юриш ва ўқотар қуролларга эгалик қилиш масаласини қайта кўриб чиқиш, бу борада жиддий қонун қабул қилиш кераклигини айтди. У республикачиларни бу йўлда бирлашишга ҳам чақиряпти.

АҚШ аҳолини рўйхатга олиш бюроси тақдим қилган маълумотларга кўра, 2020 йил ҳисоби билан Уиндер аҳолиси тахминан 19 минг кишига боради. Барроу округи мактаб тизими штатдаги 24-ўринда, тахминан 16 мингга яқин ўқувчилар таълим олади. Улардан 1 932 нафари Апалачи мактабида ўқийди.

Бир ой олдин, 7 июл куни АҚШнинг Детройт шаҳрида ҳам отишма юз бериб, 2 киши ҳалок бўлган, 19 киши яраланган эди. Отишмани содир этганлар эса яширинишга уринган. Ўшанда воқеа кўнгилочар тадбир пайтида, бир неча фуқаролар ўртасида юз берган. Вазият жиддийлашгач, ҳудудга полиция етиб келган. Бироқ унга қадар 2 киши ҳалок бўлган эди.

Ҳуқуқни муҳозафа қилиш органлари ҳамда мустақил тадқиқотчилар ёз ойларини Америкада қуролли зўравонликлар авж олган давр сифатида қайд этишган. Ҳар йили статистика ҳам айнан июл ойининг бошини оммавий қотилликлар авж олган палла дея кўрсатади.

Бундан 3 йил аввал, айнан Жоржия штатидаги отишмадан сўнг президент Байден мамлакатда ўқотар қуроллар айланишини чеклаш керак бўлган янги чораларни эълон қилганди. Бу эса 1934 йилдан бери қурол-яроғга эгалик қилиш эркинлигига қарши 10-уриниш бўлган. Аммо Байденнинг режаси ҳам иш бермади.

АҚШдаги қуролли зўравонлик архивига кўра, отишма содир этиш ҳолатлари пандемия ва ундан кейин кўпайган. Масалан, 2021 йилдан бери 150 дан ортиқ оммавий отишмалар содир бўлган. Уларнинг ҳар бирида эса ўртача 4 киши ҳалок бўлган.

Агарда АҚШдаги вазиятни дунёнинг бошқа ривожланган давлатлари билан солиштирсак, аҳоли жон бошига қуролдан ўлдириш 25 бараварга кўп.

2018 йил ҳисоб-китобига кўра, аҳолининг қўлида қарийб 400 миллион дона ўқотар хавфли қуроллар бор. Аммо америкаликларнинг уйларида бугун нечта қурол борлигини ҳеч ким аниқ билмайди. Пандемиядан кейинги 1 йилнинг ўзида америкаликлар 5 миллион дона тўппонча харид қилган.

Мавзуга оид