Фаластинда ҳалок бўлган АҚШ фуқароси, Украинага навбатдаги ёрдам ва Алиев Жанубий Кавказдаги сулҳ ҳақида — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазода Исроил ҳужумларидан яна 8 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлишди. Исроил ҳарбий ҳаво кучлари ўзи амал қилган Ғазо секторининг шимолидаги иккита турар жойга зарба берган.
Баптистларнинг «Ал-Аҳлий» шифохонасидаги манбаларнинг хабар беришича, Зайтун мавзесидаги Розийлар оиласига авиабомбалар ёғдирилган. «Касалхонага олти инсоннинг жасади келтирилган», деган манбалар.
Шунингдек, Ғазо шаҳридаги Тал-ул-Ҳавво кварталидаги уйга ҳужум натижасида фаластинлик аёл ёш қизалоғи билан бирга ҳалок бўлган.
Исроил армияси ал-Мағазий қочқинлар лагерига ҳам ҳужум уюштирган. Ғазонинг марказий қисмида жойлашган лагерга ҳужум натижасида ҳалок бўлганлар ва ярадорлар бор. Ёш болалар жабр кўрган. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари Дайр-ул-Балаҳдаги «Ал-Ақсо шаҳидлари» касалхонасига кўмиш учун олиб келинган.
Ғазо секторида болаларда тери касалликлари кўпаймоқда. Бунга сабаб қилиб сув таъминоти ва канализация тизимининг 7 октябрдан буён Исроил армияси томонидан муттасил вайрон қилиб келаётганидир. Инсонларнинг мажбуран бир жойда тўпланиши, чиқинди ва ичимлик сув билан боғлиқ муаммолар айниқса болалар орасида турли тери касалликлари тарқалишига сабаб бўлмоқда.
Ғарбий соҳилдаги вазият
Ғазо оккупацияси билан чекланмаган Исроил оккупация остидаги Ғарбий соҳилда ҳам зулмни бошлади. Яҳудийлар Ғазога бостириб кириш фонида Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида истиқомат қилаётган фаластинликларни ҳам ўз ерларидан сиқиб чиқариш мақсадида қочқинлар лагерларига ҳужум уюштирмоқда.
Исроилнинг бу хатти-ҳаракатлари аҳоли ўртасида эътирозлар келтириб чиқармоқда, норозилик намойишлари ўтказилмоқда. Ғарбий соҳилдаги ана шундай намойишлардан бирида иштирок этаётган келиб чиқиши туркиялик бўлган АҚШ фуқароси Ойшанур Эзги Исроил аскарлари томонидан отиб ўлдирилди.
Воқеа гувоҳларига кўра, Исроил аскарлари Ноблус туманидан жанубда Субайҳ тоғидаги Байт шаҳарчасида яҳудий манзилгоҳлари қурилишига қарши чиқаётган намойишчиларга қарата жанговар патронлар билан ўт очган.
Турки президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ойшанур Эзгининг ўлимига ўз муносабатини билдирган.
«Мен оккупацияга қарши фуқароларнинг норозилик намойишига Исроилнинг ёввойиларча аралашувини қоралайман ва ҳужум натижасида ҳалок бўлган фуқаромиз Ойшанур Эзгини Аллоҳ ўз раҳматига олишини тилайман.
Туркия сифатида биз барча платформаларда 41 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган бу оккупация ва геноцид сиёсатига чек қўйиш, Исроилнинг инсоният олдидаги жиноятлари учун жавобгарликка тортишга йўғрилган саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз», деган Эрдўған.
БМТ ҳам Туркия-АҚШ фуқароси Ойшанур Эзгининг ўлдирилиши яхшилаб тергов қилиниши лозимлигини талаб қилди.
«Биз Америка фуқароси Ойшанур Эзгининг Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида фожиали ҳалок бўлганидан ташвишдамиз ва унинг оила аъзоларига ҳамдардмиз», — дейилади Оқ уй баёнотида.
АҚШ президенти маъмурияти Исроилга воқеани суриштириш учун қўшимча маълумотлар беришни сўраб мурожаат қилган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроил оккупацион армияси томонидан Америка фуқароси ўлдирилганига жавобан «Ғарбий соҳилда АҚШ фуқаросининг эҳтимолли ўлдирилишига қарши кўриладиган ҳар қандай чоралар воқеа тўлиқ суриштириб бўлинганидан сўнг кўриб чиқилиши»ни таъкидлаган.
Ўтган ҳафтада Ғазода гаровда ушлаб турилган АҚШ-Исроил фуқароси ҳалок бўлгани маълум бўлганида Америка ва дунё ОАВларида катта шовқин кўтарилган эди. Энди Исроил армияси АҚШ фуқаросини ўлдирди. Яна шундай реакция билдирилармикан?
Украинага ёрдам
Украина президенти иштирок этган Рамштайн контакт гуруҳи йиғилишидан сўнг АҚШ 250 млн долларлик қўшимча ҳарбий ёрдам пакети тақдим этиши маълум бўлди. Шунингдек, Канада 5 йилга 389 млн долларлик ёрдам беради. Буюк Британия 162 млн фунт-стерлинг, Нидерландия 80 млн евро, Швеция 5 млн евро ажратади.
Европа Иттифоқи эса ҳуманитар лойиҳалар учун зудлик билан 40 млн евро ажратади.
«Россия Украина знергетика инфратузилмасига ҳужум қилишдан чарчамаяпти. Яқинда кунлар совий бошлайди, шунинг учун биз украиналикларга ҳуманитар ёрдамни кучайтирамиз. Биз 40 млн евро маблағни таъмирлаш ишлари, турар жойларнинг электр ва иссиқлик таъминоти учун ажратамиз», — деб ёзган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Х ижтимоий тармоғида.
Нидерландия ва Испания ҳам Украинага янги ҳарбий ёрдам ҳақида эълон қилишди. Нидерландия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Киев жумладан F-16 самолётларига хизмат кўрсатиш учун эҳтиёт қисмлар ва материаллар, генераторлар, “ҳаво-ҳаво” типидаги ракеталар, транспорт воситаларини қабул қилиб олади. Пакетнинг қиймати 80 млн евро деб баҳоланмоқда. Испания эса 6 та учириш қурилмасига эга HAWK зенит ракета мажмуасини берадиган бўлди.
Россияда яна мигрантлар масаласи
Россияда меҳнат миграцияси қисқариши билан боғлиқ йирик корпорацияларда муаммолар кузатила бошланганига қарамасдан ҳукуматида меҳнат мигрантлари оқимларини чеклашга қаратилган ташаббуслар муҳокамаси давом этмоқда.
Масалан, собиқ президент, эндиликда Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев яқинда муҳокама қилинган, меҳнат мигрантларига оилаларини Россияга олиб келишни тақиқлаш таклифи юзасидан ўз фикрларини баён этган.
«Инсон бизда мавсумий ишчи бўлиб ишлаш учун келаётган экан, нега у ўз оиласини ҳам етаклаб келиши керак?» — деган Медведев.
Дмитрий Медведев шунингдек мигрантларнинг болаларини рус тилини ўрганишга «секин-аста мажбурлаш» ва тил ўрганмаганларни «мактабларга қўймаслик»ка чақирган.
Август ойи охирларида Россия либерал демократик партияси депутатлари мигрантларга оилаларини мамлакатга олиб келишни тақиқлашни таклиф қилган эди. Улар бу ташаббусни хорижликлар ўз она тилларида гаплашиши ва маҳаллий русларга беписанд муносабатда бўлаётгани билан тушунтиришган.
Меҳнат миграцияси оқимини қийинлаштиришга қаратилган ташаббуслар Россия меҳнат бозорида танқислик вужудга келаётган бир чоғда янграётгани ҳайратланарли: чунки кундан кунга янада кўпроқ компаниялар маҳсулот ишлаб чиқариш ва нархларга салбий таъсир кўрсатаётган кадрлар етишмовчилиги ҳақида бонг уриб келишмоқда.
Масалан, Россияда энг машҳур такси сервиси бўлган «Яндекс такси» 130 минг ишчи етишмаётгани туфайли нархларни «бир неча ўн фоизга» оширишга мажбурлигини айтган. Шунингдек, «Магнит» дўконлар тармоғи куриерлар етишмаётганидан шикоят қилган. Мигрантларга қарши рейдлар оқибати ўлароқ, «Пятёрочка» ва «Перекрёсток» озиқ-овқат дўконлари тармоғида маҳсулот сараловчилар етишмовчилиги туфайли бир неча кунлаб нон, ун, ёрмалар, шакар ва ичимлик сув пештахталарга чиқмай қолган.
Россия Марказий банки раиси Элвира Набиуллина ҳам муаммони тан олган ва «миграция оқимлари» билан боғлиқ ишчи кучларининг етишмовчилиги иқтисодиётга ҳам салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган.
«Меҳнат бозорида танқислик ортиб бормоқда. Сўнгги сўровларга кўра, корхоналарнинг 72 фоизи ўз олдидаги асосий муаммо сифатида ишчи кучларининг етишмовчилигини кўрсатган. Бу муҳим кўрсаткич. Миграция оқимлари, албатта, меҳнат бозоридаги тарангликка ўз таъсирини кўрсатади», — деган Набиуллина.
Кавказортида сулҳ яқин
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Черноббио халқаро форумида Арманистон билан музокараларда жузъий муваффақиятларга эришилганини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, сулҳ шартномаси матнининг 80 фоизи аллақачон икки томондан тасдиқланиб бўлган.
«Биз Жанубий Кавказда тинчликка эришишимиз мумкин. Бунга Озарбойжон ва Арманистон ўртасида ўтаётган сулҳ музокаралари давомида эришишимиз имкони эканини кўриб турибмиз», — деган Алиев.
Озарбойжон президенти чегараларни делимитация қилиш жараёнини бошлаш жуда муҳим эканини такидлаган. «Ҳа, бу дастлабки кичик қадам бўларди, чунки Арманистон билан минг километрлик умумий чегарадан фақат 13 километри келишилган. Бироқ бу тўғри йўналишдаги қадамдир», — деган Озарбойжон етакчиси.
Алиев можаронинг узоқ тарихини ёдга олди ва уни ҳал қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар, жумладан БМТ Хавфсизлик кенгашининг тўртта резолюцияси натижа бермаганини эслатиб ўтди.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024