Жаҳон | 15:12 / 10.09.2024
4083
9 дақиқада ўқилади

Женинда ушланган фаластинликлар, Истанбул келишувларига аралашган АҚШ ва кутилаётган кучли магнит бўронлари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода Исроил босқини якунланмасдан, музокаралар боши берк кўчага кириб қолгач, Исроил оккупацион кучлари Ғарбий соҳилда ҳам фаластинликларга зулм ўтказишни бошлаб юборди.

Исроиллик журналист Халлел Битон Розен Х ижтимоий тармоғида исроиллик ҳарбийлар Женин шаҳрида ушланган фаластинлик болалар, аёллар ва эркакларни бир қаторга тизаётгани видеосини тарқатди.

Журналист буни «Женин поезди» деб атаган. Бу худди Россияда марказий осиёлик меҳнат мигрантларини кучишлатар тизим ходимлари қўлларни елкасига қўйиб орқама-орқа олиб кетишини эслатиб юборади.

Исроил кучлари инфратузилмага талафот етказганча, бир ҳафтадан буён Ғарбий соҳилда кенг кўламли рейдлар ўтказиб келмоқда.

Операция 20 йилдан буён давом этаётган босқинчилик ҳарбий кампаниясининг бир қисмига айланди. Ҳозиргача Ғарбий соҳилда ўнлаб фаластинликлар ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Ғазода эса 339 кундан буён давом этаётган Исроил зарбаларидан ҳалок бўлганлар сони 40 минг 988 кишига етди. Ярадорлар сони 94 минг 825 кишини ташкил этмоқда. Сўнгги сутка ичида Ғазо секторининг турли қисмларида икки оммавий қирғин содир этилиб, 16 киши ҳалок бўлган ва 64 фаластинлик яраланган.

Исроилнинг Сурияга зарбаси

Исроил Суриядаги ҳарбий объектларга зарба берди. Масяф шаҳрига берилган зарба натижасида тўрт киши ҳалок бўлган ва 15 киши яраланган, деб хабар қилмоқда маҳаллий ҳокимият.

SANA хабар агентлиги суриялик ҳарбийлардан бирига таяниб, Ливан шимоли-ғарбидаги ҳудудлар устида учган Исроил самолётлари маҳаллий вақт билан якшанба куни соат тахминан 23:20 да «марказий ҳудудлардаги қатор ҳарбий объектлар»га зарба йўллагани ҳақида хабар берган.

«Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларимиз бир неча ракетани уриб туширди», — дея қўшимча қилган ҳарбий манба.

Зарба беришдан кўзланган мақсад Эрон томонидан қурилган, «Ҳизбуллоҳ» учун қурол-яроғ ишлаб чиқараётган илмий-тадқиқот маркази бўлиши мумкин.

АҚШнинг музокараларга аралашуви

АҚШ Россия ва Украина ўртасидаги Истанбул келишувлари барбод бўлишида иштирок этганми?

АҚШ давлат котибининг собиқ ўринбосари Виктория Нуланд россиялик журналистга берган интервюсида 2022 йилнинг баҳорида Россия ва Украина ўртасидаги Истанбулда эришилган келишувларнинг барбод бўлишида АҚШнинг роли ҳақида сўзлаб берди.

Нуланднинг сўзларига кўра, Украина томони ҳали музокараларнинг якунловчи босқичида АҚШ билан маслаҳат қилган. Америка вакиллари келишувнинг бир неча шартлари Украинани ютқазадиган ҳолатга тушириб қўйиши мумкинлигидан ташвишини билдирган.

«Украина ўша пайтда ҳарбий куч сифатида жуда ожиз ҳолатда эди. Бироқ, Россия учун бундай чекловлар назарда тутилмаган. Россиядан чекиниш талаб қилинмаган. Ундан Украина билан чегарада буфер зона яратиш талаб қилинмаган. Чегарада қандайдир қурол-яроғ ва техникаларни жойлаштиришга тақиқ кўзланмаган эди», — деган Нуланд.

Томонлар келиша олмаган 17 саҳифадан иборат келишувнинг деталларини илк марта The Wall Street Journal нашри 2024 йилнинг мартида очиқлаган эди. Асосий келишмовчиликлар Украина армиясининг сони, қурол-яроқлари ва рус тилининг статуси масаласида бўлган.

Бироқ, 2024 йилнинг июнидан буён Россия президенти Владимир Путин айнан ўша Истанбул келишувлари Украинага босқин бўйича бўлажак музокараларда асос бўлиши мумкинлигини такрорлаб келмоқда.

Арманистон рус аскарларини қувадими?

Арманистон парламенти спикери Ален Симонян Арманистоннинг Эрон ва Туркия билан чегараларини қўриқлаётган россиялик аскарларнинг статусини қайта кўриб чиқиш зарурияти ҳақидаги масалани ўртага ташлади. Бу баёнот Арманистон ва Россия ўртасидаги муносабатларда таранглик ортиб бораётганидан далолат беради.

«Ҳозир Туркия ва Эрон билан чегараларимизни россиялик чегарачилар қўриқламоқда. Фикримча, бу ерда ҳам ўйлаб кўришимиз лозим бўлган жиҳатлар бор», — деган Симонян.

Россиялик чегарачилар Арманистоннинг Туркия билан 345 километрлик, Эрон билан 45 километрлик участкасини 1992 йилда тузилган давлатлараро шартнома бўйича қўриқлашмоқда. Бу схема СССР давридан буён ўзгармасдан сақланиб келмоқда.

Арманистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар Иккинчи Қорабоғ урушидан сўнг кескин ёмонлашган. Россия билан муносабатлари совий бошлагач, Арманистон параллел равишда ғарб давлатлари билан алоқаларни кучайтира бошлаган ва евроинтеграцияга катта қизиқиш билдира бошлаган.

Арманистон ва Европа Иттифоқи виза режимини кўриб чиқиш бўйича музокараларни бошлади.

«Муносабатларимизда сезиларли ўзгаришлар борлигидан хурсандман: виза режимини либераллаштириш бўйича музокаралар бошланмоқда, Арманистон Республикасини Европа тинчлик фонди орқали қўллаб-қувватлаш қарори қабул қилинди, биз буни жуда қадрлаймиз», — деган Арманистон бош вазири Никол Пашинян Еврокомиссия раҳбари ўринбосари Маргаритис Схинас билан учрашувда.

Париждан Остонага

Парижда 2024 йилги паралимпия ўйинлари ниҳояланди. Унда 168 давлатдан 4,5 мингдан ортиқ спортчилар 550 дан ортиқ медаллар шодаси учун кураш олиб боришди.

Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза — жами 26 та медал билан 13-ўринни эгаллаб, тарихий рекорд ўрнатди. Бу Марказий Осиё, шунингдек, турк ва ислом давлатлари орасида энг юқори натижа бўлди.

94 та олтин, 75 та кумуш ва 50 та бронза — жами 220 та медал тўплаган Хитой мутлақ етакчи бўлди.

Паралимпия ўйинлари тугаши билан Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида 8-13 сентябр кунлари Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари старт олди. Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам меҳмон бўлди.

Мазкур ўйинларда дунёнинг 100 дан ортиқ давлати вакиллари спорт ва маданият йўналишларида баҳслашишади.

Бу йилги мусобақаларда урғу нафақат анъанавий спорт мусобақаларига, шунингдек, қадимий анъаналарни сақлаб келаётган ҳунармандларга оид уникал маданий дастурга ҳам қаратилади.

«Кўчманчилар олами» этноовули қўли гул усталарнинг ясаган нарсаларини томоша қилиш мумкин бўлган масканга айланиши кутилмоқда.

Ветнамдаги тайфун оқибатлари

Ветнамда Яги тайфуни натижасида қурбон бўлганлар сони 21 кишигача етган. Мамлакатнинг шимолий қисмида тайфун кучли сув тошқинларини келтириб чиқарган.

Vietnam News сайти Сув ресурсларини бошқариш ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бошқармасига таяниб хабар қилишича, табиий офат натижасида ҳалок бўлганлар сони 21 кишига етган.

Шунингдек, 229 киши турли даражада тан жароҳатлари олгани, 8 мингдан зиёд уйлар зарарлангани хабар қилинмоқда. Тайфун оқибатида 110 минг гектардан зиёд шолизорлар яксон бўлган.

Шунингдек, супертайфун Йенбай вилоятидаги Люкйен дарёси қирғоғида улкан тупроқ кўчишига ҳам сабаб бўлган.

Жазоирдаги сайлов

Жазоир президенти Абдулмажид Теббун яна мамлакат президенти лавозимига қайта сайланган. У 94,65 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлган.

Буни Жазоир Мустақил Миллий сайлов маъмурияти раҳбари Муҳаммад Шарифий матбуот анжуманида эълон қилган.

Тинчлик жамияти ҳаракати исломий партиясидан номзод Абдулаали Ҳасаний 3,17 фоиз, Социалистик кучлар ҳаракати бош котиби Юсуф Уссуший эса 2,16 фоиз овоз жамғарган.

Шарифий сайловларда давомат 48 фоиз бўлганини қайд этган.

Магнит бўронлари кутилмоқда

Сентябр ойининг кейинги кунлари об-ҳавога сезгир одамлар учун хавфли бўлиши мумкин.

Қуёшда магнит бўронини қўзғатиши мумкин бўлган қора плазма отилиши қайд этилди. Бундай ҳодисалар соғлиғи об-ҳавога боғлиқ бўлган одамлар учун хавфли бўлиб, салбий аломатларга олиб келиши мумкин.

Space Weather маълумотларига кўра, Қуёшда қора плазма отилиши оқибатида 10-11 сентябр кунлари Ерда магнит бўронлари кузатилади. Уларнинг кучи 6 баллгача етиши мумкин.

Геомагнит бўронлар об-ҳавога сезгир ва кекса одамларга, шунингдек, сурункали касалликларга чалинганлар ва ҳомиладор аёлларга кўпроқ таъсир кўрсатади. Қуёш фаоллиги юқори бўлган кунларда бош оғриғи, бош айланиши, бўғим ва мушак оғриғи, кўнгил айниши, юқори қон босими, заифлик ва уйқусизлик пайдо бўлиши мумкин.

Бўронларнинг салбий таъсирини камайтириш учун соғлом турмуш тарзини олиб бориш зарур.

Мавзуга оид