Жаҳон | 14:17 / 11.09.2024
4634
9 дақиқада ўқилади

Ғазодаги қочқинлар лагерига ташланган бомба, ЖАРга ўтказилаётган босим ва арзонлашда давом этаётган нефт — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил армияси Ғазо секторининг жанубидаги Хон Юнус шаҳрида ҳуманитар зона ҳисобланувчи Ал-Мавасий қочқинлар лагерига учта ракета зарбаси берди. Камида 40 киши ҳалок бўлган ва яна 60 киши яралангани хабар қилинмоқда.

Зарбалар натижасида чодир тикилган жойларда улкан хандақлар ҳосил бўлган ва бутун бир оилалар тупроққа қоришиб кетган.

Ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганларни қидириш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.

Euro-Med Human Rights ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Исроил ҳарбий самолётлари ҳужумда АҚШда ишлаб чиқарилган МК-84 авиацион бомбаларидан фойдаланганини хабар қилган.

Бундай бомбалар диаметри 15 метр, чуқурлиги 10 метр бўлган воронка ҳосил қилади. 73 метр радиусдаги тирик жонларни ўлдиради.

Бундай икки тоннали бомбалар Ал-Мавасий лагерига 2024 йилнинг июлида ҳам ташланган, ўшанда 70 киши ҳалок бўлган ва кўплаб инсонлар яраланган эди. Шунингдек, Жабалия, Ал-Мамаданий ва Ал-Нусайрат бозоридаги қирғинларда ҳам шу бомбалардан фойдаланилган.

АҚШ 7 октябрдан буён Исроилга 14 мингта шундай бомбалар етказиб берган.

Жаҳон ҳамжамияти Исроилнинг Фаластиндаги қочқинлар лагерига берган бу зарбасини кескин қораламоқда.

Ал-Мавасий қочқинлар лагерига зарба берилишидан аввал Ғазодаги геноцидли урушнинг 340-кунига келиб қурбонлар сони 41 минг 20 кишига етган. Ярадорлар сони 94 минг 925 нафар деб ҳисобланаётган эди.

Ғазода ўқув йили ишламаётган мактаблар билан бошланди. БМТнинг Яқин Шарқ бўйича агентлиги — UNRWAʼнинг маълум қилишича, Ғазодаги мактаб биноларнинг 85 фоизига ё зиён етказилган ё тиклаб бўлмас даражада вайрон қилинган. Энди фойдаланиш учун улар қайтадан қурилиши керак ёки капитал таъмирланиши лозим. Бомбаланган мактаблар орасида UNRWA мактаблари ҳам бор.

Фаластин таълим вазирлиги бироз бошқача рақам келтирган. Ғазода Исроил авиазарбалари натижасида мактабларнинг 90 фоизи вайрон қилинган ва шикаст етказилган.

Исроил ЖАРга босим ўтказмоқда

Жанубий Африка Республикаси БМТ Халқаро судидан Ғазодаги геноцид тўғрисидаги даъво аризасини қайтариб олиш учун Исроил АҚШ Конгресси аъзоларига таъсир ўтказмоқда.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги АҚШдаги дипломатларига махфий нома йўллаб, жанубий африкалик дипломатлар ва америкалик қонун чиқарувчилар билан қандай ҳаракат қилиш бўйича йўриқномани тушунтирган. Ҳужжатда Жанубий Африка агар геноцид тўғрисидаги ишни давом эттирса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши, жумладан мамлакат савдо санкцияларига дучор бўлиши мумкинлиги таъкидланган.

«Биз Федерал даражадаги ва штатлардаги қонун чиқарувчилар, губернаторлар ва яҳудийлар ташкилотлари билан ишлашни зудлик билан бошлаш, Исроилга нисбатан сиёсатини ўзгартириш учун ЖАРга босимни ошириш, ҲАМАСни қўллаш, халқаро судларга аксилисроил қадамлар ташлаш каби ҳозирги ҳаракатларини давом эттирса, катта тўлов қилишини тушунтириб қўйишни сўраймиз» — дейилади махфий номада.

Жанубий Африка Республикаси 2023 йилнинг декабрида БМТ халқаро судида Гаҳодаги урушда Тел-Авив 1948 йилги геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузганликда айблаб, Исроилга нисбатан геноцид тўғрисида иш очилишига сабаб бўлган эди. Иш давом этиши учун 28 октябргача ЖАР судга ўз асосларини тақдим этиши керак. ЖАРнинг даъво аризасига Туркия ва яна 12 та мамлакат қўшилган.

Россия-Украина уруши

Россиянинг собиқ мудофаа вазири, айни пайтда Хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб ишлаётган Сергей Шойгу токи Украина қуролли кучлари Россия ҳудудини тарк этмас экан, улар билан музокаралар имконсиз, деб атаган.

«Украина қўшинлари Россия ҳудудидан «итқитиб» ташланмас экан, Россия Украина билан ҳеч қандай музокараларда иштирок этмайди», — деган Шойгу «Россия-24» каналига берган интервюсида.

Шойгу шунингдек, Россия Украина билан музокараларга киришмагани, киришмаётгани ва киришмаслигининг яна бир сабаби сифатида «Курсак атом электр станциясига нисбатан ядровий террорга интилиш терроризмнинг олий босқичи» эканини айтиб ўтган.

Яъни украинлар АЭС томон интилиб, уни босиб олишни ният қилган. Аммо «бунинг уддасидан чиқа олишмаган».

Украина тунда Россияга дронлар воситасида ҳужум қилган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари турли ҳудудларда 124 та дронни уриб туширганини маълум қилган. Айрим дронлар турар жой биноларига келиб урилган. Москва шаҳрида кўп қаватли уйга дрон келиб урилиши натижасида икки киши ҳалок бўлгани маълум қилинмоқда.

Озарбойжон ва Арманистон сулҳи

Озарбойжон ва Арманистон тинчлик шартномаси бўйича музокараларда сезиларли муваффақиятларга эришган. Арманистон бош вазири Никол Пашинян «Ереван мулоқоти» форумида мамлакатлар шартнома матнининг 80 фоизини келишиб бўлганини қайд этган.

«Тинчлик шартномасининг 80 фоизи, жумладан 13 та модда ва кириш қисми келишиб бўлинган. Иккита модда қисман келишилган — уларнинг ҳар бири иккитадан гапдан иборат», — дея аниқлик киритган Пашинян.

Арманистон бош вазири баёнотига кўра, ҳужжат Ереван ва Боку ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилишини назарда тутади. Шунингдек, у чегараларни демилитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳам силжиш кузатилаётганини айтиб ўтган.

Арманистон келишиб олинган пунктларни имзолаш ва қолганлари устида ишлашни давом эттиришни таклиф қилмоқда. 9 сентябр куни Арманистон Озарбойжонга тинчлик шартномасининг ўнинчи марта таҳрирланган версиясини узатган.

Бироқ Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ойхон Ҳожизоданинг сўзларига кўра, лойиҳанинг айрим бандларини келишишнинг иложи йўқ. Озарбойжон тарафи Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳини тарқатиб юбориш ва келгусида эҳтимолли ҳудудий эътирозлар келиб чиқишининг олдини олиш учун Арманистон конституциясига ўзгартириш киритишни талаб қилмоқда.

Тобора пастлаётган нефт

Жаҳон бозорида нефт нархи 2021 йилдан бери энг паст кўрсаткичга тушиб кетди. Бир кун ичида нефт фючерслари қарийб 4 фоизга арзонлашди, икки ҳафта ичида эса қиймати 15 фоизга пасайди. Натижада нефт бозори Украинадаги урушдан олдинги даражага қайтди.

Украинадаги урушдан кейин нархлари сўнгги 14 йилда максимумга чиқиб кетган жаҳон нефт бозори қулашни бошлади. 10 сентябр кунги савдоларда Brent маркали нефтнинг баррели учун 70 доллардан камроқ таклиф этилди, ҳатто унинг нархи 68,68 долларгача тушди — бу 2021 йил 1 декабрдан бери кузатилган энг паст кўрсаткичдир.

Украинага уюштирилган ҳужумнинг дастлабки ҳафтасида нефт нархи максимумга чиққанди: 2022 йил 7 март куни Brent котировкалари баррели учун 139 долларгача кўтарилган бўлиб, шундан буён унинг қиймати икки баробардан ортиққа тушиб кетди.

Нефт бозори асосий импортчи — Хитой иқтисодиёти секинлашгани туфайли қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Иккинчи чоракда Хитой ЯИМ 4,7 фоизни ташкил этган, бу январ-мартдаги кўрсаткич — 5,3 фоиздан паст.

Хитой нефт импорти биринчи ярим йилликда 11 фоизга тушиб кетган. Июл ойида эса сўнгги икки йилдаги энг паст кўрсаткични қайд этган — кунига 10 миллион баррел.

Австралияда болаларга тақиқ

Австралияда ёш болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин.

Австралия бош вазири Энтони Албанезе 10 сентябр куни болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқларда қайддан ўтиш чегараси 14-16 ёш қилиб белгиланиши мумкин. Бош вазир болаларнинг ижтимоий тармоққа уланишини чекловчи федерал қонунлар йил сўнгига қадар кучга киради.

Албанезе ижтимоий тармоқларнинг ёшларга таъсирини «ҳалокат» деб атаган. У энг камида ҳали 16 ёш тўлмаган болаларга тақиқ ўрнатилиши кераклигини таъкидлаган. Яқин ойлар ичида ҳукумат қайддан ўтиш жараёнида ёшни аниқлашнинг турли усулларини синовдан ўтказмоқчи.

«Мен болалар ўз гаджетларини йиғиштириб, футбол, сузиш ва теннис ўйнашларини истайман», — деган Албанезе. «‎Биз болаларимизда реал инсонлар билан мулоқот қилиш бўйича реал тажриба бўлишини истаймиз. Чунки ижтимоий тармоқлар ижтимоий зиён етказмоқда», — деган у.

Мухолифатнинг консерватив етакчиси Питер Даттон ҳам ҳукуматнинг чекловини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Мавзуга оид