Лукашенко яна 37 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
Беларус президенти томонидан афв этилганларнинг олти нафари — аёллар, шунингдек, улар орасида ногиронлиги мавжуд шахслар ва пенционерлар ҳам бор.
Беларус президенти Александр Лукашенко 16 сентябр куни «экстремистик жиноятлари» учун судланган 37 нафар сиёсий маҳбусни афв этиш бўйича қарорни имзолади. Уларнинг олти нафари — аёллар, шунингдек, афв этилганлар орасида ногиронлиги мавжуд шахслар ва пенционерлар ҳам бор.
Афв этилганлар рўйхати эълон қилинмади. Таъкидланишича, уларнинг барчаси «қилмишидан пушаймон бўлиб, озодликка қайтиш имконияти берилишини сўраган».
Бу Лукашенко томонидан охирги бир неча ҳафта ичида афв этишга оид учинчи қарорнинг қабул қилинишидир: 16 август куни мамлакат қамоқхоналарида ҳибсга сақланиб келинган 30 нафар сиёсий маҳбус озод этилганди. 4 сентябрда ҳам Беларус етакчиси яна 30 маҳбусни афв этган эди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари, ғарб дипломатлари, шунингдек, Беларус мухолифати бу каби акциялар Лукашенко режимининг моҳиятини ўзгартирмаслигини таъкидламоқда — 1,4 мингга яқин одам қамоқда қоляпти. Энг машҳур сиёсий маҳбуслар орасида Мария Колесникова ҳам бор бўлиб, унинг яқинлари Мария колонияда ўлдириб юборилишидан хавотирда: айни вақтда бўйининг баландлиги 175 сантиметрга етадиган Колесникованинг вазни 45 килограммга тушиб кетган, у ошқозонидаги яра сабаб қамоқхона овқатини ея олмайди. Бундан ташқари, узоқ муддатга қамалган сиёсий маҳбуслар орасида ҳуқуқ ҳимоячиси ва тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати Алес Беляцкий, шунингдек, Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғи Сергей Тихановский ҳам бор.
Беларусда 2020 йил 9 августда ўтказилган президентлик сайловларидан кейин оммавий норозилик намойишлари бошланган эди. Акция иштирокчилари янги, ҳалол сайловлар ўтказилишини ва сиёсий маҳбуслар озод этилишини талаб қилганди. Кучишлатар тузилмалар вакиллари намойишларни тарқатишда фуқароларига нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлган. Акциянинг дастлабки кунидаёқ қарийб 7 минг киши ушланган, камида икки киши ҳалок бўлган эди.
Мавзуга оид
18:53 / 10.12.2024
Лукашенко: Беларусда ўнлаб ядровий каллаклар бор
02:18 / 07.12.2024
Путин ва Лукашенко хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартномани имзолади
23:47 / 23.11.2024
Лукашенко полшалик қочоқ судяга бошпана тақдим этди
21:16 / 22.11.2024