Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу ўтган ҳафта охиридан буён аввалига КХДРда бўлди, кейин Сурия ва Эронга ўтди. Унинг Кремлга дўстона муносабатда бўлган, АҚШ томонидан «ёвузлик ўқи» деб аталадиган чизиқда жойлашган мамлакатлар бўйлаб турнеси бир томонда ғарб мулозимларининг Россия ўз иттифоқчиларидан ракеталар олаётгани ҳақидаги баёнотлари янграётган, иккинчи томонда Москва Украина ўз ҳамкорларидан олган ракеталар билан Россия ҳудуди бўйлаб зарба йўллашга рухсат берилишидан хавфсираётган фонда амалга оширилди. Шойгу айнан нималарни муҳокама қилган бўлиши мумкин ва унинг турнеси нимани англатади?

Сергей Шойгу ўрнига Андрей Белоусов мудофаа этиб тайинланганидан буён уч ярим ой вақт ўтганига қарамай, вазирликда юқори лавозимли мулозимлар қўлга олиниши давом этаётган бўлса-да, Шойгунинг ўзининг бошқарув аппаратидаги позицияси, афтидан, жабрланмаган. Эндиликда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби бўлган ушбу мулозим учун ўтган иш ҳафтаси анча тиғиз кечди — у кўп бор парвоз қилиб, турли даражада музокаралар ўтказди.

Аввалига Шойгу Пхенянга учиб бориб, КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан учрашди, хабар қилишларича, улар икки мамлакат ўртасидаги стратегик мулоқотни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилишган. Шундан кейин Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Дамашққа учди, бу ерда у президент Башар Асад билан «халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари»ни муҳокама қилди.

Шойгунинг навбатдаги манзили Теҳрон бўлди — у бу мамлакатга олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан келган. Эрон пойтахтида аввалига у ўз ҳамкасби — Эрон миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Акбар Аҳмадиён билан учрашди, кейин эса мамлакатнинг яқинда сайланган президенти Маъсуд Пизишкиён билан музокаралар ўтказди.

Россиянинг ТАСС давлат агентлигига кўра, Шойгу президентга «Владимир Путиннинг номаси»ни етказган ва «эришилган келишувлар бўйича қандайдир ҳисобот»ни тақдим этган. Пизишкиён бунга жавобан Теҳрон ва Москва муносабатлари «доимий, узлуксиз ва узоқ муддатли асосда ривожланиб бориши»га ваъда берди, дея хабар берган Эроннинг IRNA давлат агентлиги. Эрондаги IRIB телеканали қўшимча қилишича, Шойгу ва Аҳмадиён икки томонлама алоқалар истиқболларини муҳокама қилишган.

Ҳамкорлик шартномалари

Эронга ташрифи олдидан Шойгу Россия Москва ҳамда Теҳрон ўртасидаги янги келишувни имзолаш учун зарур бўлган «ички процедуралар»ни якунлаётганини айтганди.

Росия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар асослари ва ҳамкорлик тамойиллари тўғрисидаги шартнома 2001 йилда Москвада имзоланган. Бир йил ўтиб у кучга кирган ва ҳар беш йилда муддати автоматик тарзда узайтирилган. Аммо йигирма йил ўтиб, 2022 йил январида, Эроннинг олдинги президенти Иброҳим Раисий ташрифидан сўнг ОАВда келишувнинг янги версияси устида иш бошлангани ҳақида ёзилди.