Ливанда портлашларнинг иккинчи тўлқини, урушнинг янги босқичини бошлаётган Исроил ва АҚШдаги сайловларга аралашаётган Россия — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ливандаги портлашлар
Ливанда уч мингга яқин пейжерлар портлагач, иккинчи тўлқинда рация ва бошқа техникалар ҳам портлай бошлаган. «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи аъзоларига тегишли турли электрон қурилмалар, гаджетлар, мотоцикллардаги электроника, автомобиллар ва бошқа қурилмалар портлагани ҳам хабар қилинмоқда.
Айрим манбалар рациялардан ташқари, ноутбуклар ва смартфонлар портлагани ҳақида ҳам хабар берган, бироқ бу ҳали расман тасдиқланмаган.
Reuters хабарига кўра, техникалар 18 сентябр куни мамлакат жанубида ва Байрутнинг жанубий чеккасида портлагани қайд этилган. Ушбу рациялар «Ҳизбуллоҳ» томонидан беш ой олдин, пейжерлар билан бир вақтда сотиб олингани таъкидланмоқда.
Янги портлашлар оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди, юздан ортиқ киши жароҳатланган.
Аҳолининг сўзларига кўра, уяли телефон дўконлари ва ҳатто уйлардаги техникалар портлатилган. Баъзи турар жой биноларида ёнғин бошланган.
Портлашлардан бири 17 сентябр куни пейжер портлаши оқибатида ҳалок бўлган одамнинг дафн маросимида юз берган.
Ливан бўйлаб портлаган рациялар Япониянинг ICOM компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. «Моссад» уларга худди пейжерлар каби портловчи моддалар жойлаштирган бўлиши мумкин.
17 сентябр куни Ливанда пейжерлар портлаши оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, уч мингдан ортиқ киши жароҳатланди. «Ҳизбуллоҳ» пейжер портлашларида Исроилни айблади ва бунга жавобан «кескин қасос» билан таҳдид қилди. Исроил расмийлари ҳозирча воқеага изоҳ бермади.
Исроил: «урушнинг янги босқичи»
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант «урушнинг янги босқичи» бошланганини эълон қилди. Исроил мудофаа кучларининг 98-дивизияси Ғазо секторида бир неча ой давом этган жанглардан сўнг мамлакат шимолига, Ливан чегарасига кўчирилмоқда.
«Оғирлик маркази шимолга қараб кўчмоқда. Биз кучларни, ресурсларни ва энергияни шимолга йўналтирмоқдамиз», деди Галлант ўз идораси томонидан тарқатилган баёнотда.
Тонгда Исроил мудофаа кучларининг 98-дивизияси Ғазо секторида бир неча ой давом этган жанглардан сўнг мамлакат шимолига кўчирилган.
«Мен бу урушнинг янги босқичи арафасида эканлигимизга ишонаман ва биз мослашишимиз керак. Бизга вақт ўтиши билан изчиллик керак бўлади», деди Галлант.
Исроилнинг шимолдаги урушининг мақсадлари «аниқ ва оддий: шимолдаги шаҳарлар аҳолисини ўз уйига эсон-омон қайтариш».
«Биз гаровга олинганларни ва жанубдаги вазифаларимизни унутганимиз йўқ. Бу бизнинг бурчимиз ва биз уни бир вақтнинг ўзида бажарамиз», деб қўшимча қилди Галлант.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам 10 сониялик чиқиш қилиб, мамлакат шимолида яшовчиларга тез орада ўз уйларига қайтишларини ваъда қилди. Оммавий ахборот воситалари буни Ливанга ҳужум бошланаётгани билан талқин қилишди.
Россияга дронлар ҳужуми
18 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг Твер области Торопец шаҳрига дронлар ҳужуми туфайли қисман эвакуация эълон қилинди. Шаҳарда портлаш содир бўлган, кейин эса кучли ёнғин юзага келган.
Торопецда ўқ-дорилар, ракеталар ва бошқа портловчи моддалар сақланадиган йирик арсенал мавжуд. Катта эҳтимол билан дронлар ўша омборга ҳужум қилган.
Бу ердаги ўнлаб омборларнинг ҳар бири 240 тоннагача ўқ-дорилари сиғдира олади. Россия мудофаа вазирлиги 2018 йилда реконструкциядан сўнг ушбу омбор «ядровий портлашга ҳам дош бера олиши»ни таъкидлаган эди.
Каналларда тарқалган видеоларда дроннинг кичик заряди эмас, ўқ-дори детонациясини эслатувчи кучли портлаш видеоси тарқалган.
BBC украин хизматининг Украина хавфсизлик хизматидаги манбаси украин дронлари Твер областида «Искандер» ва «Точка-У» ракеталари, шунингдек, нишонга ўзи борувчи авиабомбалар «омбори йўқ қилингани» ҳақида айтган.
Област губернатори шаҳарга кириш очилгани, дронлар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар ва жиддий жароҳатланганлар йўқлигини маълум қилган. Кейинроқ 13 киши шифохонага ётқизилгани, уларнинг ҳолати ўрта оғирликда эканини маълум қилган.
Украинанинг Россия ҳарбий омборларига қилган бу ҳужумлари жанг майдонидаги барча вазиятга ўз таъсирини ўтказади, деб ёзди урушни ўрганиш институти.
Курск фронтидан хабарлар
Россиянинг Курск областидаги контрҳужуми тўхтатилди, деб хабар бермоқда Украина қуролли кучлари.
«Улар қанотлардан ҳужум қилишга интилиб кўришди, лекин улар тўхтатилди», — деган AFP’га Украина қуролли кучларининг Курскдаги қўмондонлиги матбуот котиби Олексий Дмитрашковский.
Аввалроқ Россия бир неча қишлоқ украинлардан озод қилинганини хабар берган эди. Дмитрашковскийнинг сўзларига кўра, «вазият барқарорлашган ва бугунги кунга келиб ҳаммаси яна назорат остида, руслар муваффақиятга эриша олмаган».
Кейинроқ ўзини ошкор этмаган украиналик мулозим AFP'га «Россиянинг Курскдаги операцияси давом этаётгани, ҳали тўлиқ барбод бўлгани ҳақида гапиришга эрта» эканини айтган.
Дмитрашковскийнинг аниқлик киритишича, Украина қуролли кучлари эгаллаган районларда «бир неча минг» россиялик тинч аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. «Айрим қишлоқларда 100-500 нафарча одам яшамоқда», — деган у.
Август ойининг охирларидан буён Россиянинг Курск области бўйлаб берган зарбаларидан 23 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. «Улар украин ҳарбийлари билан бирга ҳалок бўлмоқда», деган Дмитрашковский. Тинч аҳоли вакилларига ҳудудни тарк этиш, ҳудуд бўйлаб ҳаракатланиш тақиқланганини айтган.
Россия-Украина уруши йўқотишлари
Американинг The Wall Street Journal газетаси ҳисоб-китобларига кўра, икки ярим йил аввал бошланган кенг кўламли урушда ҳалок бўлган ва яраланган украиналиклар ва россияликлар сони тахминан 1 миллионга етган.
Нашр маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага қарши уруши пайтида 80 минг украин аскари ва 200 минг россиялик ҳалок бўлган.
Журналистларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Украинада ҳам, Россияда ҳам яраланган ҳарбий хизматчилар сони тахминан тенг ва ҳар бир томондан 400 мингга яқин. Ҳар икки томондан ўлганлар ва ярадорларнинг аниқ сонини аниқлаш жуда қийин, чунки Россия ҳам, Украина ҳам ўз йўқотишлари ҳақидаги расмий ҳисоб-китобларни эълон қилмасдан келмоқда, шунингдек, ишончсизликни келтириб чиқарадиган маълумотларни тарқатмоқда, деб ёзади газета.
Айни пайтда, ҳар икки давлатдаги бундай катта йўқотишлар нафақат ҳозир, балки келажакда ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқаради – улар жанг майдонида муаммоларни юзага келтиради ва демографик хавотирларни кучайтиради. Айниқса, аҳолиси бир неча баравар кам бўлган Украина учун бундай йўқотишлар Россияга қараганда анча катта зарарга олиб келади.
Украина ва Россия расмийлари йўқотишлар ҳақида расмий маълумот бермаса-да, журналистлар очиқ маълумотлар асосида ҳалок бўлганларнинг аниқ рўйхатини юритмоқда. «Медиазона» ва «Би-би-си рус хизмати» маълумотларига кўра, урушда 69 мингдан ортиқ россиялик ҳалок бўлган.
АҚШдаги сайловлар
Ижтимоий тармоқларда Россияга алоқадор гуруҳлар томонидан Демократик партия номидан АҚШ президентлигига номзод Камала Ҳарриснинг сайловолди кампаниясини обрўсизлантиришга қаратилган видеолар тарқатилиши кўпаймоқда.
Бу ҳақда Microsoft компаниясининг ҳисоботида сўз боради.
Мисол сифатида Х ижтимоий тармоғида миллионлаб марта томоша қилинган иккита видео келтирилган. Улардан бирида Ҳаррис тарафдорларидан бири экани айтилаётган шахс президентликка номзод Доналд Трампнинг сайловолди митинги иштирокчисига ҳужум қилгани тасвирланган.
Бошқа бир роликда эса Ҳаррис 2011 йилда Сан-Франсискода автомобил бошқараётиб 13 ёшли қизни уриб юборган ҳолда ЙТҲ содир этгани айтилади.
Мазкур видеолар маҳаллий ОАВга ўхшатиб бир неча кун олдин яратилган сайт орқали тарқатилган. Microsoft мазкур роликларнинг эълон қилинишига Кремлнинг «троллар фабрикасига» боғлиқ «Шторм-1516» гуруҳи жавобгар эканини маълум қилди.
Ҳарриснинг ЙТҲга боғлиқ тарихини ўрганган лойиҳа ушбу ролик Россиядаги кўплаб машҳур Telegram-каналларда ҳам тарқатилганини таъкидлади. Роликни ўрганиш жараёнида, ундаги рентген суратлари 2010 ва 2017 йиллардаги илмий мақолалардан олингани маълум бўлди. Бундан ташқари, Сан-Франциско полицияси 2011 йилда юз берган ЙТҲга оид маълумотлар мавжуд эмаслигини билдирди.
Ҳаррис билан боғлиқ роликлар билан «Шторм-1679» гуруҳи ҳам шуғулланмоқда. Шу каби роликларнинг бирида Ҳарриснинг ёлғон сиёсий қарашлари келтирилган Ню-Йоркдаги сохта реклама баннери намойиш этилган. Microsoft ушбу гуруҳни ҳам Кремл билан боғламоқда.
Microsoft ҳисоботида келтирилишича, олдинроқ ижтимоий тармоқлардаги бундай хабарлар асосан Жо Байденга қаратилган, аммо у президентлик пойгасидан чиққач, Ҳарриснинг сайловолди кампанияси диққат марказидан ўрин олган.
Мавзуга оид
13:59
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:16 / 19.12.2024
Ғазода оташкесим бўйича музокаралар, Туркияга таассуб қилаётган Сурия ва 1 млн мигрантни қувмоқчи бўлаётган Трамп — кун дайжести
13:45 / 18.12.2024