Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиядаги энг кўп меҳнат муҳожирлари Ўзбекистон фуқаролари экани маълум қилинди
РФ ички ишлар вазирлигига кўра, айни вақтда мамлакатда 1,8 миллион нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бор. Тожикистоннинг эса 1,2 миллион фуқароси Россияда ишламоқда. Икки мамлакатдан келган ишчилар Россиядаги жами мигрантларнинг қарийб ярмини ташкил қилмоқда.
Россия федерацияси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-полковник Александр Горовой Коммерсант нашрига берган интервьюсида мамлакатдаги мигрантлар сонига тўхталиб ўтди. Вазирликка кўра, Россияда 6,1 миллиондан ортиқ чет элликлар бўлиб, уларнинг асосий қисми Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидан келган. Нашр Ички ишлар вазирлигига таяниб, 2024 йил январь-август ойларида Россияда бўлиб турган, ушбу давлатга келган ва қайтиб кетган меҳнат муҳожирларига доир рақамларни очиқлади. Статистика — барча устунларда энг кўп Ўзбекистон фуқаролари эканини кўрсатмоқда.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 8 ойида Россияга 1 миллион 880 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси борган. Мамлакатдан чиқиб кетганлар сони эса 1,5 миллион кишидан ошади. Шу билан бирга 1 миллион 792 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари айни вақтда Россияда ишламоқда.
Кейинги ўринда 1,2 миллиондан ортиқ тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда бўлиб турганини кўриш мумкин.
Қозоғистон ва Россия ўртасидаги борди-келди муносабатлари миллиондан ошган бўлса-да, айни вақтда Россия бўлиб турган қозоғистонликлар сони нисбатан камроқ – 609 минг киши. Марказий Осиёнинг яна бир давлати Қирғизистоннинг эса 262 мингдан ортиқ фуқароси Россияда бўлиб турибди.
Россияда бўлиб турган қарийб ярим миллион хитойликлар рўйхатда тўртинчи ўринда. Бундан ташқари, Арманистон, Озарбойжон, Беларус, Туркия ва Туркманистоннинг ҳам юз минглаб фуқаролари Россия ҳудудида бўлиб турибди.
Россия ичидаги миграцион сиёсатни назорат қилувчи амалдорга кўра, мамлакатда 739 мингга яқин ноқонуний мигрантлар ҳам бор. Уларнинг асосий қисми ҳам Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбойжон фуқаролари.
Мавзуга оид
08:45
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
22:09 / 08.06.2026
«Газпром» Ўзбекистонга экспортни 15 фоизга оширганини маълум қилди
20:34 / 08.06.2026
Хоминаий ўлдирилгач, Россияда Путинни қўриқлаш учун яратилган кузатув тизими ўчириб қўйилди
18:06 / 08.06.2026