Жаҳон | 20:30 / 24.09.2024
3370
2 дақиқада ўқилади

Аргентина суди Венесуэла президенти Николас Мадурони ҳибсга олишга ордер берди

Аргентина суди Венесуэла раҳбари, мамлакат Миллий ассамблеяси раиси ва ҳукуматнинг бошқа бир қатор етакчиларини инсониятга қарши жиноятларда айбламоқда.

Фото: Reuters

Аргентина суди 23 сентябр куни Венесуэла раҳбариятининг бир қатор аъзоларини, жумладан, мамлакат президенти Николас Мадурони ҳам ҳибсга олишга ордер берди.

«Аргентина адлия органлари инсониятга қарши жиноятлари учун Николас Мадуро, Миллий ассамблея раиси Диосдадо Кабело ва Венесуэла ҳукуматининг бошқа етакчиларини ҳибсга олишга санкция берди», — дейилади хабарда.

Суд қарорида келтирилишича, «Венесуэлада камида 2014 йилда ишлаб чиқилган ва ҳали ҳам амалда бўлган қатағон, инсонларнинг йўқолиб қолиши, қийноққа солиш, ўлдириш ва тинч аҳолини таъқиб қилишнинг тизимли режаси амалда қўлланаётгани» исботланган.

Ҳибсга олишлар учун ордер беришда Аргентина суди инсониятга қарши жиноятларни қамраб оладиган умумий юрисдикция тамойилига амал қилган.

Аргентина президентини ҳибсга олиш учун ордер

Шу куннинг ўзида Венесуэла Олий суди Аргентина президенти Хавер Милейни, ушбу мамлакат хавфсизлик вазири Патрисия Булрич, шунингдек, президентнинг синглиси ва маслаҳатчиси Карина Милейни пул ювиш ҳамда ноқонуний озодликдан маҳрум этишда айблаб, ҳибсга олиш бўйича ордер берган.

Буэнос-Айрес ва Каракас 28 июл куни Венесуэлада ўтказилган президентлик сайловларидан бери ўзаро зиддиятли вазиятда. Венесуэла сайловлардан кейин аргентиналик дипломатларни мамлакатдан чиқариб юборган. Ўз навбатида Буэнос-Айрес Ҳаагадаги Халқаро жиноий судни Николас Мадурони ҳибсга олиш учун ордер беришга чақирган.

Мавзуга оид