Жаҳон | 23:22 / 24.09.2024
4383
2 дақиқада ўқилади

БМТ Афғонистонда аёлларга қўйилган барча чекловларни олиб ташлашни талаб қилди

БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Афғонистон бўйича ўтказилган тадбирда чиқиш қилган Розмари ДиКарло ушбу мамлакатдаги аёлларнинг аҳволини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмаслигини таъкидлади.

Фото: AP

БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло афғон ҳукуматидан мамлакат аёлларини камситувчи барча чекловларни зудлик билан олиб ташлашни талаб қилди, деб хабар беради «Казинформ».

БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Афғонистон бўйича ўтказилган тадбирда чиқиш қилган ДиКарло ушбу мамлакатдаги аёлларнинг аҳволини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмаслигини, «чунки дунёнинг бирор нуқтасида толиблар жорий этганчалик чекловлар йўқлигини» маълум қилди.

У БМТ Афғонистон билан халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Доҳа жараёнига бошчилик қилишини эслатиб ўтган. «Ушбу жараён босқичма-босқич ёндашувни талаб қилади. Биз афғон ҳукумати де-фактор бошқарувни инклюзивлаштиришига, аёл ва қизлар ҳуқуқларини, умуман олганда, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишига ва терроризм ҳамда гивоҳванд моддаларга қарши курашни оширишига умид қиламиз. Халқаро ҳамжамият бунинг эвазига ўз чекловларини секин-аста кучсизлантириб боради», — дейди Розмари ДиКарло.

Унинг сўзларига кўра, толибларни ўз мажбуриятларини бажаришга мажбурлаш керак.

«Мақсад шундаки, толибларни ўз мажбуриятларини аввало афғон халқи, кейин бўлса, халқаро ҳамжамият олдида бажаришга мажбурлаш. Афғонистон фақат шу йўл билан халқаро ҳамжамиятга қайтиши мумкин», — дея қўшимча қилади БМТ вакили.

Аввалроқ «Толибон» Афғонистондаги аёлларга эркакларга қараш ва жамоат жойларида баланд овозда гаплашишни тақиқлагани маълум бўлганди. Янги тартиб-қоидалар қайд этилган 114 варақли ҳужжат билан афғон фуқароларининг кундалик ҳаётини тартибга солиш бўйича қатъий чоралар белгиланган.

Мавзуга оид