Жаҳон | 22:40 / 26.09.2024
3683
3 дақиқада ўқилади

NYT: Ню Йорк мэрига нисбатан жиноий айблов эълон қилинди

The New York Times’нинг қайд этишича, Эрик Адамс лавозимда ўтирган вақтида федерал айблов эълон қилинган Ню Йорк тарихидаги биринчи мэрга айланади.

Фото: The New York Times

Ню Йорк мэри Эрик Адамсга нисбатан коррупция иши бўйича федерал тергов доирасида айблов эълон қилинди, деб хабар беради The New York Times.

Нашрнинг ёзишича, айблов хулосаси ҳозирда ёпиқ ва Ню Йорк мэрига қарши айнан қандай айбловлар илгари сурилаётгани номаълум. Аммо маълумотларга кўра, федерал тергов Адамс турк ҳукуматига боғлиқ инсонлардан хайрия маблағларини олган бўлиши мумкинлигини текширмоқда.

2023 йил ноябрда федерал ҳукумат 2021 йилда Адамс кампаниясининг хайрияларни тўплашга масъул бўлган ходими Брианна Саггс хонадонида тинтув ўтказган. CBS News манбаларига кўра, Адамс кампанияси сохта донорлар орқали Туркиядан ноқонуний хайрия қабул қилганлик гумонида текширилган. Ўшанда ФҚБ Адамснинг яна икки шериги — халқаро ишлар бўйича протокол директори Рана Аббасова ва Turkish Airlines’нинг собиқ раҳбари ҳамда мэрнинг ўтиш жамоаси аъзоси Женк Ожал хонадонларида ҳам тинтув ўтказган эди.

Мэрга нисбатан тергов 2021 йилда, Манхеттен федерал прокурорлари Адамс ўт ўчирувчиларнинг мансабдор шахсларига босим қилган ёки қилмаганини текширган вақтда очилган. Ўз навбатида улар турк ҳукумати учун янги консуллик биносининг очилишини маъқуллаган эди. Шунингдек, терговчилар Адамс Turkish Airlines’даги бепул парвозларни амалга оширган-оширмаганини текширмоқда.

The New York Times’нинг қайд этишича, айблов оммага эълон қилинганида Адамс лавозимда ўтирган вақтида федерал айблов эълон қилинган Ню Йорк тарихидаги биринчи мэрга айланади. Адамснинг ўзининг сўзларига кўра, у мэр лавозимида фақат Исроил ва Қатарга ташриф буюрган. «Мен доим ню йоркликларга нисбатан позициямда собит турсам, нишонга айланишимни билардим — ва шундай бўлди ҳам», — дейди Адамс ўзининг айбсиз эканини маълум қилган ҳолда.

Аввалроқ текширув Адамснинг нафақат Туркия, балки Исроил, Қатар, Хитой, Жанубий Корея ва Ўзбекистон билан алоқаларини ҳам қамраб олгани тўғрисида хабар берилганди. Ўзбекистон — Адамс ташриф буюрмаган ягона мамлакат сифатида мазкур олтита давлат орасида алоҳида ўрин тутади.

Мавзуга оид