“100 млн долларлик газнинг ҳавога учиши тўхтайди” — АҚШ компанияси Ўзбекистонда газ тармоқларини таъмирламоқда
АҚШнинг Climate Compass компанияси ўтган йилнинг баҳоридан то ҳозиргача Ўзбекистоннинг газ тақсимлаш тармоқларида 50 мингдан ортиқ газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаб, бартараф этди. Компания вакилининг Kun.uz билан суҳбатда айтишича, қўшма лойиҳа асосида экологияга 7 млн тонна карбонат ангидрид чиқиши ва тахминан 100 млн долларлик газ исрофининг олди олинмоқда.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида Ўзбекистондаги газ тақсимлаш тармоқларида газ сизиб чиқишини аниқлаш ва таъмирлаш лойиҳасининг ютуқлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Қўшма лойиҳа – “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамда бу соҳадаги етакчилардан бўлмиш Climate Compass (АҚШ) компаниясининг Gas Green Asia шуъбаси ўртасида 2023 йил март ойида тузилган шартнома асосида бошланган.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг ер усти газ тақсимлаш тармоқларидаги табиий газ сизиб чиқишлари аниқланиб, таъмирланмоқда. Бу Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиши, атмосферага метан гази чиқарилишини камайтириш бўйича глобал мажбуриятларини бажаришига ҳисса қўшади.
Асосий инвестор – Кореянинг Ecoeye Co., Ltd. компанияси. Лойиҳа тўлиқлигича иқлим бўйича Париж келишувининг 6.2-моддаси доирасида, келгусида углерод эмиссиясини камайтирганлик учун олинадиган кредитларни сотиш ҳисобига молиялаштирилади. Яъни карбонат ангидрид гази чиқишини камайтириш бўйича ўз мажбуриятларини етарлича бажара олмаган компаниялар ёки ҳукуматлар карбон кредитларни сотиб олиш ҳисобига мажбуриятини тўла бажариши мумкин.
АҚШ элчихонасидаги тадбирда элчи Жонатан Ҳеник, Ўзбекистон президентининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломов, ҳукумат расмийлари, “Ҳудудгазтаъминот”, “Gas Green Asia”, Европада тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари, АҚШ дипломатлари ва маҳаллий журналистлар иштирок этди.
Маълум қилинишича, лойиҳа бошланганидан бери 50 мингдан ортиқ газ сизиб чиқиш ҳолатлари аниқланиб, ўлчанган ва таъмирланган. Бунинг натижасида йилига 7 миллион тоннадан ортиқ карбонат ангидрид эквивалентидаги зарарли эмиссия камайишига эришилган.
Лойиҳа 200 дан ортиқ маҳаллий иш ўрнини яратган. Муҳандислар, маълумотлар бўйича мутахассислар ва лойиҳа менежерлари шулар жумласидан. Улар америкалик техник мутахассислар томонидан олиб борилган интенсив тренингларда ўқитилган.
Climate Compass компанияси вакили Кевин Жеймснинг айтишича, лойиҳа экологияга зарарларни камайтиришдан ташқари, табиий газни иқтисод қилиш орқали катта моддий манфаат ҳам келтиради.
“Газ етказиб берувчи қувурлар тизимида носозлик, газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш ва таъмирлаш лойиҳаси билан бу ердамиз. Ҳозиргача 52 мингдан ортиқ носоз ва газ сизиб чиқаётган қувурларни аниқладик. Катта миқдорда газ ҳавога чиқиб кетиб, исроф бўлмоқда. Энг қизиғи, бу одамларнинг уйи ёнгинасида, эшиги олдида рўй беряпти. Лойиҳамиз билан тахминан 100 миллион долларни иқтисод қиламиз, Ўзбекистон эса шунча миқдордаги газни шунчаки ҳавога учиряпти”, – дейди Кевин Жеймс.
Маълумот учун, Ўзбекистон бутун дунё бўйлаб метан чиқиндиларини камайтиришга қаратилган глобал мажбуриятга 2022 йилда қўшилган. Бу қарорни Америка Қўшма Штатлари қўллаб-қувватлаган. Метан эмиссиясини камайтириш Ўзбекистоннинг иқлим ўзгариши бўйича Париж келишуви доирасида олган миллий мажбуриятларини бажаришга қаратилган саъй-ҳаракатларининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
БМТнинг Атроф-муҳит дастури маълумотларига кўра, глобал исишнинг тахминан 30 фоизи айнан метан эмиссияси билан боғлиқ.