Ливанга тунги ракета зарбалари, Эрондаги эҳтимолий нишонлар ва Вуҳледарни ташлаб чиққан Украина — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроилнинг Ливанга тунги ҳужуми
Исроил ҳарбий ҳаво кучлари тунда Ливан пойтахти Байрут шаҳрида бункерларга қарши снарядлар билан ёпирилма зарбалар берган.
Маълумотларга кўра, ҳужумда қирувчи ва бомбардимончи самолётлардан фойдаланилган ва ўнлаб авиазарбалар берилган.
Бу каби кенг кўламли авиазарбалар илк марта кузатилмоқда, ҳаттоки «Ҳизбуллоҳ» раҳбари Ҳасан Насруллоҳни ўлдириш бўйича операцияларда ҳам бу қадар фаоллик кузатилмаган эди.
Байрут бўйлаб зарбалардан кўзланган мақсад «Ҳизбуллоҳ»нинг янги эҳтимолли раҳбари Ҳошим Сафиуддинни ўлдириш, деб ёзмоқда Американинг Axios портали исроиллик мулозимларга таяниб.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, сўнгги 24 соат ичида Исроил зарбаларидан Ливанда 37 киши ҳалок бўлган ва 151 киши яраланган.
Эрон президентининг баёноти
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Эроннинг ёпирилма ракета зарбаларига қарши «Исроил қандайдир чоралар кўрса, бизнинг жавобимиз жуда шафқатсиз бўлади», — деган.
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё ҳамкорлик мулоқотида иштирок этаётган Масъуд Пизишкиён буни Қатар амири шайх Тамим ибн Ҳамад Ол Соний билан биргаликда ўтказган матбуот анжумани чоғида таъкидлаган.
«Биз қон тўкилишига мутлақо қаршимиз. Биз тинчликни, осойишталикни исташимизни доимо такрорлаб келганмиз. Биз дунёнинг бирор бир давлатида қон тўкилишини истамаймиз. Бироқ Исроил бизни бунга мажбур қилмоқда», — деган Пизишкиён.
Пизишкиён Исроилга уюштирилган биринчи ҳужумни ҳам эслаб ўтган.
«Исроил меҳмонимизни ўлдириб, бизни зарба беришга мажбур қилди. Улар мен президент сифатида қасамёд қилган кунимда бу ишга қўл уришди. Бирор мамлакат, бирор томон буни индамасдан ҳазм қила олмайди. Лекин бирор минтақа уруш кўланкаси остида ривожланиб, равнақ топа олмайди», — деган Эрон президенти.
Исроил Эроннинг ҳар иккала ёпирилма ҳужумига ҳам тайинли жавоб қайтара олгани йўқ. Исроил оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Эроннинг зарбаларига жавоб қайтаришдан уларни АҚШ тўсиб турибди. Минтақада уруш янада авж олиб кетмаслиги учун АҚШ Эронга жавоб қайтармаслик масаласида Исроилга босим ўтказган.
Эрондаги эҳтимолий нишонлар
АҚШ ва Исроил Эрондаги эҳтимолий нишонларини муҳокама қилмоқда Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингҳ Эрон ҳужумига жавоб бериш вариантларини излаш доирасида Исроил билан алоқа ўрнатилганлигини тасдиқлади, бироқ эҳтимолий нишонларни очиқлашдан бош тортди.
«Аммо мен эҳтимолий нишонлар қандай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тафсилотларни муҳокама қилишни ўринсиз ва унчалик фойдали эмас деб ҳисоблайман», деган Пентагон вакили.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден ўз маъмурияти Исроилнинг Эрон нефт саноатига эҳтимолий ҳужумини «муҳокама қилаётганини» айтди. Сиёсатчининг изоҳи нефтнинг жаҳон нархларида сакрашга сабаб бўлди.
Бир кун аввал Америка етакчиси Вашингтон Исроилнинг Эрондаги ядровий иншоотларга зарба беришига қарши эканини таъкидлади.
Оқ уй Исроил билан Эроннинг аввалроқ Исроил ҳудудига берган йирик ракета зарбасига жавоб чоралари ҳақида музокаралар олиб бормоқда. Жо Байденга кўра, у тез орада бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан Исроилнинг керакли жавобини муҳокама қилишини айтди.
Байденнинг таъкидлашича, Эрон ҳужуми Қўшма Штатлар ва Исроилнинг ҳарбий салоҳияти туфайли «тўхтатилган».
Россия Вуҳледарни эгаллади
Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Донецк областидаги Вуҳледар шаҳри эгалланганини эълон қилди. Шаҳар «Восток» қўшинлари гуруҳи бўлинмалари томонидан назоратга олингани таъкидланмоқда.
Донецк областининг жануби-ғарбида жойлашган Вуҳледар шаҳри учун жанглар 2022 йил март ойи охиридан бери давом этаётган эди. Унинг қўлга олингани ҳақида ҳафта бошида россиялик «ҳарбий мухбирлар» ва Z-блогерлар хабар беришган эди.
Рус қўшинлари 1 октябрда шаҳарни деярли тўлиқ ўраб олишди, Донецк области ҳарбий бошқармаси бошлиғи Вадим Филашкин рус армияси Вуҳледар марказига кирганини эълон қилди. 2 октябр куни Украина Қуролли кучларининг «Хортиця» тезкор-стратегик гуруҳи қўмондонлиги Украина қўшинлари шаҳардан олиб чиқиб кетилганини эълон қилди.
Украина президенти Володимир Зеленский 3 октябр куни Киевда НАТО бош котиби Марк Рютте билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида илк бор Украина Қуролли кучлари бўлинмаларининг Вуҳледардан олиб чиқиб кетилишига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, Россия Украина Қуролли кучларининг «позицияларини йўқ қилмоқда», уларнинг жангчилари «жон сақлаб қолиши керак, чунки улар ҳар қандай ўзгаришлардан кўра муҳимроқдир».
Вуҳледар Донбасснинг жанубий қисмидаги логистика мудофаа марказларига яқин муҳим истеҳком эди. Унинг эгалланиши Донбассдаги Украина мудофаасига бевосита таҳдид солмаса ҳам, узоқ истиқболда Украина қуролли кучлари учун даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин.
НАТОнинг янги йиғилиши
НАТО аъзолари ғарб қуроллари билан Россия ичкарисига зарба бериш бўйича тақиқини олиб ташлашни муҳокама қилади. 12 октябр куни бўлиб ўтадиган Рамштайн форматидаги йиғилишда ушбу масала кўриб чиқилади.
Бу ҳақда Шимолий Атлантика алянсининг янги бош котиби Марк Рютте Украина етакчиси Володимир Зеленский билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
«Президент Байден бу учрашувни етакчилар даражасида ўтказмоқда. 12 октябр куни Алянс аъзолари ва Украина билан Рамштайн форматида учрашишимиз жуда муҳим», деб қўшимча қилди у.
Рюттенинг қайд этишича, Россия ҳарбий объектларига ҳужумлар масаласида халқаро ҳуқуқ Украина томонида. Бироқ тақиқ ва чекловларни бекор қилиш фақат НАТО аъзоларининг индивидуал қарорларига боғлиқ.
«Россия бу ноқонуний урушни олиб бормоқда. Россия қирувчи самолётлари ва ракеталарини Украина фуқаролик инфратузилмасига қарши ишлатишдан олдин уриб тушириш бунинг олдини олиши мумкин», деди у.
Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳининг янги йиғилиши 12 октябр куни Германияда бўлиб ўтади. Бу Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан бери 25-учрашув бўлади.
Володимир Зеленский ушбу учрашувда Украина ўз ҳамкорлари билан биргаликда Россияга босимни кучайтириш бўйича қўшма чораларни муҳокама қилиши кераклигини айтди.
«Газпром» катта зарарда
Бир пайтлар бозор капитализацияси бўйича жаҳоннинг энг бой компанияси бўлган «Газпром» Россияда энг кўп зарар кўрган компаниялар рўйхатини бошқаряпти.
2023 йил охирида «Газпром» биринчи марта Россиянинг энг норентабел компаниялари рейтингига киритилди. Ундан бир йил олдин у мамлакатнинг энг даромадли фирмалари орасида биринчи ўринни эгаллаган эди.
Ўтган йил якунларига кўра, «Газпром» ҳолдинги биринчи марта Forbes журналининг Россиядаги норентабел компаниялар рейтингига киритилди. Шу билан бирга, мамлакатдаги энг норентабел компаниялар орасида у 583,1 миллиард рубл миқдоридаги рекорд даражадаги соф зиён билан биринчи ўринни эгаллади, деб хабар берди нашр.
«Газпром» 25 йил ичида биринчи марта зарар кўрди. Шу билан бирга, Россиянинг Forbes нашри таъкидлашича, бу ҳолатда молиявий йўқотишлар кўпроқ «бухгалтерия ҳисоби» хусусиятига эга, чунки улар 1,15 триллион рубл миқдоридаги номолиявий активларнинг қадрсизланишидан йўқотишлар ва валюта курсларидаги 652 миллиард рубллик фарқлардан йўқотишларга тааллуқли.
«Роснефт» давлат нефт компанияси эса Forbes томонидан тузилган Россиянинг энг сердаромад компаниялари рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Рўйхатда жами 100 та компания бор.
2023 йил охирида «Роснефт» 1,528 триллион рубл соф фойда олди. Бир йил аввал компания 813 млрд рубл билан рейтингда учинчи ўринни эгаллаган эди.
Ўтган йилги етакчи «Газпром» 2023 йил охирида рекорд даражадаги 583 миллиард рубл зарар билан рўйхатдан чиқиб кетди.
Мавзуга оид
13:50
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024