Жаҳон | 15:51 / 05.10.2024
7185
10 дақиқада ўқилади

Сурияга қочаётган ливанликлар, ҳусийчиларга қарши янги кураш ва АҚШни танқид қилган Алиев — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ливандаги вазият

Исроилнинг бетўхтов бомбалашлари туфайли минглаб ливанликлар Сурия томон қочмоқда. БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссари ўринбосари Келли Клементснинг хабар беришича, жон сақлаш мақсадида Сурия чегарасини кесиб ўтган ливанликлар сони 128 мингдан ошган.

Клементс хонимнинг X ижтимоий тармоғида ёзишича, Ливанга нисбатан тобора кучайиб бораётган зулм шундоқ ҳам ҳавас қиларли вазиятда яшамаётган мамлакат аҳолисининг аҳволини ёмонлаштирмоқда. Унинг сўзларига кўра, аҳолининг эҳтиёжлари кундан кунга кўпаймоқда.

23 сентябрдан буён Исроил ўзи «Ҳизбуллоҳ» объектлари деб санаётган Ливандаги нишонларга қарата ёпирилма зарбалар бериб келмоқда. Ливаннинг икки ҳафтадан буён бомбаланиши туфайли 1928 киши ҳалок бўлган, 9290 киши яраланган.

Исроил эса ҳозирча Эронга жавоб зарбаси нишонлари бўйича бир қарорга келмаган. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден маълум қилган.

Америка етакчисининг қайд этишича, тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлмаслиги учун Исроил жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишига тўғри келади.

Шунингдек, АҚШ Эроннинг нефт соҳаси учун санкцияларни кучайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда.

АҚШ президентининг қайд этишича, унинг ҳукумати энг кўп ёрдамни Исроилга берган ва Нетаняҳу уни асло унутмаслиги керак.

Бир неча кун аввал Байден АҚШ Исроилнинг Эрондаги ядровий объектларга зарбасини қўллаб-қувватламаслигини айтган эди.

Ғазодаги вазият

Ғазога озиқ-овқат етказиб бериш ўтган ойда Исроил ҳукумати томонидан жорий этилган янги божхона қоидалари туфайли кескин қисқарган. Бу ҳақда Reuters агентлиги инсонпарварлик ёрдами етказиш билан шуғулланаётган манбаларга таяниб хабар бермоқда.

Исроил жорий этган янги қоидаларга кўра, инсонпарварлик ташкилотлари вакиллари шахсий маълумотлар, жумладан паспорт маълумотларини тақдим этиши, юк ҳақидаги ёлғон маълумот хусусида жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олиши керак.

Хайрия ташкилотлари эса бундай ҳужжатларга имзо қўйиш агар ёрдам ҲАМАС қўлига тушиб қолса ёки Исроил юклардан қай бири қоидаларга зид деб ҳисобласа уларнинг ходимларини юридик таҳдид остида қолдиришидан ташвишда.

Шу муаммолар туфайли Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказишнинг асосий йўналиши бўлмиш Иордания орқали юклар сентябр ойини ўрталаридан буён келмай қўйган.

Ғазо томон йўлга чиққан ва озиқ-овқат ортилган юк машиналари сони кунига 130 тагача қисқарган. Бу эса Ғазо аҳолисининг асосий эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган даража — 600 машинадан анча кам.

Жонланиб қолган ҳусийчилар

Ҳусийчилар Қизил денгизда Британиянинг нефт танкерига қарата ўт очишди. Яманлик исёнчи шиаларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатига мансуб ҳусийчилар Қизил денгизда Британия ҳарбий денгиз кучларига тегишли «Cordelia Moon» нефт танкерига қилинган ҳужум тасвирларини тарқатишган.

Бу ҳудудда кузатув олиб бораётган денгиз экспертлари ва агентликлари 1 октябр куни Қизил денгизда ҳусийчиларнинг отишмаси туфайли иккита кемага зарар етганини тасдиқлашган. Ҳар икки кемада экипаж соғ-омон экани маълум қилинган.

Бу орада Вашингтон ҳусийчиларга қарши курашга қайтишини эълон қилди.

Янги бюджет ҳужжатларига кўра, Пентагон Қизил денгиздаги операцияларда жалб қилинган кемаларга хизмат кўрсатиш ҳамда Эрон ва унинг иттифоқчиларининг ҳужумларини қайтариш учун ракеталар сонини оширишга 1,2 млрд доллар сарфлайди.

Денгизда жойлашган ракеталар захирасини тўлдириш учун 190 млн доллар, «ҳаво-ҳаво» таснифидаги ракеталар учун 8,5 млн доллар ажратилади.

Пентагоннинг Яқин Шарқдаги 300 млн долларлик энг катта харажати USS Bataan десант кемаси ва Қизил денгизда операциялар ўтказувчи USS Eisenhower авиаташувчи зарбдор гуруҳнинг кемаларидаги омборларга хизмат кўрсатиш учун йўналтирилади.

АҚШ томонидан ташкиллаштирилган ғарб коалицияси яманлик ҳусийчиларга қарши жиддий курашга киришиб кўрган эди, бироқ Қизил денгизда кемачиликни тиклаш учун айтарли ҳисса қўша олгани йўқ.

Афтидан, АҚШ буни ўзгартиришга жиддий киришганга ўхшаяпти ва ҳусийчиларга қарши курашни яна қайтадан бошлашди ҳамда жума куни Америка ва Британия қўшинлари Яманнинг бир қатор ҳудудларига авиазарбалар беришди. Пойтахт Санодаги объектлар ва Ҳудайда аэропорти асосий нишонлар бўлгани айтилмоқда.

Украинадаги вазият

Украина мудофаа вазири Рустам Умеров Украина Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановдан бош разведка бошқармаси хориждан қурол харид қилишда фойдаланган компанияни тортиб олди.

Россиянинг Украинага босқинининг дастлабки кунларида Украина Бош разведка бошқармаси хориждан қурол-яроғлар сотиб олиш ваколатига эга бўлган «Спецтехноэкспорт» компаниясини Мудофаа вазирлигидан ўз тасарруфига ўтказган эди.

Айни пайтда Украина Бош разведка бошқармаси ўтган уч йил ичида қилинган харидларнинг ҳужжатларини Мудофаа вазирлигини беришдан бўйин товлаб келмоқда. Украина нашрларининг ёзишича, компания кўплаб марта алалоқибатда Бош разведка бошқармаси балансга келиб тушмаган қуролларни харид қилган. Шунингдек, нархи кескин қимматлаштирилган снарядлари хариди бўйича шартномалар ҳам бор.

Украина раҳбарияти эса ҳам Умеров, ҳам Будановни ишдан бўшатмоқчи. Президент Володимир Зеленский ва унинг командаси бир йил аввал мудофаа вазири этиб тайинланган Умеровнинг ишидан норози. Идорада бошбошдоқлик ҳукм сурмоқда, ишларни барқарор йўлга қўйишга уриниш барбод бўлган. Асосий шикоятлар Украина қуроллари кучлари учун қурол-яроғлар харид қилишдаги кечикишлар билан боғлиқ.

Умеров ўрнини бош вазир ўринбосари Михайло Фёдоров ёки мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Иван Гаврилюк эгаллаши мумкин.

Кирилл Будановнинг истеъфоси эса бир ойлардан буён муҳокама мавзусига айланган. Forbes маълумотларига кўра, Буданов президент офиси раҳбари Андрий Ермак ва Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский билан келишмай қолган. Президент офиси Бош разведка бошқармасининг айрим операцияларидан норози. Шунингдек, Буданов дрон ишлаб чиқариш каби разведка учун хос бўлмаган ишлар билан шуғулланишни истаётгани ҳам бошқаларга ёқмаяпти.

Алиев АҚШни танқид қилди

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 4 октябр куни Жаброил тумани аҳолиси билан учрашуви чоғида АҚШнинг Озарбойжонга қарши санкцияларини қаттиқ танқид остига олган.

Алиевнинг эслатишича, Америка 1992 йилда ўз ҳудудларидан ажралган Озарбойжонга нисбатан санкциялар жорий этган ва уларни 2001 йилда бекор қилган.

Алиев санкцияларнинг бекор қилинишини АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий операциялари бошланиши билан боғлаган.

«Чунки уларнинг Афғонистондаги оккупацион фаолияти, истило уруши бошланган эди. Бунда биз уларга керак эдик. Токи улар Афғонистонда қолар экан, бу санкциялар ҳар йили АҚШ президенти томонидан бекор қилиниб турилган эди», — деган Озарбойжон етакчиси.

Озарбойжон президентининг қайд этишича, Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилиши ҳамоно санкциялар яна жорий этилган.

«Улар бутун дунё кўз ўнгида Афғонистондан қочиб чиқишганидан сўнг бизга қарши яна санкциялар жорий этилди. Шу қадар ҳам ношукр бўлиш мумкинми?» — дея эътироз билдирган Алиев.

Қайд этиб ўтиш лозимки, 2001 йилда санкцияларнинг бекор қилиниши Афғонистондаги ҳарбий операциялар ҳамда АҚШнинг ташқи сиёсати қайта кўриб чиқилиши билан боғлиқ эди. Бунда Озарбойжоннинг стратегик жойлашуви инобатга олинган.

Тинчликка қарши вето

Дунёнинг турли нуқталарида қуролли можаролар давом этар экан, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари можароларни ҳал қилишни мудом блоклаб келмоқда.

Сўнгги ўн йил ичида бутун дунё бўйлаб содир бўлган можароларда 1,1 млн киши ҳалок бўлган. Бироқ БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бўлган 5 давлат бу можароларни ҳал қилишга қаратилган 30 та асосий резолюцияга вето қўйган.

БМТ тузилган 1945 йилдан буён вето ҳуқуқидан энг кўп СССР/Россия фойдаланган — 158 марта. Иккинчи ўринда АҚШ — 92 марта. Буюк Британия 32 марта, Хитой 21 марта, Франция 18 марта резолюцияларни блоклаган.

Шундай можаролардан бири юз бераётган ҳудуд Фаластин бўлиб, бу ерда тинч ва осуда келажакка эришиш бўйича саъй-ҳаракатларга БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси ва Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси бўлган АҚШ доимо тўсқинлик қилиб келади.

Фаластин бўйича Хавфсизлик кенгашига 41 та резолюция киритилган бўлса, АҚШ уларнинг нақ 37 тасига вето қўйган.

Бироқ АҚШ ва «бешлик»нинг бошқа аъзоларининг қурол-яроғ экспорти бўйича кўрсаткичлари уларнинг эҳтимолли инсонпарварлик фаолияти бўйича иддаоларига терс келмоқда ва уларнинг умумий ниятларини шубҳа остига олиб келади.

Жумладан, 2021 йилда АҚШ 49,5 млрд, Россия эса 24,1 млрд долларлик қурол-яроғ сотишган. Шу даврда Инсонпарварлик ёрдамлари Америкада 8,3 млрд долларни, Россияда эса атиги 12 млн долларни ташкил этган.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, БМТ Хавфсизлик кенгаши номуносиб орган ва жабр кўраётган инсонларнинг азобларини енгиллаштириш учун хизмат қилмайди.

Сизга бугун етказмоқчи бўлган хабарларимиз шулардан иборат эди. Душанбада кўришгунча.

Мавзуга оид