Жаҳон | 20:32 / 09.10.2024
2996
2 дақиқада ўқилади

КХДР Жанубий Кореяга олиб борувчи барча автомобил ва темирйўлларни ёпади

Шимолий Корея ҳукуматининг бу каби ҳаракати рамзий характерга эга, чунки КХДРдан Жанубий Кореяга элтадиган йўллардан шундоқ ҳам камдан кам ҳолларда фойдаланилади.

Фото: Getty Images

КХДР ҳарбийлари «жанубий чегараларни қалъага айлантириш» мақсадида Жанубий Кореяга элтувчи барча автомобил ва темирйўлларини ёпишга ваъда берди, деб ёзади BBC.

Шимолий Корея Бош штабининг маълум қилишича, «9 октябрдан бошлаб КХДР ва Корея Республикасини боғловчи автомобил ва темирйўлларни бутунлай ёпишга қаратилган қурилиш ишлари бошланади». Мамлакат ҳарбийларининг таъкидлашича, бундай чора «республиканинг жанубий чегарасида ҳар куни портлаш билан боғлиқ ҳарбий инқироз кучайиб бораётган жиддий вазиятга жавобан» қабул қилинмоқда.

Шимолий Корея ҳукуматининг бу каби ҳаракати рамзий характерга эга, чунки КХДРдан Жанубий Кореяга элтадиган йўллардан шундоқ ҳам камдан кам ҳолларда фойдаланилади. Аммо КХДР армиясининг баёноти Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги навбатдаги эскалациянинг кескинлашувидан далолат беради.

Январ ойида КХДР етакчиси Ким Чен Ин мамлакат конституциясига Жанубий Кореяни асосий душман сифатида белгилаб қўйиш ва уруш бошланган тақдирда «унинг ҳудуди Шимолий Кореяга қайтарилишига» рухсат бериш кераклигини маълум қилганди. Шунингдек, у Шимол ва Жанубнинг тинч йўл билан бирлашиши ҳақидаги гаплардан воз кечишни таклиф қилган эди.

Аввалроқ Жанубий Корея КХДР ядровий жанговар каллакларни ишлаб чиқаришга етарли плутоний ва уранга эга эканини маълум қилганди. Шу билан бирга мамлакат разведкасининг таъкидлашича, Шимолий Корея еттинчи ядровий синовини 5 ноябрда — АҚШдаги президентлик сайловларидан кейин ўтказиши мумкин.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид