Рамзан Қодиров сенатор Сулейман Керимовга қонли қасос билан таҳдид қилди
Чеченистон етакчисининг сўзларига кўра, доғистонлик сенатор Сулейман Керимов ва икки нафар депутат уни ўлдиришга буюртма бермоқчи бўлган.
Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров доғистонлик сенатор Сулейман Керимов ва Россия Давлат думасининг икки депутатига қарши расман қонли қасос эълон қилишга тайёрлигини айтди. Қодировга кўра, улар Чеченистон етакчисига суиқасдни буюртма қилмоқчи бўлган.
Рамзан Қодиров айтишича, у Чеченистон куч блоки командирлари ва бошлиқлари билан йиғилиш ўтказган. «ТАСС»га кўра, Қодиров Давлат думаси депутатлари Бекхон Барахоев ва Ризван Курбанов ҳамда Керимовни «Wildberries офисидаги можаро контексида» тилга олган. Рамзан Қодиров Telegramʼдаги каналида эълон қилган видеода ростдан ҳам у ўз нутқида Керимов ҳамда икки депутатнинг фамилиясини тилга олган, аммо Чеченистон раҳбари бу вақтда Wildberries ҳақида гапирмаётган бўлган.
«Агар улар бунинг аксини исботлаб бермаса, мен расман Барахоев, Сулейман Керимов ва Ризвон Курбановга қонли қасос эълон қиламан. Улар [Рамзан Қодировни ўлдиришга] буюртма қилгани, буни қанчага амалга ошириши мумкинлигини сўрагани ҳақида гувоҳлар, одамлар бор», — дейди у.
Агентликка кўра, Қодиров Керимовни Wildberries офисидаги отишма ҳақида гапирганидан кейин эслаб ўтган. «У ерда бизнес-вазият эди. Бекхон Барахоев, Сулейман Керимов, Ризван Курбанов ўша ерда бўлган. Уларнинг рафиқасидан тортиб олганларидан бошқа бизнеслари ҳам бор. Улар мени буюртма қилишган», — дея таъкидлайди Қодиров.
Москва марказида жойлашган Wildberries офисида 18 сентябр куни кундузи отишма содир бўлди. Маркетплейс асосчисининг турмуш ўртоғи Владислав Бакалчукнинг сўзларига кўра, у иш бўйича учрашувга бўрган. Бакалчукка ИИВ ходимлари ҳамроҳлик қилган. Wildberries’дагиларнинг маълум қилишича, Владислав Бакалчук «ноқонуний равишда» офисга киришга уринган, отишмани эса унинг ҳамроҳлари бошлаган. Бакалчукнинг ўзи эса отишмани офис томони бошлаганини таъкидламоқда. Отишма оқибатида икки нафар қўриқчи ҳалок бўлган.
Wildberries'га эгалик қилиш учун Бакалчуклар ўртасидаги зиддият
Владислав ва Татяна Бакалчук ўртасида ажрашиш жараёни бир неча ойдан бери давом этмоқда. Ушбу фонда Wildberries Russ реклама компанияси билан «рақамли савдо платформасини яратиш» учун ҳамкорлик қилмоқда. РБК ёзганидек, қўшилиш натижасида «РВБ» юридик шахси пайдо бўлди, унинг 65 фоизи «Вайлдберриз» МЧЖга ва 35 фоизи Russ эгалик қилувчи «Стинн» МЧЖга тегишли.
Владислав Бакалчук компанияларнинг бирлашишини рейдерлик деб атади ва у бизнес бошқарувидан четлаштирилганини айтди. 2024 йил июл ойида у Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан учрашди ва Wildberries «очиқ ва шафқатсиз рейдерликка» учраганини айтди. Қодировнинг сўзларига кўра, Татяна Бакалчук «рейдерлар томонидан эри ва етти фарзандидан ажратиб қўйилган». «Эр-хотинлар бир-бирларини кўриш ва ҳеч бўлмаганда нима бўлаётганини муҳокама қилиш имконига эга эмаслар», деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида ва Бакалчукка ёрдам ваъда қилди. Татяна Бакалчукнинг сўзларига кўра, Wildberries ва Russ бирлашиши олдиндан режалаштирилган ва эри Владислав билан келишилган.
Мавзуга оид
11:41 / 11.11.2024
Рамзан Қодиров Алламжоновга уюштирилган суиқасд юзасидан муносабат билдирди
09:50 / 31.10.2024
Қодиров: Чеченистондаги дрон ҳужуми оқибатида украиналик асирлар ҳалок бўлди
22:32 / 29.10.2024
Чеченистонда махсус кучлар университетига дрон ҳужум қилди. Рамзан Қодиров қасос олишга ваъда берди
14:30 / 22.10.2024