Жанубга йўлларни портлатиш ва Украинага қўшин юбориш: Пхенянда нималар бўляпти?
КХДР ўз конституциясида Корея Республикасини “душман давлат” деб белгилаб қўйишини эълон қилди. Айни пайтда, шимолликлар РФни қўллаш учун Украинага аскар юбориши ҳам мумкин. Kun.uz Корея яриморолидаги вазият бўйича саволлар билан Узоқ Шарқ мамлакатлари бўйича мутахассис Ҳикматилла Казакбаевга мурожаат қилди.
Икки корейс давлати 1950-1953 йиллардаги урушдан кейин тинчлик келишуви имзоламаган, вақти-вақти билан ўзаро айтишув ва ҳарбий тўқнашувлар бўлиб туради. Шимол ва Жануб 1953 йилда БМТ аралашуви билан 38-параллел чизиқни чегара деб олиб, оташкесим сулҳини тузади, лекин бу тинчлик шартномаси эмасди. Ҳозирги кунда ҳам юридик томондан икки давлат уруш ҳолатида.
2024 йил 15 октябр куни Шимолий Корея Жанубий Кореяга олиб борувчи йўлларни портлатиб юборди. Бунга сабаб қилиб Сеулнинг Шимол ҳудудига разведка дронлари учиргани кўрсатилмоқда. Жануб эса аввалига буни рад этди, кейин қўшимча саволларни жавобсиз қолдирди.
“3, 5, 10 октябр кунлари Жануб томонидан Шимолга дронлар орқали тарғибот-ташвиқот материаллари юборилгани тўғрисида маълумотлар бор. Шимол томонига кўра, бир ҳафта ичида 3 та дрон Пхенянгача етиб борган. Жанубий Корея мудофаа вазири аввалига буни ёлғон деди. Лекин кейиначлик, Шимол томон бунга аниқ далиллар борлигини айтганидан кейин, Жануб томон журналистлар саволларини очиқ қолдириб, на рад этди, на тасдиқлади. Бундан кўриш мумкинки, Шимол томондан кескин ҳаракатлар қилишга асослар бор.
Бу йўлларнинг Жанубий Корея томонидан қурилиши ва уларни боғлаб турадиган кўприклар икки давлатнинг кейинчалик бирлашишининг асосий рамзларидан бири эди. Мана шу рамзларнинг йўқ қилиниши муаммо ҳақиқатан жиддийлигини билдиради”, – дейди Ҳикматилла Казакбаев.
Унинг сўзларига кўра, Шимолий Кореяда Жануб билан бирлашувга масъул ҳукумат ташкилотлари бор. Пхенян ана шу ташкилот бутунлай тугатилиши, ҳатто конституциядан “тинч йўл билан бирлашиш” деган сўзлар олиб ташланишини билдирди.
“Шунга параллел равишда бошқа воқеа ҳам юз берди. Маълумки, июн ойида Путиннинг Пхенянга ташрифи давомида стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзоланган эди. 14 октябр куни Путин бу шартномани ратификация қилиш учун Думага юборди. Бу шартномада бир томонга ҳарбий ҳужум бўладиган бўлса, иккинчи томон зудлик билан ёрдамга келиши кераклиги белгиланган. Воқеалар ривожидан кўриш мумкинки, ҳозирги кескинлик – шунчалик ахборот уруши эмас, ҳақиқатан ҳам юқори кескинлик ва бунга етарлича сабаблар бор”, – дейди таҳлилчи.
Ким Чен Иннинг бот-бот медиада кўриниб турувчи синглиси Ким Ё Чжон Жанубий Корея яна дронларини Пхенян томон учиргудек бўлса, бу “даҳшатли ҳалокат”га олиб келишини, “шахсан ўзи бундай бўлишини хоҳламаслиги”ни билдирди.
Казакбаевга кўра, Шимол яқин орада Жануб билан муросага келмоқчи эмаслигини аниқ кўрсатмоқда.
Аввалроқ бир нечта нашрлар КХДР Россияга совет давридаги миллионлаб снарядларни юбораётгани ҳақида хабар тарқатган эди. Сўнгги кунларда эса ҳатто шимоллик аскарлар Украина фронтида ҳам борлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалди.
“2024 йил июндаги стратегик шериклик шартномасига кўра, Россия Шимолий Кореяга космик технологиялар, плутоний ва бойитилган уран бериши кўзда тутилган, лекин Шимол бунинг эвазига Россияга нима бериши очиқланмаган. Шимолий Корея катта эҳтимол билан Россияга Украина уруши учун қурол етказиб бериши (бу жараён бошлангани ҳақида ишончли маълумотлар бор) ва аскарлар билан таъминлаш мажбуриятини олган бўлиши мумкин.
Айрим манбаларда 10 минг нафардан 100 минг нафаргача шимолий кореялик аскар Украина фронтига юборилиши мумкинлиги қайд этилган. Бунга биринчи сабаб – Россия билан ҳамкорлик бўлса, иккинчи сабаб – шаҳар шароитида уруш олиб боришни машқ қилиш. Ҳозирги кунда КХДРнинг аскарлари асосан дала шароитида машғулот олиб боришади. Сурия, Украинадаги урушлар кўрсатдики, қўшинлар шаҳар шароитида уруш олиб бора олиши муҳим аҳамиятга эга”, – дейди Ҳикматилла Казакбаев.
2024 йил январ ҳолатига кўра, КХДРда 50 та ядровий жанговар каллак ва 60-80 килограмм плутоний, шунингдек, 280 килограммдан 1500 килограммгача юқори бойитилган уран борлиги тахмин қилинади. Бироқ одатда босиқлик билан сиёсат юритувчи Корея Республикаси ҳам ҳарбий жиҳатдан заиф эмас: Global Fire Power рейтингида Жанубий Корея 5-, Шимолий Корея эса 36-ўринда кўрсатилган.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов тайёрлади.
Мавзуга оид
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
17:46 / 22.11.2024
WSJ: Украина зарбаси оқибатида КХДР армияси генерали яраланди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
20:56 / 21.11.2024