Жаҳон | 21:13 / 20.10.2024
3936
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ҳаво қатнови тикланади

Тошкент–Лоҳур–Тошкент йўналишида ҳаво қатновларини йўлга қўйилади.

Фото: Kun.uz

Uzbekistan Airways авиакомпанияси 15 ноябрдан бошлаб «Тошкент–Лоҳур–Тошкент» йўналишида ҳаво қатновларини йўлга қўяди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.

Қайд қилинишича, Ўзбекистон ва Покистон шаҳарлари ўртасида янги йўналишдаги авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича музокара давом этмоқда.

– Ўзбекистон президенти ташаббуси билан покистонликлар учун виза расмийлаштириш тартибининг соддалаштирилгани ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилаётгани Покистон жамияти учун қувонарли ҳодиса бўлди, – деди фахрий консули Нажиб Воҳра. – Бу Ўзбекистон етакчисининг минтақавий боғлиқликни қайта тиклаш борасидаги сиёсати қатъий ва бу жараён энди ортга қайтмаслигидан далолат беради. Минтақаларимиз ўртасида қайта тикланаётган алоқаларга янгича мазмун бахш этади. Ишбилармонлар учун вақт энг қимматбаҳо неъмат ва қайта тикланмас ресурс ҳисобланади. Бизнес доира вакили сифатида ишонч билан айта оламанки, йўлга қўйилаётган янги авиамаршрут икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро сафарлари давомида сарфланадиган вақтини тежаб, алоқаларни жадаллаштиради, янги қўшма лойиҳалар учун йўл очади.

Таъкидланишича, қатновлар покистонликлар учун Ўзбекистоннинг, жумладан Тошкентнинг транспорт ва транзит хаби сифатидаги имкониятларидан кенг фойдаланиш имконини беради.

Мавзуга оид