Kun.uz огоҳлантирган Whats платформаси молиявий пирамида эканлиги тасдиқланди: ИИВ жиноят иши қўзғаган
Одамларни “видео кўриш орқали пул ишлаш”га ишонтириб, чув туширган Whats платформаси ташкилотчиларига жиноят иши қўзғатилди. Ҳозиргача ушбу платформа бўйича ички ишлар органларига 500 нафардан зиёд жабрланувчи мурожаат қилган. Kun.uz икки ой олдин Whats молиявий пирамида эканлиги ҳақида суриштирув эълон қилганди.
Фуқаролар ишончига кириб, пулларини қисқа муддатга икки бараварга кўпайтириб беришни ваъда қилган ҳолда Whats номи билан молиявий пирамида ташкил этган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Whats асосчилари платформада “қадамларни” сотиб олиш учун 120 доллардан 17 минг долларгача пул тикишни, ҳар бир таклиф қилинган иштирокчи учун 12 фоиз бонусга эга бўлишни, кунлик чет эл филмларига лайк босиш орқали пул ишлашни таклиф қилишган. Платформа тарғиботи ижтимоий тармоқларда фаол олиб борилган. Турли вилоятлардаги маҳаллий блогерлар ва вайнерларнинг Whats’га жалб қилиш мазмунидаги видеолари эса ушбу платформани янада оммалаштирган.
Олиб борилган тезкор техник тадбирлар натижасида ушбу тармоқли фирибгарлик платформасини ташкил этган ҳамда уни бошқа вилоятларда оммалаштириш билан шуғулланган ҳолда кўплаб фуқароларнинг пул маблағларини ўзлаштирган шахслар аниқланган.
Жумладан, Whats платформаси ташкилотчилари ҳамда уни молиялаштирган шахслар борасида ИИВ тезкор қидирув департаменти, Киберхавфсизлик маркази ҳамда жойлардаги бўлимлар ходимлари ҳамкорлигида тезкор суриштирув ишлари олиб борилган. Жараёнда Бухоро шаҳрида жойлашган Марказий савдо мажмуасининг 2-қаватида “Whats Bukhara” МЧЖни ташкил қилиб, фуқароларга ушбу платформага аъзо бўлиш жараёни, унда пул ишлаш имкониятлари ва бошқа йўналишларни тарғиб қилиб келган 30 ёшли шахс аниқланган.
Қайд этилишича, Whats платформаси Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳам кўплаб маҳаллий блогерлар томонидан тарғиб қилиб келинган. Фирибгарлар Whats аъзолари сонини кўпайтириш мақсадида келиб тушаётган пуллардан тез-тез зиёфатлар ташкил қилиб, муҳтожларга кўмаклашилган лавҳаларни кенг тарзда ёритиб боришган.
ИИВ хабарига кўра, жорий йилнинг 22 август кунидан ҳозиргача Whats платформаси бўйича ички ишлар органларига жами 500 нафардан зиёд фуқародан мурожаат келиб тушган. Уларнинг зарари миқдори 4 млрд сўмни ташкил қилган.
Ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Kun.uz икки ой олдин суриштирув эълон қилиб, Whats платформаси молиявий пирамида эканлиги, минглаб ўзбекистонликлар ушбу фирибгарлик тузоғига тушиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Бундан аввал эса минглаб одамлар Aif платформасига ҳам алданганди, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганди.
Whats ва Aif “ғойиб бўлгач” айнан шу услубда ишлайдиган HNK платформаси ҳам борлиги ойдинлашди. Ушбу молиявий пирамидани телевидение, газета ва маҳалла еттилиги ҳам тарғиб қилишга ўтди. Ҳатто тарғиботчилар мактаб ва боғчаларга ҳам кириб боришди. Бунга йўл қўйган мактаб директори ва боғча мудираси эса ишдан олинди. Аммо ҳозирча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар HNK платформаси юзасидан муносабат билдиргани йўқ.
Мавзуга оид
18:25 / 13.12.2024
КХДР фуқаролари АҚШ компанияларига ёлланиб, сохта исмлар ортидан пул топгани маълум бўлди
14:08 / 03.12.2024
Ветнамнинг энг бадавлат аёли фирибгарлик бўйича иш апелляциясида ютқазди. Энди 9 млрд доллар топа олмаса, уни қатл этишади
20:49 / 30.11.2024
Навоийда 162 хонадонли “новостройка” 425 кишига сотилган. Жабрланувчилар терговдан норози
17:28 / 27.11.2024