Жаҳон | 13:40 / 25.10.2024
4564
9 дақиқада ўқилади

Исроилнинг кечикаётган жавоб зарбаси, Курскдаги КХДР аскарлари ва АҚШда авжига чиқаётган сайловолди кураши — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроилнинг жавоб зарбаси

Исроил Эронга жавоб зарбасини кечиктирмоқда. Чунки Америкада зарбага тайёргарлик ҳақидаги махфий маълумотлар сиздирилган. Энди Исроил ўз стратегиясини ўзгартиришга мажбур, деб ёзади The Times газетаси.

«Америкадаги ҳужжатларнинг сиздирилиши стратегиянинг алоҳида элементлари ва таркибий қисмини ўзгартириш зарурияти туфайли ҳужумни кейинроққа қолдиришга мажбур қилди. Жавоб албатта бўлади, лекин у энди режалаштирилганидан кўпроқ вақт талаб қилади», — деган нашрнинг разведка ҳамжамиятидаги манбаси.

Исроил сиздирмалар Эронга ҳужум моделини олдиндан аниқлаш имкониятини тақдим этишидан ташвишда. Тел-Авив муқобил режа ишлаб чиққан ва у ҳар қандай буйруқ олдидан сценарийларни синчковлик билан ўрганиб чиқишни талаб қилади, деб ёзади The Times.

Аввалроқ Исролнинг Эронга эҳтимолли ҳужумига ҳарбий тайёргарлик кўриш деталларини очиқловчи разведка маълумотларига эга ўта махфий ҳужжатлари сиздирилгани учун АҚШда суриштирув ишлари бошлангани хабар қилинган эди.

Американинг миллий геофазо разведкаси агентлиги ва Миллий хавфсизлик агентлигига тегишли бўлгани айтилаётган ҳужжатлар қурол-яроғларнинг кўчирилиши, самолётларни ёнилғи билан тўлдириш бўйича машқлар ва пилотсиз парвоз қурилмаларининг махфий операциялари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган.

Америка расмий шахслари бу материалларнинг ҳақиқийлигини рад этмаган. Қайтага, аноним қолишни маъқул кўрган мулозимлардан бири сиздирмани «жуда ташвишли» деб атаган.

Доллардан узоқлашмоқчи бўлаётган BRICS

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён BRICS саммитининг тор диорада ўтказилган йиғилишида АҚШни доллардан бошқа мамлакатларни назорат қилиш ва уларга босим ўтказишда қурол сифатида фойдаланаётганликда айблаган. Унинг сўзларига кўра, BRICS ичидаги ҳамкорлик Америка валютасининг жаҳон иқтисодиётида етакчилик қилишини йўққа чиқарадиПрезидент Ирана Масуд Пезешкиан отметил, что сотрудничество в БРИКС способно ослабить гегемонию доллара и усилить расчеты в национальных валютах.

«Жаҳон аҳли BRICS'дан доллар гегемониясидан қутулиш ва миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилишни кенгайтириш усулини кутмоқда», — деган Пизишкиён.

Эрон президентининг қайд этишича, BRICS мамлакатлари энергия ва озиқ-овқат каби асосий товарларнинг ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчилари ҳисобланади, шунингдек муҳим савдо йўлларига эга, бу эса миллий валюталарни ўзаро савдо-сотиқда ишлатишни фойдали ва қулай қилади.

Қозон шаҳрида бўлиб ўтган ташкилотнинг кенгайтирилган йиғилишида Россия президентига Владимир Путинга BRICS'нинг рамзий купюрасини кўрсатишган. Путин банкнотни кулиб қаршилаб, уни Россия Марказий банки раиси Набиуллинага берган. Кремл матбуот хизмати рамзий купюрани «квазипул» деб атаб, уни BRICS’га аъзо мамлакатлар олиб бораётган ҳамкорлик рамзи деб таърифлади. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, «квазипул»ни саммитнинг россиялик иштирокчиларидан бири тайёрлаган. Россия Марказий банки раиси Элвира Набиуллина BRICS'нинг рамзий пулига салбий муносабатда бўлган.

КХДР ҳарбийлари Курскда

Украина Бош разведка бошқармаси хабарига кўра, аввалроқ Россия полигонларида тайёргарликдан ўтган КХДРнинг дастлабки ҳарбий бўлинмалари Курск областига етиб келган. Ҳисоб-китобларга кўра, Шимолий Кореянинг 12 мингга яқин ҳарбий хизматчиси, жумладан, 500 офицер ва уч генерал Россияга жўнатилган.

Россия мудофаа вазири ўринбосари Юнусбек Евкуров уларни тайёрлаш ва мослаштириш учун масъул этиб тайинланди, деб ёзади Бош разведка бошқармаси.

НАТО ҳам КХДР ҳарбийлари Россияга юборилганини тасдиқлади.

«Иттифоқчилар Шимолий Корея қўшинларининг Россияга ўтказилишини тасдиқладилар. Агар бу қўшинлар Украинадаги уруш учун мўлжалланган бўлса, бу Шимолий Кореянинг Россия томонидан олиб борилаётган ноқонуний урушни қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ ҳолда вазиятнинг сезиларли даражада кескинлашганини англатади ва бу Россия фронтда катта йўқотишларга учраганининг яна бир далилидир», — деди НАТО матбуот котиби Фараҳ Даҳлаллаҳ.

Унинг таъкидлашича, НАТО аъзолари ушбу масала бўйича алянс доирасида фаол маслаҳатлашмоқда ва Жанубий Корея ҳукумати билан вазиятни муҳокама қилади.

Арманистон-Озарбойжон муносабатлари

Арманистон бош вазири Никол Пашинян BRICS саммитида Озарбойжон билан сулҳ шартномасига оид барча приципиал масалаларда келишувга эришилганини эълон қилди.

«Бугунги кунга келиб, шартнома лойиҳасининг маъқулланган қисми Арманистон Республикаси ва Озарбойжон Республикаси ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш ва тинчликнинг мустаҳкам пойдевори қўйилиши учун барча принципиал масалаларини шакллантиради, манзилини аниқлайди ва ечади. Биз Озарбойжонга бу шартномани имзолашни таклиф қиламиз”, — деган Пашинян.

Арманистон бош вазирининг баҳолашларига кўра, ҳужжат 80-90 фоизга келишилган. Унда ҳар икки томон ўзаро ҳудудий яхлитликни тан олиш, ҳудудларга даъводан воз кечиш, дипломатик алоқаларни ўрнатиш масалалари қайд этилган.

BRICS+ саммити чоғида бошқа етакчилар чиқиш қилганида Никол Пашинян ва Илҳом Алиевнинг бир-бири билан юзма-юз ўтириб, ниманигдир фаол муҳокамасида бўлгани тасвирлари тарқалди. Шунингдек, ҳар икки мамлакат етакчилари юзма-юз учрашган ва ўртадаги масалаларни муҳокама қилган.

Ўн кунча аввал Илҳом Алиев арман томонининг сулҳ шартномасининг келишилган қисмини имзолаш ва баҳсли масалаларни келгусига қолдириш таклифини танқид остига олган эди. Боку шартномага чегараларни делимитация қилиш, коммуникацияларни очиш, шунингдек, қўшимча талаблар — ЕХҲТнинг Минск гуруҳини тарқатиб юбориш ва Арманистон конституциясига ўзгартиришлар киритишни илгари сурмоқда.

Аввалроқ ҳар икки томон Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида 11-22 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган БМТнинг иқлим ўзгариши конференцияси чоғида сулҳ шартномасини имзолаш ниятида эканини маълум қилишган эди.

Бу ёғда томонлар сулҳ томон қадам босишаётган бир пайтда АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп «Қорабоғ» қартасини яна ўйинга отмоқда.

Трамп Ҳаррисни Қорабоғ масаласида ҳаракатсизликда айблаган, насронийларни ҳимоя қилишга ваъда берган ва Озарбойжон ҳудудига нисбатан «Арцах» терминини ишлатган.

«Агар Камала Ҳаррис АҚШ президенти бўлса, бутун дунёдаги насронийлар хавфсизликда бўла олишмайди», — деган Трамп.

Трамп агар сайланса «таъқиб остидаги насронийларни ҳимоя қилиш, зулм ва этник тозалашларга нуқта қўйиши»ни, шунингдек, «Арманистон ва Озарбойжон ўртасида тинчлик ўрнатиш»ни ваъда қилди.

Ҳаррис Трампни «фашист» деди

Пенсилвания штатидаги ҳозирча овоз беришга иккиланаётган сайловчилар билан учрашувда АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис собиқ президент Доналд Трампни «фашист» деб атади.

Шу ҳафта ичида Трампнинг сайловолди штаби собиқ раҳбари Жон Келли ҳам республикачилар номзоди «фашист умумий аниқлашмаси»га тўғри келишини таъкидлаган эди. Келлининг сўзларига кўра, республикачилар номзоди диктаторларга муҳаббатини ҳеч қачон яширмаган, шунингдек, Адолф Ҳитлернинг генералларига ҳавас қилганини бир неча бор такрорлаган.

Ҳаррис Трампнинг собиқ ҳаммаслагининг бу гапларини «Америка халқи учун шошилинч сигнал» деб атаган ва республикачилар номзодини яқиндан билган инсонларнинг огоҳлантиришларини жиддий қабул қилишга чорлаган.

Журналистлар Ҳаррисдан Трампни фашист деб ҳисоблайсизми, деб сўрашганда у: «Ҳа, мен шундай ҳисоблайман», деб жавоб берган. Кейинроқ Ҳаррис бу терминни яна такрорлаган ва сайловчилар диктаторларга ҳавас қилувчи ва фашист бўлган номзодни истамаслигини таъкидлаган. «Мен Доналд Трампни хавфли деб ҳисоблайман», — деган АҚШ вице-президенти.

Ҳаррис Трамп президентлик лавозимига лойиқ эмаслиги тўғрисидаги таъкидларини кучайтира бошлаган. У шунингдек, Трампнинг авторитарликка ружу қўйганидан ташвишда бўлган айрим республикачиларнинг қўлловига эга эканлигини қайд этган.

Бу орада собиқ президент Доналд Трамп ўзи манзилига демократлар томонидан янграётган танқидга жавобан Ҳаррис «ютқазаётганини ҳис қилмоқда», шунинг учун унга нисбатан ҳужумларни кучайтираётганини айтган. Гарчи у Ҳаррисни «Ҳитлер» деб атамаган бўлса ҳам, америкаликлар «соғлом дебатларни рағбатлантирувчи президентга лойиқ эканлиги»ни таъкидлаган.

АҚШдаги сайловларга 10 кун вақт қолди ва сўровномалар қизғин курашдан далолат бериб турибди.

Reuters/Ipsosʼнинг сўнгги сўровномаларига кўра, Ҳаррис Трампдан 3 фоиз олдинда бормоқда. The Economist нашрининг худди шундай сўровлари эса Доналд Трамп сайловчилар ҳайъатининг кичикроқ устунлиги билан ғалаба қозониши мумкинлигини кўрсатган.

Ҳозирча асосий курашлар на демократлар, на республикачиларнинг устунлиги яққол кўзга ташланаётган иккиланувчи штатларда бўлиб ўтмоқда. Америкада жорий сайловда 7 штат иккиланаётган саналмоқда. Булар — Аризона, Висконсин, Жоржия, Невада, Шимолий Каролина, Пенсилвания ва Мичиган. Улар умумий ҳисобда 93 та овозга эга.

Мавзуга оид