Жаҳон | 20:04 / 25.10.2024
4140
2 дақиқада ўқилади

Москвада мигрантлар учун «электрон паспорт» бериш бошланади

Электрон ҳужжат «барча маълумотларни» ўзида жамлайди: мигрантнинг Россия ҳудудига кирган санаси, биометрик маълумотлари, иш жойи ва рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлиги.

Фото: РБК

Москва ҳукумати 2025 йилда тажриба тариқасида мигрантларга хорижлик фуқаронинг электрон гувоҳномасини тарқатишни бошлайди. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин маълум қилди.

«Мигрантлар учун кейинги йилдан тажриба тариқасида федерал қонунга асосан электрон паспорт жорий этамиз», — дейди Собянин журналистлар билан учрашувда.

Унинг сўзларига кўра, электрон ҳужжат «барча маълумотларни» ўзида жамлайди: Россияга кирилган сана, биометрик маълумотлар, иш жойи ва рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлиги.

Собяниннинг қўшимча қилишича, полициячилар рейдлар давомида махсус қурилмалар ёрдамида мигрантларнинг гувоҳномаларини текширади. Агар ҳужжатда бирор камчилик бўлса, полициячилар чора кўришга мажбур бўлади. «Гаджетига ушбу ҳолатни қайд этиши билан, у қонунбузарни қўйиб юбора олмайди: қурилмада қизил ёнса, фуқаро қидирувда эканини, миграция режимини бузиганини англатади», — дейди Собянин.

Москва раҳбарининг қўшимча қилишича, 2025 йилда тажриба тариқасида Москва аэропортларида барча, жумладан, РФ ҳудудига киришда виза талаб этилмайдиган хорижликлар учун ҳам биометрик назорат жорий этилади.

Аввалроқ, ўндан ортиқ областлар, жумладан, Новосибирск, Самара, Тула, Магадан ва Челябинскда хорижлик фуқаролар меҳнатига тақиқ жорий қилинган эди. Бу чора-тадбирлар 22 март куни «Кросус Сити Холл» концерт залида Тожикистон фуқаролари айбланган терактдан кейин кучайтирилди.

Бундан ташқари, Россиянинг айрим ҳудудларида мигрантлар меҳнати тақиқланган соҳаларда уларни ишга олганлик учун катта миқдорда жарималар жорий қилинган. Юридик шахслар миллион рублгача, мансабдор шахслар 50 минг рублгача, мигрантни ёллаган жисмоний шахслар эса 4 минг рублгача жаримага тортилиши мумкин.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид