Украина учун йилнинг энг қийин ҳафтаси: фронтнинг еттита муҳим участкаси мудофаасида инқироз юзага келган
Донбассдаги бир неча муҳим шаҳар хавф остида қолган.
Россия бир йилдан буён фронт бўйлаб юришини тўхтатмаяпти. Аммо сўнгги ҳафта бу даврдаги Украина қуролли кучлари учун энг оғирларидан бири (агар энг оғири бўлмаса) бўлди. Россия қўшинлари бир вақтнинг ўзида бир неча амалиётнинг оралиқ мақсадларига эришди: Купянск жанубида Оскол дарёси соҳилига етиб келди ва Украина қуролли кучларининг мазкур ҳудуддаги гуруҳини иккига бўлиб қўйди; Часив Яр жанубий чеккасида Северский Донец — Донбасс каналини кечиб ўтди, бу мазкур қалъа-шаҳарга тезлик билан штурм қилиш учун керакли шароит ҳозирлаган бўлиши мумкин; украин мудофааси ёриб ўтилиб, Торецк шаҳри ғарбий чеккасига чиқилди; Украина қуролли кучлари Селидове ва Донецк оралиғидаги фронт чизиғини шарқ томонга суриб турган ҳудудни тарк этишга мажбур қилинди, украинлар бу ердан туриб Донбасс маркази ва Донецк — Покровск йўлини ўққа тутиб келаётганди; ҳудуддаги муҳим шаҳар Селидовени қуршаб олиш ва штурм жараёни деярли якунланди; Донбасс жанубидаги бошқа бир логистик марказ — Курахово шаҳри ҳудудига кирилди. Ниҳоят, Украина қуролли кучлари Россиянинг Курск областидаги ҳужумларига бардош беролмади — ва бир неча йўналишда Суджа томон чекинишга мажбур бўлмоқда.
Курск области
Россия қўшини октябр ойи ўрталаридаёқ Суджадан ғарбда жойлашган Новоивановка қишлоғи ва Зелений Шлях хуторига ёриб кирганди, бу эса Украина қуролли кучларининг Коренево районидаги гуруҳини қуршов хавфи остида қолдирганди.
Украина қўшини Коренево ва Олговка атрофидан Новоивановка томон ўтишга улгурди. Украина қуролли кучларининг РФ томонидан эгалланган Любимовкадаги ҳарбийлари Россия артиллерияси ва дронлари зарбалари остида пиёда чекинишга мажбур бўлган.
РФ қуролли кучлари юришини тўхтатиш учун, Украина қуролли кучлари қўмондонлиги Покровск атрофидан олиб келинган, Abrams танклари ва Bradley зирҳли машиналари билан жиҳозланган 47-механизациялашган бригадаси баталёнларини қарши ҳужум ўтказиш учун юборди. Шундай техникалардан иборат бир неча механизациялашган гуруҳлар Новоивановка ва Зелений Шляхга ҳужум уюштирди. Тармоқда тарқалган видеоларга кўра, сўнгги жанглардан кейин ҳам Зелений Шлях РФ қуролли кучлари назорати остида қолмоқда. Новоивановкадаги вазият охиригача аниқ эмас.
Россия қўшини Суджа томон қарама-қарши йўналишда ҳам — жануби-шарқдан юриш қилмоқда — бундан мақсад Украина қуролли кучлари гуруҳини Суми области билан чегарадан узиб қўйиш ҳисобланади. РФ қуролли кучлари Русская Конопелка ҳудудида ҳаракатланмоқда. РФ мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, улар Суджа жанубидаги Плехово қишлоғини ҳам эгаллаган (бу маълумотни тасдиқловчи визуал тасвирлар йўқ).
Купянск фронти
РФ қуролли кучлари бир неча ой давом этган «судралувчи» юришдан кейин бу амалиётнинг биринчи галдаги вазифасини ҳал қилиб, Оскол дарёсига етиб келди, ушбу дарё ёқалаб Украинанинг Купянскнинг шарқий соҳилидаги қисмидаги қўшинини Боровая посёлкаси билан боғловчи таъминот йўли ўтган.
Бу муҳим йўл ҳисобланади, чунки Россия авиацияси мунтазам равишда Оскол орқали ўтувчи кечув мосламаларини яксон этади — бу эса Украина қуролли кучларини таъминотни ва қўшимча кучлар етказиб беришни шарқий соҳил бўйлаб амалга оширишга мажбур қилади.
Энди РФ қуролли кучлари кейинги вазифани ҳал қилиш имкониятига эга: Купянскка уч йўналишда ҳужум қилиш ва дарё бўйлаб жанубга, Боровая томон ҳаракатланиш. Оскол дарёсини кечиб ўтишга ҳам уриниб кўриш мумкин.
Ҳозирча Россия қўшини Оскол соҳилидаги Колесниковка ва Кругляковка қишлоқларидаги плацдармни кенгайтириш билан машғул.
Часив Яр
РФ қуролли кучлари бир неча ой олдинроқ Часив Яр яқинидан ўтган Северский Донец — Донбасс каналини кечиб ўтганди. Аммо шаҳар чеккасидаги бинолар оралаб ҳаракатланиш ҳаддан ташқари секин бўлди: сўнгги ойларда Россия қўшини шаҳар шарқидаги фақат бир неча кўчани эгаллай олди.
20 октябрда РФ қуролли кучлари кутилмаганда канал орқали Часив Яр жанубига ўтиб, унинг жанубий чеккаларини эгаллади. Энди Украинанинг Часив Ярдаги гуруҳи таъминоти амалга ошириладиган, Торецк ва Константиновкага олиб бориладиган асосий йўллар хавф остида қолган.
Торецк
РФ қуролли кучлари анчадан буён Торецкдаги кварталларда украин захира кучларига қарши жанглар билан андармон бўлиб қолганди.
Аммо сўнгги кунларда Россия қўшини олдинга юра бошлади: улар Ню Йорк посёлкаси ва Нелеповка қишлоғи томондан шаҳар ғарбий чеккасига ёриб киришди. Украинанинг Торецкдаги мудофааси икки томон — жануб ва ғарбдан қилинажак ҳужумларга яна қанча вақт дош бериб туриши номаълум. Сентябрда Украина қуролли кучларининг Торецкдаги гуруҳи бошқа йўналишлардан олиб келиб ташланган бир неча бригада ва алоҳида баталёнлар билан кучайтирилганди. Украина ҚК қўмондонлигида бошқа захира қолмаган.
Селидове ва Курахово
РФ қуролли кучлари Горняк посёлкаси — Курахово сув омбори чизиғига етиб келган. Бу шарқда украин қўшини қолмаганини англатади. Бир йил олдинроқ Украина қуролли кучлари Горняк ва Донецкнинг шарқий чеккаси оралиғидаги «бўртиқ» ҳудудни тарк этгани гумон қилинаётганди; энди буни тасдиқланган факт деб ҳисоблаш мумкин.
Украина бу участкада чекингани шуни англатадики, РФ қуролли кучлари энди Донецк — Покровск йўлидан Селидове ҳудудигача хавфсиз фойдаланиши мумкин. Бу Покровскка юриш қилаётган гуруҳнинг таъминотини сезиларли даражада яхшилайди.
Россия қўшини нафақат Горнякни штурм қилмоқда, балки Украинанинг посёлкани мудофаа қилаётган гуруҳи ортига ва шимолдан унинг чеккаларига кирган. Бундан мақсад — нафақат Горнякни эгаллаш, балки Курахово сув омборининг ғарбий чеккасига етиб боришдир.
Шу билан бирга, Россия қўшини Максимиляновка қишлоғини эгаллаб, сув омборининг шарқий чеккасига чиққан ва ҳатто расмий равишда Курахово шаҳри чегарасида жойлашган посёлка ҳудудига кирган. Курахово — Украина қуролли кучларининг Донбасс жанубий қисмидаги асосий логистик маркази ҳисобланади. Унинг бой берилиши Велика Новосилкадан Селидовегача бўлган ҳудуднинг умумий мудофаасида инқироз келтириб чиқариши мумкин.
Россия қўшини амалда Покровскдан жанубдаги Селидове шаҳрини тўлиқ ўраб олган ва штурм бошлаган. 23 октябр куни кечқурунга келиб шаҳар марказида ҳам жанглар кетаётганди. У РФ қуролли кучлари томонидан эгалланганидан кейин Покровскни жанубдан ўраб олиш мақсадида амалиёт бошлаш мумкин. Бу Донбасс марказидаги муҳим шаҳарга «рўпарадан» — Украина қуролли кучларининг асосий мустаҳкамланган позициялари жойлашган шарқдан ҳужум қилмаслик учун керак.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024