Ўзбекистон | 21:48 / 26.10.2024
20040
15 дақиқада ўқилади

Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести

Абгор аҳволда бўлган йўлларимиздан бири ниҳоят қайтадан қурилди: Қўнғирот–Бейнеу автомагистрали ўзбек иқтисодиётини Европага яқинлаштиради. Ойлик маошлар ўсиши секинлашмоқда: таълим ва тиббиёт ҳалигача энг орқада. Яна бир халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни пасайди, ва бу бежизга эмас. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Ойлик маошларнинг ўсиш суръати секинлашишда давом этмоқда

9 ойлик якунларига кўра, республикада номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 5 млн 150 минг сўмга етган. Статистика агентлигининг маълум қилишича, бу – ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 16 фоизга кўп. Шу билан бирга, йилнинг бу даврида ойликларнинг ўсиши 2022 йилда 19 фоиз, 2023 йилда эса 25 фоиз бўлганди.

Бу йил қайд этилган 16 фоизлик ўсиш, асосан, хусусий сектор билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки январ–сентябр ойларида бюджет ташкилотларида маошлар ошиши кузатилмади. Ойликлар ўтган йил охирида, 1 декабрдан бошлаб 7 фоизга кўтарилган эди. Шундан келиб чиқилса, бюджет ташкилотларидаги маошлар ўсиши республикадаги ўртача кўрсаткичдан 2 баробар кам бўлган. Бу ўринда 9 ойлик расмий инфляция 10,5 фоиз бўлганини ҳам унутмаслик керак.

Маошлар бўйича ҳудудлар ўртасидаги фарқ ошишда давом этяпти. Тошкентда ҳисобланган ўртача ойлик 8,7 млн сўм, Қашқадарёда эса 3,6 млн сўмни ташкил этган. Ўртадаги фарқ бир йил ичида 7 фоизга ошиб, 2,4 баробарга етган. Умуман, республика бўйича ойлик кўрсаткич 5 млн 150 минг сўм чиқишида пойтахтнинг ўрни катта. Агар Тошкент шаҳрини инобатга олмаса, ҳудудлардаги ўртача маош 4 млн 250 минг сўм чиқади. Даромад солиғи ва бошқа ушланмаларни чиқариб ташлаганда, вилоятларда ўртача ойликлар 3 млн 700 минг ёки 290 доллар атрофида экани маълум бўлади.

Статистика агентлигининг бу ҳисоботидан келиб чиқадиган яна бир хулоса – ойликлар миқдори бўйича табақаланиш нафақат ҳудудлар кесимида, балки соҳалар кесимида ҳам ошишда давом этяпти. Маошлар энг юқори банк-молия ва суғурта соҳаларида ўртача ойлик 14,5 млн сўм, алоқа ва ахборот соҳасида 12,8 млн сўм, саноатда 6,3 млн сўмни ташкил этяпти. Энг кам ойликлар ҳамон соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида: тиббиётдаги ўртача ойликлар 3,3 млн сўм, таълимда эса 3,5 млн сўмга етган. Бу икки соҳадаги ўртача ойлик ва барча соҳалар бўйича ўртача ойлик даражасидаги фарқ яна ошган. Оддийроқ айтганда, устозлар ва тиббиёт ходимларининг ойлиги ошаётган бўлиши мумкин, лекин бошқа касб эгаларининг ойликлари уларникидан тезроқ ошяпти.

Эслатиб ўтамиз, 1 октябрдан бошлаб ўқитувчи ва шифокорларнинг маошлари 15 фоизга, бюджет ташкилотларида ишловчи бошқа ходимларнинг маошлари эса 10 фоизга кўтарилди.

Ўзбекистон BRICSда ҳамкор-мамлакат мақомини олади

Бу ҳақда бирлашманинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган BRICS+ форматидаги саммитидан кейин рус матбуоти хабар берди. Турли манбаларга кўра, BRICS бирлашмасида янги таъсис этилган ҳамкор-мамлакат мақоми 13 та давлат, хусусан Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия ва Беларусга берилиши мумкин.

Расмий Тошкент бу маълумотни ҳозирча тасдиқламади, шу билан бирга, рад этгани ҳам йўқ. Президент Шавкат Мирзиёев Қозондаги саммитда сўзлаган нутқида BRICSга таъриф бериб, уни “тенг ҳуқуқлилик, блоклардан холилик, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш ва суверенитетга ҳурмат тамойиллари асосида ҳаракат қилаётган” бирлашма деб атади. Ўзбекистон раҳбарининг фикрича, ўзаро алоқаларнинг бундай модели, БМТнинг марказий ролини сақлаган ҳолда, жаҳон тартиботининг бугунгидан кўра адолатлироқ янги архитектурасини шакллантириш учун асос бўла олади.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ғазо ва Ливанда бўлаётган бемисл фожиаларни қоралади. “Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди”, деди президент. Давлат раҳбари ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақириб, Фаластин муаммосининг фақат битта ечими борлигини таъкидлади: можаро “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида, тинч йўл билан ҳал қилиниши керак.

“Тил масаласида узоқни ўйлаб иш тутиш керак” — президент

Бугунги кунда дунёда 7 мингдан ортиқ тил мавжуд бўлса, улардан фақат 200 га яқини давлат тили мақомига эга. Ўзбек тилимиз расман ана шундай элита тиллар қаторига қўшилганига 21 октябр куни 35 йил тўлди. Бу кун Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонланади, байрам тадбирларида миллий тилимиз улуғланади, кенг жамоатчилик тилимиз ривожи йўлидаги муаммоларни ёдга олади.

Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан йўллаган табригида давлат тили ривожи учун қилинаётган ва қилиниши керак бўлган ишларни санаб ўтди, давлат тили миллати ва тилидан қатъи назар барча фуқароларни битта халқ бўлиб бирлаштиришга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. “Ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан бўлган тил масаласида ортиқча эҳтирос ва ҳиссиётларга берилмасдан, узоқни ўйлаб, вазминлик билан иш тутиш кераклигини ҳаммамиз яхши англаймиз”, деди президент.

Ўзбек тилида сўзлашувчиларни байрам билан дипломатик корпус вакиллари ҳам қутлади. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник ўзбек тилида табрик йўллаб, тилимизни қанчалик ўрганиб олганини бозорлик қилиш орқали кўрсатиб берди. Элчихона тарқатган видеода у сабзи харид қилаётиб, “нега қиммат, доллар ошдими, ками борми” дея савдолашганини кўриш мумкин.

Алламжоновга суиқасд

Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд уюштирилди. Kun.uz манбасига кўра, воқеа 26 октябрга ўтар кечаси тунги соат 1:30 лар атрофида Алламжоновнинг Қибрай туманидаги уйи яқинида содир бўлган. Икки номаълум шахс у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узиб, ҳодиса жойидан яширинган, Алламжонов ва ҳайдовчига зарар етмаган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, фуқаро С.С. бошқарувидаги Range Rover автомобили Қибрай тумани Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган вақтда икки номаълум шахс томонидан ҳужумга учраган. Улар машинага бир неча марта ўқ узиб, воқеа жойидан яширинган. Воқеада ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахсларни аниқлаш ва ушлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Комил Алламжонов бундан бир ой олдин Президент администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимидан озод этилган, у фаолиятини хусусий секторда давом эттиришини маълум қилганди.

2016 йилдан бери илк марта Ўзбекистоннинг қонун устуворлиги рейтингидаги ўрни пасайди

Ҳали иситиш мавсуми бошланмаган бўлса-да, Тошкент яна дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари рейтингида тез-тез юқори ўринларни эгалламоқда. Масалан, сешанба куни тонгда пойтахтимиз глобал антирейтингда 6-ўринга кўтарилган бўлса, оқшомга яқин 3-ўринга ҳам чиқиб олди. Бу вақтда шаҳардаги PM2,5 зарралари миқдори 1 куб метр ҳаво таркибида 70 микрограммдан ошган. Мутахассислар бундай вақтда очиқ ҳавода камроқ бўлиш, ниқоб тақиш ва деразаларни ёпишни тавсия қилади.

Шу куни Бош прокуратура қатор идоралар билан биргаликда Тошкент вилояти ва пойтахт ҳавосини ифлослантираётган саноат корхоналари устидан текширув бошлади. Маълум бўлишича, атроф-муҳитга салбий таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи саноат корхоналарида замонавий филтрлар ўрнатиш пайсалга солиняпти. Бу борада 2024 йил учун белгиланган вазифалар Тошкент вилоятидаги 27 та корхонадан 19 тасида, Тошкент шаҳрида эса 31 та корхонадан атиги 8 тасида бажарилган. Аниқланган шу ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари алоҳида назоратга олиниб, “кескин ва муросасиз” чоралар кўрилиши ваъда қилинди.

Бош прокуратура баёнотида мораторийга қарамай дарахтлар ноқонуний кесилаётгани, шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмай туриб жадал қурилиш ишлари кетаётгани ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган. Kun.uz бундай ҳолатлардан яна бири Фарғона шаҳрида рўй берганидан хабар топди. Мухбиримиз суриштирувига кўра, шаҳар марказидаги Сайилгоҳ ва ал-Фарғоний кўчалари туташган жойда 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши бошланишидан олдин бу ердаги 25 йиллик дарахтлар бошқа жойга кўчирилган, лекин кейинроқ улар қуриб қолган.

Яна бир ҳолатда дарахткушликнинг бошида бевосита экология соҳаси амалдори тургани эътиборли. Маълум бўлишича, Жиззах вилояти Дўстлик тумани Экология инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган Фазлиддин Абдусаматов қидирилмоқда. Айбловга кўра, у тумандаги Наврўз маҳалласида, йўл бўйида экилган 14 туп қимматбаҳо шумтол (ясин) дарахтини қуриб қолган деган важ билан кесиб ташлаган. Лекин, ўтказилган суд-биологик эспертизаси билан, бу 14 туп шумтолнинг 3 тупи аслида қуримаган бўлгани аниқланган. Шундан кейин табиатга етказилган зарар 228 млн сўмга баҳоланиб, собиқ амалдор қидирувга берилган.

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида рўй берган бошқа бир ҳолатда эса, 1 туп тутни кесган фуқаро 75 млн сўм жарима тўлайдиган бўлди. У Хўжаюз маҳалласидаги битта соғлом тут дарахтини кесиб, табиатга 71 млн сўмлик зиён етказган. Маъмурий жаримани ҳам қўшганда, ҳуқуқбузар тўлайдиган сумма 75 млн сўмга етган.

Тойлоқда оддий фуқаро, Жиззахда эса туман даражасидаги амалдорнинг дарахткушлик учун жазога тортилаётгани фонида, яна бир ҳолат эътиборни тортади. Гап шундаки, Тошкентнинг қоқ марказида рўй берган, казо-казоларга бориб тақалиши айтиладиган қурилишга алоқадор жиноят иши қумга томган томчидек мавҳумлик ичига сингиб кетди. Эсингизда бўлса, шу йил май ойида собиқ МХХ биноси ўрнида меҳмонхона қурилиши доирасида, 53 туп қимматбаҳо кўп йиллик дарахтлар ноқонуний равишда кўчириб кетилган эди. Kun.uz ўша жиноят ишининг тақдири нима бўлди, айбдорларга чора кўрилдими деган саволлар билан ўтган ҳафта Бош прокуратурага мурожаат қилганди, лекин маҳкама қайта-қайта йўллаган саволларимизни жавобсиз қолдирди. Бунақанги сукут “дело” ими-жимида ёпиб юборилган бўлиши мумкин деган тахминларни ўртага чиқармоқда.

Ана шундай воқеалар фонида, Ўзбекистоннинг қонун устуворлиги рейтингидаги ўрни 2016 йилдан бери биринчи марта пасайгани ажабланарли эмас. World Justice Project халқаро ташкилоти шу ҳафта эълон қилган янги рейтингда, Ўзбекистон қонун устуворлиги бўйича 142 та давлат орасида 83-ўринда кўрсатилган. Бу – ўтган йилга нисбатан 5 поғонага пастлашни англатади.

Қайта қурилган Қўнғирот–Бейнеу йўли очилди

Ўзбекистонда энг абгор аҳволда бўлган йўллардан бири ниҳоят рисоладагидек таъмирланди. Гап Қорақалпоғистондаги Қўнғирот–Бейнеу автомобил йўли ҳақида кетяпти. Бу йўлнинг 240 километрлик қисми, халқаро ташкилотлар кўмаги билан, 323 млн доллар эвазига қайтадан қурилди. 3 йил давом этган қурилиш ишларидан кейин, Қўнғирот–Бейнеу йўли 25 октябр куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги тантанали тадбирда очиб берилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, энди мамлакатимиз ҳудудларидан халқаро ташувлар масофаси минг километргача, транспорт харажатлари эса 25 фоизгача камаяди. Бу йўл Ўзбекистонни Каспий ва Қора денгиз портлари орқали Европа билан боғлайдиган логистика тармоғига айланади. Бундан ташқари, “А-380” халқаро йўлагининг Ўзбекистондан ўтган қисмида кунлик транспорт қатнови 3 карра ошиши кутилмоқда, деди Шавкат Мирзиёев.

Тадбир доирасида Тошкент халқаро аэропорти қаршисидаги йўл ўтказгич ҳам тўлиқ ишга ишга туширилди. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда охирги 8 йилда 2 минг километр йўл қайтадан қурилган, 100 минг километри таъмирланган. Келаси йил яна минг километр йўл қурилиши режалаштирилмоқда.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Уч ой давом этган сайловолди тарғибот кампанияси якунланди. 27 октябр куни маҳаллий кенгашлар ва парламент депутатлиги учун сайловлар бўлиб ўтади. Қонунчилик палатаси депутатлари бу гал аралаш мажоритар-пропорционал тизимда сайланади, яъни 75 депутат тўғридан тўғри сайловчилар берган овозлар орқали, яна 75 нафари партияларга берилган овозлар асосида, партиявий рўйхатлар бўйича парламентга киради. Марказий сайлов комиссияси 1 миллиондан ортиқ ватандош муддатидан олдин овоз берганини қайд этган.

Президент Тошкентдаги дренаж тизими борасида қатъий эътироз билдирди. “Куни кеча бўлган кучли ёмғир ҳақиқий аҳволни кўрсатди”, деди Шавкат Мирзиёев душанба кунги йиғилишда. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, дренажни тўғрилашнинг ўзи етарли эмас: сувни ҳавзаларда тўплаш тизимини ташкил қилиб, дарахтларни суғоришга ишлатиш керак. Шаҳар ҳокимлигига йил охиригача мастер-режа қилиб, дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми камайишда давом этяпти. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 9 ойлик якунлари бўйича газ қазиб олиш салкам 5 фоизга, нефт қазиб олиш эса 7 фоизга қисқарган. Ички қазиб олиш муттасил камаяётганига қарамай, хорижга газ сотиш ҳажми ошаётгани эътиборли. Хусусан, ҳисобот даврида газ экспорти қиймати 16,5 фоизга кўпайиб, 480 млн долларга етган. Шу билан бирга, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 4 фоизга ошган, дизел ва бензин ишлаб чиқариш кўрсаткичлари деярли ўзгаришсиз қолган.

Коллежлар ва касб-ҳунар мактаблари тизими тугатиладиган бўлди. Президент қарорига асосан, эндиликда касбий таълим тизими фақат техникумлардан иборат бўлади. Бу тизимдаги 672 та таълим муассасаси негизида 600 та техникум ташкил этилиб, 71 та муассаса умумтаълим мактабларига айлантирилади. Техникумларни аъло баҳоларга битирган ёшлар ўқишини бакалавриатнинг юқори курсларида давом эттириши мумкин бўлади. Касбий таълимда халқаро стандартлар жорий этилиши, техникумларга қисман академик ва молиявий мустақиллик берилиши кўзда тутилмоқда.

Импорт қилинган автомобилларни техник синовлардан ўтказиш ишлари Пискент туманидаги полигонга кўчирилади. “1 ноябрдан бошлаб инсонлар ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида автотранспорт воситаларининг синовини божхона ҳудудида эмас, балки синов базаси, яъни Пискент полигонига олиб бориб, ўша ерда ўтказамиз”, дея маълум қилди Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари Одилжон Тоҳиров. Ижтимоий тармоқларда бу янгилик автомобил импортини қийинлаштириши мумкинлиги ҳақида ёзишмоқда.

Мавзуга оид