Жаҳон | 22:10 / 26.10.2024
5586
2 дақиқада ўқилади

Исландияда тўрт кунлик иш ҳафтаси жорий этилди

Айни пайтда Исландия ишчиларининг 59 фоизи иш вақти қисқартирилган ёки тўрт кунлик ҳафтага ўтган. Унинг самарали экани синовларда аниқланган.

Фото: AFP/Getty Images

Исландия тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий қилганидан бери таъсирчан иқтисодий ўсишни кузатди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Янги тадқиқотга кўра, Исландия ялпи ички маҳсулоти 2023 йилда 5 фоизга ўсган, бу ривожланган иқтисодиёт учун жуда юқори. Бой Европа мамлакатлари орасида фақат Малта бундан юқори кўрсаткичга эга эди. Таққослаш учун, 2006-2015 йиллар давомида Исландиянинг ўртача иқтисодий ўсиш суръати йилига атиги 2 фоизни ташкил этди.

Таҳлилчилар мамлакат иқтисодий муваффақиятини айнан иш ҳафтасининг қисқариши билан боғламоқда. Шундай қилиб, 2015 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда мамлакатда бир қанча йирик тажрибалар ўтказилди, бунда бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳафтаси маош камайтирмасдан, 40 соат ўрнига 35-36 соатга қисқартирилди. Тажрибада 2500 киши иштирок этди - Исландиянинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 1 фоизидан ортиғи.

Тадқиқотчилар кўпчилик иш жойларида меҳнат унумдорлиги ўзгармаган ёки яхшиланганини, ишчиларнинг фаровонлиги эса бир қатор кўрсаткичлар бўйича «сезиларли даражада» ошганини аниқлади.

Кейинчалик Исландия касаба уюшмалари бутун мамлакат бўйлаб ўн минглаб аъзолари учун иш вақтини қисқартиришга келишиб олди. 2022 йилга келиб, мамлакатдаги ишчиларнинг 51 фоизи қисқартирилган иш вақти ёки тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтди. Бугунги кунда исландияликларнинг 59 фоизи ушбу форматда ишлайди.

Гарчи иқтисодчилар 2024 йил охирига бориб иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашишини башорат қилса-да, таҳлилчилар яна бир муҳим кўрсаткичга – мамлакатдаги ишсизлик даражасининг пастлигига эътибор беришади. Бу «иқтисодиётнинг кучли эканини кўрсатмоқда», деди улар.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид