Навалнийнинг китоби ҳақида унинг жамоаси сиёсатчи қамоқда вафот этганидан кўп ўтмай эълон қилди.

“Мен уни унутмасликларини, бутун дунё бўйлаб одамлар — ҳатто уни аввалдан билганлар ҳам у ҳақида кўпроқ маълумот олишини хоҳлайман”, — деди Юлия Навалная BBC’га берган интервюсида. “Унинг болалик даври, қандай қилиб сиёсатчи ва Россия сиёсий мухолифати етакчисига айланиб қолгани, кўплаб одамлар унинг тарафдорига айланиб, қарашларини қўллаб-қувватлай бошлагани ҳақида билишларини, унинг овози ҳатто вафотидан кейин ҳам баланд жаранглаб туришини истайман”.

Навалний китоб ёзишга қачон қарор қилган?

Алексей Навалний китобининг автобиографик қисми устида 2020 йил кузида Германияда ишлай бошлаган. Ўша пайтда у ҳаётини хавф остида қолдирган “Новичок” билан заҳарланганидан сўнг соғлиғини тиклаётганди.

Томскдан Москвага кетаётган самолётда Навалний ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушидан кетади. У бир неча ҳафтадан кейингина ўзига келади.

Ўлиш унчалик оғриқли эмас. Китобнинг биринчи жумласи ҳозир даҳшатли башоратдек туюлади”, — деб ёзди New York Times шарҳловчиси китоб ҳақидаги тақризида.

Аммо фақат бошланиши эмас, балки бутун китоб башорат бўлиб чиқди. Китоб ёзиш ташаббуси Навалнийнинг ўзидан чиққан.

Умуман олганда, китоб менга жуда керак. Биринчидан, уни ёзишни жуда хоҳлайман, буларнинг барчасини ўзим бошладим ва айтадиган гапларим бор”, — дейди у. Ушбу парчани “Медиазона” нашр этди, уни сиёсатчи Россияда қамоқда ўтирганида ёзган.

Иккинчидан, унинг адабий агентлари “жуда мулойим ва хушмуомала тарзда” бўлса-да, буни тез-тез эслатиб туришини Навалний қувноқ оҳангда ёзган.

Аммо китоб устида ишлашга ундаган бошқа икки сабаб унинг ўзига ҳам “драматик” туюлган. У қамоқхонада ўлдирилиши мумкинлиги ҳақида биринчи бор очиқ-ойдин гапирган: “Агар мени бу ерда барибир йўқ қилиб юборишса, бу мен ҳақимдаги хотира бўлиб қолади”.

Навалний агар уни ўлдиришса, оиласи ҳеч бўлмаганда китоб муаллифига тўланадиган гонорар ва уни сотишдан келадиган фоизларни олади, деб ўйларди.

Менимча, улар бўлиши керак. Агар кимёвий қурол билан қилинган сирли суиқасд, сўнг қамоқхонадаги фожиали ўлим китобларни сотишга сабаб бўлмаса, унда қандай китоблар сотилишини билмадим